Мақолалар

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га биринчи ваҳий келиши

Чоп этилди Aprel 28, 2019 Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га биринчи ваҳий келишиda fikr bildirishni o'chirish

Пайғамбарларга фақат илоҳий ваҳий келса “набий”, илоҳий ваҳий билан бирга алоҳида шариат юборилган бўлса “расул” дейилишини юқорида ҳам зикр қилиб ўтдик. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қирқ ёшларида набийлик, кейинроқ эса расуллик келди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қирқ ёшга тўлганларида Маккадаги (Маккадан беш чақирим узоқдаги) Ҳиро ғорида ибодатга берилдилар. Катта боболари Иброҳим (алайҳиссалом )қилгани каби ибодат қилардилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) 610 йили Рамазони шариф ойида душанба куни одатдагидек Ҳиро ғорида ибодат қи­лаётган пайтларида Аллоҳ таоло Жаброил (алайҳиссалом) ор­қа­ли пайғамбарлик башоратини юборди. Жаброил (алайҳисса­лом) ке­либ: “Эй Муҳаммад, мен Жаброилман, сен эса Аллоҳнинг элчи­си­сан”, деди. Кейин Аллоҳнинг ҳузуридан олиб келган беш оятни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ўқиб берди. Ун­да Аллоҳ бундай хитоб қилган:

(Эй Муҳаммад)! Бутун борлиқни) яратган Зот бўлмиш Раббингиз исми билан ўқинг! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз карамлидир. У (инсонга) қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди, У инсонга билмаган нарсаларини билдирди (Алақ, 1–5).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввало, бу ҳодисадан, яъни у кишига Аллоҳдан ваҳий олиб келган Жаброил (алайҳиссалом) салобатидан қўрқиб дағ-дағ титрадилар ва Маккага – Хадича онамиз ёнларига шу ҳолда келиб: “Мени ўранглар, мени ўранглар!” дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал­ламнинг қўрқувлари босилгандан сўнг Хадичага: “Эй Хадича, менга нима бўляпти? Менга бир нарса бўлиб қолмасайди, деб ўзимдан қўрқдим”, деб бўлиб ўтган воқеани сўзлаб бердилар. Хадича Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга тасалли бериб, амакисининг ўғли Варақа ибн Навфал ҳузурига олиб борди. Варақа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бўлган воқеа тафсилотини сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳамма кўрган нарсаларини батафсил айтиб бердилар. Шунда Варақа: “Бу Номус яъни Жаброил бўлиб, Мусога ҳам ваҳий билан туширилган фариштадир. Кошкийди, қавминг сени (Маккадан ҳайдаб чиқарган пайтда ҳаёт бўлсам, сенга ёрдам берардим!” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ажабланиб: “Қавмим мени ҳайдаб чиқарадими?” деб сўрадилар. Варақа: “Ҳа, шундай бўлади. Олдин ҳам ким сиз келтирган нарса ,пайғамбарлик би­лан келган бўлса, қийинчиликларга учраган. Агар сизнинг кунларингизда мен тирик бўлсам, сизга катта ёрдам берган бўлур эдим!” деди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга биринчи нозил бўлган ваҳий Қуръони каримнинг Алақ сурасидан 18 калима эди. Бу калималарнинг маъноси инсониятни илмга – ҳамма нарсани билишга чақирув эди.

Мана, Аллоҳ таоло нимага чақиряпти:

“Ўқи! Ҳамма нарсани ўқи! Аллоҳнинг китобини ўқи! Аллоҳнинг оятларини ўқи! Табиат китобини ўқи! Башарнинг бутун тарихини ўқи! Илмнинг ҳар саҳифасини ўқи! Ҳар бир ҳақиқатни ўқи! Ҳидоятга эришмоқ учун ўқи! Залолатдан қутулмоқ учун ўқи! Имонингни мукаммаллаштириш учун ўқи! Ва бунинг учун Аллоҳ номи билан ўқи! Яратган Раббинг номи билан ўқи! Ўрганмоқ учун ўқи! Қудрат қалами бу оламга туширган ҳар сатрни ўқи! Инсонга билмаганини ўргатган Аллоҳ номи билан ўқи!”

