Ўзбекистон янгиликлари

Бош прокуратура: Диндорларнинг «қора» рўйхати энди йўқ, урғу профилактикага берилмоқда

Чоп этилди Dekabr 20, 2018 No Comments

Бош прокуратура халқ орасида авваллари «қора рўйхат» дея танилган рўйхат энди мавжуд эмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда Turon24 хабар берди.

«Ўзбекистонда диний экстремизм йўлига кирганлар рўйхати йўқ. Яқинда қабул қилинган «Экстремизмга қарши кураш тўғрисида»ги қонун ҳам террорчилик ва экстремизмга қарши кураш усуллари ўзгараётганидан, урғу профилактикага берилаётганига далолатдир», — деган Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев 19 декабрь кунги халқаро пресс-клубда.

Бу маълумот «РИА Новости» журналисти Дмитрий Пивоваровнинг тақиқланган диний-экстремистик гуруҳларга алоқадорлар рўйхатида неча киши қолгани ҳақидаги саволига жавобан берилган.

Ўзбекистонда тақиқланган диний-экстремистик гуруҳларга алоқадорлар, мойиллик кўрсатганлар ёки адашиб қўшилиб қолган кишиларнинг рўйхатини олиб бориш амалиётига 2017 йилда барҳам берилган эди. Шу йили Президент Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Тошкентдаги Хасти Имом масжиди ҳовлисидаги Бароқхон мадрасида имом хатиблар билан учрашуви чоғида «диний-экстремистик оқим аъзолари рўйхати»да бўлган 17 минг одамдан 16 минг нафари рўйхатдан ўчирилгани, уларнинг «нормал ҳаётга» қайтганини айтган.

«Диний оқимда турганлардан 16 мингини яна бир марта улар билан суҳбатлашиб, ҳаётини билиб, бу рўйхатдан чиқардик. Лекин уларни ташлаб қўйиш нотўғри бўлади. Энди шу 16 минг одамни тарбия қилишимиз, жамиятимизга киргизишимиз керак», — деб таъкидлаган Мирзиёев имомлар билан учрашувда.

Манба: Turon24

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan