Мақолалар

Соғлом  муҳит  яратиш

Чоп этилди Aprel 29, 2019 Соғлом  муҳит  яратишda fikr bildirishni o'chirish

Муқаддас динимиз таълимотларига кўра, ўсмир, яъни 12–13 ёшдаги фарзандларга тарбия бериш, улар учун яхши муҳит яратиш қуйидаги уч омил асосида амалга ошади.

  1. Имон-эътиқод;
  2. Ёмонликни кўрсатиш;
  3. Атроф-муҳитни ўзгартириш.

Имон-эътиқод

Бу услубдаги тарбия ҳар бир оилада бевосита ўргатилади. Чунки ота-боболаримиз: “Болам, Худодан қўрқ, биров ҳақини ема, омонатга хиёнат қилма, ўғриликдан сақлангин”, деган гапни ҳар биримизнинг вужудимизга сингдирган. Яратган назоратини солиҳ киши доимо ҳис қилар экан, Унинг улуғлиги, ҳар жойда ва маконда ҳозирлигини қалби сезиб туради. Бу эса унинг нафси шаҳватга қул бўлишдан ва турли ғаразли истак­ларга асир бўлиб қолишдан тўсиб туради. Шу билан бирга Аллоҳнинг амрлари ва ҳар бир яхши амалларда собит туради. Бу илоҳий кўрсатмалар асосида ўз фикри ва дунёқараши эзгулик сари шакл­ланиб боради. Чунки Аллоҳ ва Расулига бўлган итоат, муҳаббат бу дунё ва охиратда бахту саодат беражагини инсон фарзанди жуда яхши англайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“…Чиндан ишонувчи кишилар учун Аллоҳдан кўра ким ҳукмда чиройлироқ экан?!” (Моида сураси, 50-оят).

“…Пайғамбар сизларга келтирган нарсани оли­нгиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз…” (Ҳашр сураси, 7-оят).

“Бас, Раббингиз ҳаққи, улар ўрталаридан чиқ­қан низоларга Сизни ҳакам қилмагунларича ва сўнгра чиқарган ҳукмингиздан дилларида танг­лик сезмай, тўла таслим бўлмагунларича, зинҳор имон келтирмагайлар”[1] (Нисо сураси, 65-оят), дея марҳамат қилади.

Диёнатли ҳар бир фарзанд Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қуйидаги ҳадисларини шиор қилмоғи зарур:

“Сенинг зиммангда Аллоҳ ҳаққи, нафсинг ҳақи, аҳлинг ҳақи бор. Ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини адо эт”.

Шундагина банда залолатга ботмайди ва гуноҳ содир этишдан ўзини тияди. Шундагина унинг тамомила руҳи покланиб, ёвузликнинг ҳар бир кўринишидан мутлақ узоқ бўлади.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) халифалик даврларида Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) қози эдилар. Таажжубки, айни даврда бирор кишининг устидан шикоят қилган, бир-бирлари билан хусуматлашган кишилар мутлақо учрамаган эди.

Ҳазрат Умар бирорта бўлса-да шикоят ишини кўриб чиқмаган эканлар. Бу ҳақда: “Умар Абу Бакр халифалигида тинчлик сақлашга келган”, деган сўзлар ҳам айтилган. Бу изчиллик ва иноқлик боиси – саҳобалар ҳар бир ишда Аллоҳ назорати борлигини ҳис қилганлигидандир. Одамларнинг барчасида бирдек инсоф, диёнат, ҳалоллик, вафо ва садоқат бўлганидан кейин жанжал ва хусуматга не ҳожат?

Ёмонликни кўрсатиш

Бу омил ёрдамида гуноҳнинг ёмонлиги, жирканч оқибатлари очиқ ойдин кўрсатиб берилади. Бундан кераклигича таъсир олган фарзандлар бунинг нақадар разиллик эканини ҳис қилиши аниқдир. Ботилни очиқ баён қилиш Қуръони карим кўрсатган йўл бўлиб, жо­ҳилият одатлари, ёмонликлар ва турли бидъатларни тарк этишга ундайди.