Исломий ҳидоятнинг бутун инсониятга қарата айтган бирин­чи хитоби ана шундай эди. Лекин исломият бутун башариятни илм­га чақиришда барча ҳидоят ва раҳматнинг манбаи бўлмиш “Аллоҳ номи билан ўқи!” дейишни ҳам унутмайди. Ислом бутун ўрганилган илмнинг ҳидоят ва раҳматга маёқ бўлишини, унинг разолат ва бузғунчиликка ҳаммол бўлмаслигини истайди.

Илоҳий ваҳийнинг ҳақиқатини пайғамбарлардан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳадис олимларидан Аҳмад Наим бундай деган эди:

“Ваҳийнинг моҳияти пайғамбарлардан бошқасига маълум эмас. Бошқа бировнинг ваҳийни тушунтиришга уриниши кўрнинг ранглар тўғрисида гапириб беришига ўхшайди. Фақат нузул (ваҳий тушаётган) пайтда у ерда бўлганлар кўрган баъзи аломатларни айтиб ўтса бўлади.

Ваҳийнинг етти мартабаси бор:

Биринчи. Содиқ (рост) туш. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қилишича, ваҳий келишига яқин Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай туш кўрмасинлар ҳаётда очиқ-ойдин рўёбга чиқарди.

Иккинчи. Аллоҳнинг ваҳийси фариштанинг воситасисиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларига жо бўлиши.

Учинчи. Фариштанинг инсон қиёфасига кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамманинг кўзи олдида ваҳийни талқин этиши. Ривоят қилишларича, Жаброил алайҳиссалом) кўпинча саҳобаларнинг энг хушсурати бўлган Диҳятул Калбийнинг қиёфасида кўринар экан.

Имом Бухорий ва Имом Муслим саҳиҳларида Жаброил (алайҳиссалом)нинг бир нотаниш аъробий суратида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бошқа саҳобаларга кўриниб, имон, Ислом ва эҳсон ҳақида таълим бериб кетгани нақл қилинган.

Тўртинчи. Ваҳий қўнғироқ овози каби келиб, Жаброил алайҳиссаломнинг Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳийни хитоб қилишидир. Баъзиларнинг фикрича, бу овоз Жаброил алайҳиссалом қанотлари овози бўлиши ҳам мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келишининг энг қийини ҳам шундай овоз билан келиши эди. Ваҳий ниҳоятда оғир экани ёнларидаги кишиларга ҳам сезиларди. Масалан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга Арафотда Моида сурасининг баъзи оятлари нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туялари устида эдилар. Оғирликни туя кўтаролмай чўкиб қолган. Яна бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оёқларига ваҳий котиби Зайд ибн Собитнинг оёғи тегиб турганида, ваҳий келиб қолади. Шунда Зайднинг сони ёрилиб кетар даражага етган экан.

Бешинчи. Жаброил алайҳиссаломнинг ўз қиёфасида кўриниши. Икки марта шундай кўринган. Биринчи марта Ҳиро ғорида, иккинчи марта эса Меърож кечаси Сидратул мунтаҳода рўй берган.

Олтинчи. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам меърожда эканларида Аллоҳ у зотга беш вақт намоз фарзлигини воситасиз билдирган.

Еттинчи. Юзма-юз пардасиз гаплашиш. Меърож кечасида Аллоҳ таоло Ўз Ҳабибига Жамол рўъятини насиб этган, дейилади. Аммо бу сўз кўпчилик Ислом уламолари томонидан инкор этилган.

Қуръони каримда “роҳматан лил ъаламин” деб таърифланган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “хотамул анбиё” эдилар. Вазифалари ўта муҳим ва мушкул эди, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вазифалари фақатгина Араб яриморолини эмас, балки бутун инсониятни жаҳолатдан қутқариб, саодатга эриштиришдан иборат эди. Шу сабабли ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўта ҳассослик ва эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишлари керак эди. Шунинг учун ҳам Маккадаги даъватнинг дастлабки уч йили жуда махфий равишда қилинган бўлиб, фақат яқин ва ишончли одамларгина Аллоҳнинг ваҳдониятига, бут ва санамлардан юз ўгиришга чақирилди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни қандай ва кимни даъват қилиш масаласи қийнарди. Энг аввал, кўнгилларини ўз яқинларига оча бошладилар.

Аллоҳ таоло Муддассир сурасини нозил қилиб:

Эй (либосларига) бурканиб олган киши (Муҳаммад)! Турингда, (инсонларни охират тўғрисида) огоҳлантиринг, Раббингизни улуғланг, либосларингизни покланг, бутлардан йироқ бўлинг, (бераётган нарсангизни) кўп санаган ҳолингизда эҳсон қилманг, Раббингиз учунгина сабр қилинг!” (Муддассир, 1–7) деганда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дарҳол ўринларидан туриб кетдилар. Хадича онамизнинг: “Нега турди­гиз, дам олмадингиз?” деган саволига: “Энди дам олиш ва истироҳатнинг вақти ўтди!” деб жавоб бердилар. У зотнинг “Мен бу ҳақиқатни кимга айтаман? Мени ким тасдиқларкан?” деган андишаларига Хадича онамиз: “Эй Аллоҳнинг элчиси! Сизнинг гапларингизни мен қабул қилиб, тасдиқлайман. Энг аввало, Аллоҳ йўлига мени даъват этинг!” деди.

Бу сўзлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан андишани кетказиб, у зотни маънавий қувонч эгаллаб олди. Пайғамбарими соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даъватини Исломда биринчи бўлиб қабул қилган, биринчи бўлиб мусулмон бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан биринчи намоз ўқиган Хадича онамиз розияллоҳу анҳо бўлди.

Хадичадан кейин қадрдон дўстлари Абу Бакр (розияллоҳу анҳу), амакиваччалари Али ибн Абу Толиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) озод қилган ва тутинган ўғиллари Зайд Ислом динини қабул қилди. Кейинчалик Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг йўл-йўриқлари билан яна беш киши мусулмон бўлди.

Шундай қилиб, Хадича розияллоҳу анҳо)дан кейин Исломни қабул қилган саккиз киши: Абу Бакр, Али ибн Абу Толиб, Зайд ибн Ҳориса, Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом, Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Талҳа ибн Убайдуллоҳ (розияллоҳу анҳум) бўлиб, улар “Ассабиқуна фил Ислам”  (биринчи мусулмонлар ) деган фахрий ном билан тилга олинади.

Даъватнинг дастлабки уч йили махфий равишда ўтгандан сўнг, Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга:

Бас, ўзингизга буюрилган ишни (яъни ҳақ динга даъват­ни) ошкора қилинг ва мушриклардан (ҳозирча) юз ўгиринг!” (Ҳижр, 94) деб амр қилди. Шу кундан бошлаб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг даъватлари очиқ тус олди. Намозларда ҳам Қуръони каримни баланд овоз билан ўқир эдилар. Қаерда йиғилган жамоатни кўрсалар, ўша ерга бориб: “Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ юборган элчиман. У шундай Зотки, самовот ва Ер Унинг мулкидир. Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ! Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир!” деб имонга ва нажотга чақирар эдилар.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга яна ваҳий нозил қилиб, унда:“Қариндошларингиз ва қабиладошларингизни Аллоҳ азобидан қутқаринг!” деб буюрди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларига қўйилган бу масъулиятни ҳис қилиб, Маккадаги қариндошлари ва қабиладошларини Сафо тепалигига йиғдилар ва уларга:

“Эй азизларим! Сизга, шу тоғнинг орқасидан душман отлиқлари бостириб келяпти, десам менга ишонасизларми?” дедилар. Ҳамма: “Ҳа, сўзингга ишонамиз. Чунки сен ёлғон гапирмайсан. Дунёда ёлғон гапирмайдиган биргина инсонсан”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менга ишонар экансизлар, у ҳолда сизларни Аллоҳни бир дейишга, Унга ибодат қилишга даъват этаман. Сизлар келаётган қиёмат кунининг даҳшатидан қўрқинглар!” деб, мушрикларни астойдил Исломга даъват қила бошладилар. Ҳозиргина, биз сизни энг ростгўй одам деб биламиз, деган кишилар гапларидан тониб, ғала-ғовур кўтарди. Пайға­баримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Абу Лаҳаб ғазаб билан ўрнидан туриб: “Эй қуриб кетгур! Бизни бу ерга шунинг учун чақирганмидинг ҳали?!” деб бақириб, у кишининг дилларига озор берди.

