Слайдер

Мамлакатимизда қайси китобларга талаб юқори?

Чоп этилди Aprel 29, 2019 Мамлакатимизда қайси китобларга талаб юқори?da fikr bildirishni o'chirish

Бугунги техника асрида китобга эътибор, қизиқиш камаймоқда, деймиз. Аммо, китоб дўконларига кирсангиз, кўплаб китобхонлар ҳар қандай техника-технологиядан китобни устун қўйишлари маълум бўлади.

Китоб дўконларида бўлганимизда, китобхонларда айнан қандай китобларга қизиқиш юқори эканлигини кузатдик ва пойтахтимиздаги “Китоблар олами” дўконида талаб юқори бўлган китоблар рейтингини ўрганишга ҳаракат қилдик.

Энг кўп сотиладиган китоблар рейтингида 1-ўринни Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” ҳамда “Меҳробдан чаён” асарлари эгаллаб турибди. Кейинги поғоналарда эса болаларнинг севимли адиби Худойберди Тўхтабоев ҳамда Ўткир Ҳошимовнинг асарлари турар экан.

Рўйхатнинг юқори поғоналаридан таниқли ўзбек адиби Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” ва бошқа асарлари, янги ўзбек адабиёти вакилларидан Поён Равшановнинг “Малика Кенагас Ойим Ойчучук” асари, Бахтиёр Абдуғафурнинг “Жалолиддин Мангуберди” асари, Исҳоқжон Нишоновнинг “Афғон шамоли” асарининг барча қисмлари, Зулайҳо Машарипова ижодига мансуб асарлар, назм йўналишида Фарида Афрўз ва Марҳабо Каримованинг тўпламлари, бундан ташқари, Мирзакарим Норбековнинг психологияга оид барча асарлари ўрин олган.

Жаҳон адабиёти вакилларидан эса Фёдор Достоевский қаламига мансуб асарларга талаб юқори экан. Шунингдек, рўйхатдан Лев Толстой романлари, Стендалнинг “Қизил ва қора” романи, Марсель Брионнинг “Менким, Соҳибқирон – жаҳонгир Темур” асари, шунингдек, психолог Дейл Карнеги қаламига мансуб асарларнинг ҳам харидорлари кўп эканлиги маълум бўлди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳар қандай ҳолатда ҳам китоб берадиган завқни бошқа восита билан босиб бўлмайди.

 

М.Мамарасулова, Д.Исоқулова

ЎзА