Бунга мисол тариқасида, динимизда хамрни (ароқ) ҳаром қилиниш тартибини баён қилиб ўтамиз. Бу ҳақда баён этилган Қуръон оятлари босқичма-босқич нозил бўлди. Аллоҳ таоло ҳар босқичда унинг ёмонлиги, зарарли таъсири ҳақида очиб берарди.

Илк марта Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:

“Хурмо ва узумларнинг меваларидан эса, май ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ҳам англайдиган қавм учун аломат бордир”[2] (Наҳл сураси, 67-оят).

Бу оятда май билан гўзал ризқ ўртаси қиёсланди. Ақл эгалари май бошқа нарсаю гўзал ризқ мутлақо бошқа нарса эканини билиши учун эди.

Иккинчи бор қуйидаги оят нозил бўлди:

 «Сиздан май (маст қилувчи ичимлик) ва қимор ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: “У иккисида катта гуноҳ ва одамлар учун (айрим) фойдалар ҳам бор. Иккисининг гуноҳи фойдасидан каттароқдир”…» (Бақара сураси, 219-оят).

Кўринадики, оятда улардаги фойдадан кўра гуноҳ ва зарари кўп экани очиқ баён қилинди.

Учинчи бор мана бу оят нозил бўлди:

ي“Эй имон келтирганлар! Токи гапираётган гапингизни (ўзингиз) биладиган бўлгунингизгача, маст ҳолларингизда намозга яқинлашмангиз!” (Нисо сураси, 43-оят).

Ушбу оят аввалги икки оятга нисбатан кескинроқ эди. Чунки хамр ақлга ёмон таъсир ўтказиши ва бундай ҳолда Аллоҳга юзма-юз бўлиш, яъни намоздек улуғ ибодатни бажариш мумкин эмаслиги зикр қилинди. Бу оят билан Аллоҳ таоло май ичиш мўмин бандага муносиб эмаслиги, Ўзига ёқмайдиган амал эканини маълум қилиб бўлган эди.

Тўртинчи маротаба қатъиян қуйидаги оят нозил бўлди:

“Эй имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз”.

“Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (Моида сураси, 90–91-оятлар).

Бу ҳолат Қуръони каримнинг ажойиб тарбия услуби эди. Хамрни қимор ва бут-санамлар каби ифлос иш деб сифатлаш, шайтон амалидан дея огоҳлантириш, зарарларини зикр қилиш, яъни бу зарарлар инсонлар ўртасида адоват пайдо қилишдан иборатлиги ўта қатъий бир амр бўлиб, одамлар унинг ёмонлигини чу­қур ҳис қилиши учун эди. Бунинг маъносини англаган ҳар бир ақл эгалари бундай хатарлардан йироқда бўлади, албатта.

Бу хабарни, яъни майнинг ҳаромлиги ҳақида нозил бўлган оятни эшитган ҳазрат Умар ва барча саҳо­балар: “Тўхтадик, эй Раббимиз”, дея ҳайқириб юборган эдилар.

Яшаш муҳитини ўзгартириш

Бу омил яхши муҳит ҳақида юқорида ҳам баён қи­линди. Бу жойда айтмоқчи бўлаётганимиз муҳитни тубдан ўзгартириш, яъни киши ўзи яшаш манзилини кўчириши кўзда тутилмоқда. Демак, зарурат вақтида, вазиятдан келиб чиқиб, киши ҳаётини ислоҳ қи­лиш учун ушбу омилни қўлламоқ лозим. Аммо бу у яшаётган манзилини бўлар-бўлмасга алмаштиравериш дегани эмас. Дейлик, гиёҳвандликка ёки ичкиликбозликка мубтало бўлиб қолган бир киши бор. Тузалиши ва у балодан мутлақ қутулиши учун атрофидаги ҳамтовоқлари халал беради. Бошқа чоралар наф беравермагач, уни ўша муҳитдан олиб чиқиш даркор. Юқорида юз кишини ўлдирган кишининг ривоятини келтириб ўтдик. Унга ўша жойнинг олими, агар ҳаётини тўғри йўлга солмоқчи бўлса, бу жойдан чиқиб кетишни маслаҳат берган эди.