Шу аснода ҳам мушрикларга, ҳам бутпарастларга қарши нозил бўлган ояти карима қурайшликларнинг тоқатини тоқ қилган эди.

Бу оятда:

(Эй мушриклар!) Сизлар ва Аллоҳни қўйиб сиғинаётган (бут)ларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир. Сизлар унга тушувчидирсиз! (Анбиё, 98) деб марҳамат қилинган эди.

Қурайшликлар ғазабга тўлиб, мусулмонларга қарши қўзғала бошлади. Қабила бошлиқлари учун ҳар бир қабиланинг алоҳида бутларга сиғинишида алоҳида манфаатлар бор эди. Мусулмонликнинг ёйилиши ва одамлар бутлардан юз ўгириши қабила бошлиқлари манфаатларига зиён етказар эди. Улар аввал Ислом дини­га унчалик эътибор бермай, Маккадаги кўплаб динларнинг бири деб қараган ва мусулмонларни шунчаки масхара (истеҳзо) қилиш билан кифояланарди. Кейинроқ эса, бу диннинг оламшумул дин экани, уни тўхтатиб қолишмаса, катта талафотларга учрашлари мум­кинлигини сезиб қолишди. Бунга қарши курашишни аввал Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мансуб бўлган қа­биланинг бошлиғи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳомийлари ва амакилари Абу Толибга шикоят қилишдан бошлашди. Абу Суфён бошчилигидаги бу гуруҳ Абу Толиб ҳузурига келиб:

“Эй Абу Толиб, сени ҳурмат қилишимиз ҳар тўғрида бизларга лозимдир. Чунки сен Қурайш қабиласи орасида энг улуғ ёшли, ҳам бизнинг бошлиғимизсан. Мана, қариндошингнинг ўғли Муҳаммад бизларнинг ва ота-боболаримизнинг йўлидан чиқди. Бизнинг динимизни, худоларимизни камситяпти. Ота-боболаримизни йўл­дан адашганга чиқаряпти. Биз ҳам жоҳил ва аҳмоқлар­ча яшаётган эканмиз. Сен уни бу йўлдан қайтарасан, ё уни ҳимоя қилмайсан. У билан биз ўзимиз гаплашиб оламиз!” дейишди.

Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ишларини аввалгидай бажариб юрганларини кўриб, жаҳл устида яна Абу Толибга келишди ва: “Биродарингнинг ўғлини бу ишидан воз кечтирмасанг, сенга ҳам, унга ҳам ёмон бўлади. Энди сабр қилиб туролмаймиз, нима бўлса бўлсин!” дейишди.

Бу таҳдид Абу Толибни ўйлантириб қўйди. “Ўғлим, – деди Абу Толиб, – менга бу қадар оғир юкни юклама. Чунки менга ҳам қийин”.

Энди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳдан бошқа ҳомийлари ҳам, ёрдамчилари ҳам қолмаган эди. Астойдил имонга суянган ҳолда Абу Толибга:

“Эй амаки! Аллоҳга қасам, бу одамлар қуёшни ўнг, ойни эса чап қўлимга беришса ҳам, мен бу йўлимдан қайтмайман!” дедилар ва муборак кўзларига ёш тўлган ҳолда чиқиб кетдилар. Абу Толиб ўша заҳотиёқ Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) орқаларидан: “Эй жияним, кел! Хоҳлаганингча иш тут! Қасам ичиб айтаман, ҳеч кимга таслим бўлиб қолишингга йўл қўймайман!” деди. Кейин Абу Толиб ҳошимийлар ва муталлибийлар қабиласини чақириб, қурайшликлардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилиш лозимлигини тушунтирди. Ҳамма рози бўлди, фақат Абу Лаҳаб адоватини ошкора айтиб, душман томонга ўтиб кетди.

