Мақолалар

ТЎҚҚИЗИНЧИ ВАСИЯТ

Чоп этилди Aprel 28, 2019 ТЎҚҚИЗИНЧИ ВАСИЯТda fikr bildirishni o'chirish

قال النبي صلى الله عليه و سلم: أَوْصاَنى اللهُ بِتِسْعٍ أُوصِيكم بها: أَوصانى بالإخلاصِ فى السرِّ و العَلانيَةِ، و العَدْلِ فى الرِضا و الغَضَبِ، و القصد فى الفَقْر والغِنى و أعفو عمن ظلمنى و أن أعطى من حرمنى و أصل من قطعَنى و أن يكون صمتِى فكرًا و نُطْقِى ذكرًا و نَظَرِى عِبْراًً

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Менга Аллоҳ таоло тўққиз нарсани буюрди. Мен сизларга шуларни васият қиламан: Раббим менга: “Яширин ва ошкора ҳолда ҳам ихлос қилишимни, рози бўлган ва ғазабланган пайтда ҳам адолатли бўлишимни, йўқликда ҳам, тўқликда ҳам тежамкор, ўрта­ҳол бўлишимни, зулм қилган кишини ҳам кечиришимни, менга ман қилган кишига ҳам очиққўл бўлишимни, мен билан алоқани узган киши билан боғланишимни, жим турсам, тафаккурли, гапирсам, зикру маъноли сўзлашимни ва ибрат учун боқишимни амр этди”».

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу муборак ҳадислари ҳам олдингилари каби яхшиликларни жамлаган, охиратимиз учун захира бўладиган кўрсатмалардан иборат.

Жанобимиз Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг ушбу васиятларида ихлос ҳақида сўз боради, ёлғиз ҳолда ҳам, одамлар орасида ҳам Аллоҳ таолодан қўрқиш ва амалларни фақат­ги­на Унинг учун бажариш кераклиги ай­тилади. Ундан сўнг халқ тинчлиги ва фаровонлиги омилларидан бири – адолатни ҳар қандай вазиятда ҳам қарор топтириш кераклиги уқтири­ла­ди. Сўнгра бой­лик берилганида уни исроф қилмай, камбағаллик етганида ўта хасис ва бахил бўлмай, тежамкор ва мўътадил бўлишга чақирилади. Кишилар ўртасида адоват уйғотиши мумкин бўлган нарсаларнинг олдини олиш учун насиҳат қилинади. Яъни, кимдир зулм ёки бирор ёмонлик қилса ҳам, ундан узоқ вақт гина, араз қилиб юрмай, узрини қабул қилиш, уни кечириш тавсия этилади. Ҳожатинг тушганида сизга бермаган кишига ҳам қўлида бор нарсани бериш, қариндошлик, оғайнилик алоқаларини узиб, гаплашмай қўйган инсонлар билан ҳам саломлашиб, ҳолидан хабар олиш буюрилади. Насиҳатлари сўнгида сукут сақлаб, жим турганида ҳам фикр юритиш, гапирганида Аллоҳ таолони зикр этиш, ҳар бир нарсага назар ташлаганда, ундан ибрат ва ҳикмат қидиришга чорлайдилар.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВНИНГ
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари”
китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 30000 сўм