Ҳазрат Сарвари олам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам ўн уч йил мушриклар зуғумига сабру бардош қилдилар. Ҳижратдан ўзга чора қолмагач, Аллоҳ таолонинг изни билан Маккани тарк этиб, Мадинага кўчиб ўтдилар. Худди шунга ўхшаш фарзандлар адашиб ноқобил инсонларга аралашиб қолганида, уларни батамом соғлом муҳитга олиб чиқиш зарур бўлади. Чунки улар унинг онгига турли иллатларни сингдирган бўлиши табиийдир. Бундай вазиятда муҳитни тубдан ўзгартириш унинг фикрларида ғужғон ўйнаётган ғаразли ниятларидан халос этишнинг муҳим усулларидан биридир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шиорларига амал қи­линса, ҳеч қандай адашиш ҳам рўй бермайди, унга чора ҳам қидирилмайди. Бу эса Аллоҳнинг ушбу муборак каломида айтилган:

«Айтинг: “Менинг йўлим – шу! Мен ва менга эргашганлар аниқ ҳужжат билан Аллоҳга даъват этамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни пок деб биламан. (Зеро) мен муш­риклардан эмасман”»[3] (Юсуф сураси, 108-оят).

Китобимизнинг аввалги қисмларида фарзанднинг туғилишидан бошлаб тарбия беришнинг барча жараёнларини босқичма-босқич келтириб ўтганмиз. Бу ўринда эса кичик ёшдагилар, яъни 12 ёшгача бўлганларнинг ҳаётини ислоҳ қилишда берилажак тарбияга таянч бўладиган динимиз таълимотларидаги муҳим омилларни баён қилиб ўтамиз. Бу услуб икки асосга таянади:

  1. Талқин қилиш;
  2. Одат қилиш.

“Талқин қилиш”, яъни буюрилган амалларни айтиб, ўргатиб ва кўрсатиб бориш бўлиб, бу назарий жиҳат ҳисобланади. “Одат қилиш” эса ўша буюрилганларни қай тарзда бажарилишини ўргатиш ва назорат қилиб боришдан иборат бўлиб, бу эса амалий жиҳат бўлади. Нимани ўргатамизу нималарни назорат қиламиз? Бағримизда ўсаётган фарзандларимизга ҳар томондан масъул эканмиз, уларнинг беғубор қалблари имону эътиқод билан тўлиб-тошишига сабаб бўладиган муҳим масалалар билан шу қадар банд этайликки, асло бошқа фикрларни қабул қилишига жой қолмасин. Бераётган таълимимизни шу даражада кучли назорат қилайликки, натижада улар ташқи салбий таъсир кучларни мутлақ қабул қилмасин.

Демак, улар бир неча амалларни ўз ичига олади:

1) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ота-оналарга “ла илаҳа иллаллоҳ” ни ўз болаларига ўргатишни буюрдилар.

Имом Ҳоким ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Гўдакларингизга биринчи “ла илаҳа иллаллоҳ” сўзини таълим беринглар», дедилар.

Бу, албатта, назарий жиҳатдан Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигини ўргатишдир. Қачон Яратганнинг бетакрор мўъжизаларини кўрсатиб ва англатиб борилса, бу уларга амалий жиҳат бўлади. Яъни, уларга кеча-кундуз, фасллар, еру осмон, ёмғиру қор, набототу ҳайвонот, денгизлару тоғлар каби инсон қўли билан яратишга қодир бўлмаган Аллоҳнинг ғаройиботлари сингдириб борилса, чин маънода Яратганнинг борлигини ҳис қилади;

2) Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ота-оналарга фарзандлари етти ёшга етганида намоз арконларини ўргатишни буюрганлар:

Имом Ҳоким ва Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзандларингни етти ёшлигида намозга буюринглар…, дедилар».