Қурайшликлар Абу Толибга қилган мурожаатларининг бефойда эканини англаганидан кейин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алай­ҳи ва салламнинг тўғри ўзларига мурожаат қилишни маъқул кўр­ди:

“Эй Муҳаммад, сенинг наслу насабинг пок, мавқе-мартабанг анча баланд. Шу чоққача араблар ўртасида ҳеч ким қилмаган ишларни қиляпсан, ҳеч ким айтмаган гапларни айтяпсан. Ўртамизга нифоқ солдинг. Айтгин-чи, нима мақсадда бундай қиляпсан? Агар мақсадинг бой бўлиш бўлса, сенга хоҳлаганингча мол-давлат бе­райлик, бу атрофда сендан бойроқ одам топилмасин. Бошлиқ бўлиш орзусида бўлсанг, сени ўзимизга бошлиқ қилиб олайлик, Макканинг ҳокими бўл. Мабодо, аслзода бир аёлга уйланмоқчи бўл­санг, сенга Қурайшнинг энг гўзал аёлларидан хоҳлаганингни олиб берайлик. Агар жин ва шайтонга чалинган бўлсанг, сени та­библарга кўрсатайлик, токи бу дарддан фориғ бўлгин. Аммо энг асосийси – сен бу даъвойингдан воз кечишинг керак!”

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга бундай жавоб қилдилар:

“Мен сизлардан бирор нарса тама қилмайман: на молу дунё, на салтанат ва на раҳбарлик. Бирдан-бир истагим бутларга си­ғинишдан воз кечиб, фақат Аллоҳга ибодат қилинглар!”

Қурайшликлар: “Бизнинг уч юз олтмишта бутимиз турганда, сенинг ягона Аллоҳинг Маккани қандай қилиб бошқара оларди?” деб кетиб қолди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу жа­воб­лари, азму қарорлари, мустаҳкам имонлари мушрикларни тит­рат­ди. Исломнинг кундан-кунга ёйи­либ бораётгани уларни хаво­тир­га солди. Ислом бутга сиғинишни ман этгандан кейин уларнинг хусумати янада ошди. Мушриклар Абу Толибга ҳам, Пайғамбари­миз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам учрашиш, гаплашишдан фойда йўқ, деб хулоса чиқарди ва энди мусулмонларга, Ислом­га янги кирувчиларга қаршилик ҳамда тазйиқ ўтказишга бел боғла­ди. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ва у кишига эргашганларни бир маҳаллага қамаб, савдо-сотиқдан, озиқ-ов­қатдан кесиб қўйишди. Мусулмон болаларининг очликдан фарёд ва фиғонлари Макка кўчаларини ларзага келтир­са ҳам, уларга озиқ-овқат берилмади. Иккинчи томондан, улар му­сулмонларни қаттиқ ҳақорат қилиб, уларни жиннига чиқаришар эди. Мўмин­лар бу жабру ситамларга чидамай, бошқа жойларга бош олиб кетиш­ни ўйларди. Уларнинг бир қисмига Ҳабашистонга кетишга ижо­зат берилди. Бундан қўрққан мушриклар Ҳабашистон қироли­дан уларни қайтаришни сўради.

Қирол муҳожирларни ҳузурига чақириб, улардан Пайғамбари­миз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақларида сўради. Насроний­лар эътиқод қиладиган Исо алайҳиссалом ҳақидаги фикрларини сўради. Муҳожирлар бошлиғи Жаъфар ибн Абу Толиб қиролга Мар­м сурасидан қироат қилиб берди. Буни эшитган Ҳабашистон қироли кўзларига ёш олиб:

“Бу китоб билан ҳазрат Исога нозил бўлган китобнинг ман­аи бирдир”, деб қалбида имон келтирди ва мусулмонларни ўз ҳимоясига олди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВНИНГ
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 34000 сўм