Айни тарзда назарий жиҳатини ўргатамиз. Аммо амалий жиҳати болага намоз рукнларини тўла-тўкис ўргатиш ва бу буюк ибодат эканини англатишдир. Шу билан биргаликда ибодат кишини ҳалим, беозор ва яхшиликни севувчи этиб тарбиялайдиган омил эканини ҳам тушунтириш лозим бўлади;

3) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ота-оналарга фарзандларига ҳалол ва ҳаром ҳукмларини ўргатишга буюрдилар.

Ибн Жарир ва Ибн Мунзир Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “…Фарзандларингизни буйруққа итоат этишга ва қайтарилган нарсадан сақланишга буюринглар, бас, у сизларни ва уларни дўзахдан сақловчидир, дедилар.

Бу ҳадисни уларга етказишимиз назарий жиҳати ҳисобланади. Аммо вазифамиз бу билан ниҳоясига етмайди. Фарзандларнинг нима ҳалол ва яхши эканини чуқур ҳис қилмоқлари учун ҳаёт давомида бўлаётган яхшиликлар, омма манфаати учун бўлаётган ишлар, жумладан, йўл, кўприк, мактаб ва касалхоналар қурилишига сабаб бўлаётганлар ва ҳисса қўшаётганларни ибрат тариқасида кўрсатмоқ лозим. Агар улар ўзларича бир кичкина яхшилик қилсалар, яъни ўртоғига бирор нарса, дейлик, китобга ўхшаш нарса совға қилганида уларни мақтаб, бу иши савобли эканини айтиб, рағбатлантириш зарур. Ёки аксинча, нима ёмонлигу зулм эканини ҳаётда рўй бераётган воқеалар билан телевизор орқали намойиш этилаётган турли бузғунчи ишларнинг хунук оқибатлари мисолида тушунтириш зарур бўлади.

Хуллас, уларнинг покиза қалбларини яхшиликка ва солиҳларга мойил қилиб, ёмонликка ва ёмонларга нисбатан нафрат ҳиссини уйғотиш лозимдир. Ана шунда­гина фарзандларимиз ҳалолликка ёндашиб, гуноҳ­нинг барча хилларидан узоқда бўлишга ҳаракат қилади;

4) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ота-оналарга фарзандларига Пайғамбар, унинг аҳли байти ва саҳобаларга муҳаббат қўйиши, Қуръони каримни тиловат қилишга муҳаббатли бўлишни ўргатишга буюрганлар.

Имом Табароний ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Фарзандларингизга уч хислатни ўргатинглар: Пайғамбарни севишни, унинг аҳли байтини севишни ва Қуръон тиловат қилишни, дедилар.

Жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уч муборак хислатни марҳамат қилмоқдалар. Бу хислатларни ўргатишда ҳам, албатта, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг гўзал ахлоқлари, сийратлари ва уммат учун чеккан жабру ситамларини сингдириш зарур. Ана шунда уларнинг жажжи қалблари оламларга раҳмат қилиб юборилган зот ва ул зотнинг аҳли байтининг муҳаббатига ошно бўлади. Тажвид қоидалари асосида чиройли овозда Қуръон тиловат қилиб, уларнинг қалблари илоҳий оятлар нури ила мунаввар этилади.

Шубҳасиз, бу фазилатлар соҳиби бўлган фарзанд ёвузлик, зулм, қон тўкиш ва хиёнатдек улкан гуноҳлардан йироқда бўлади. Бундай фарзандларнинг бахтли ота-оналари ҳам хотиржам умргузаронлик қилади. Шу боис ҳар бир ота-она фарзандларига гоҳида ҳадя бериб, гоҳида турли йўллар билан қизиқтириб, гоҳида эса койиб бўлса-да, бу гўзал хислатга одатлантиришга жидду жаҳд қилсалар, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки ҳар бир оиланинг ислоҳ қилиниши, фарзандларнинг камолоти, бу юксак мақсадлар сари дадил қадамлар ташлаб бораётган азиз она диёримизнинг янада гуллаб яшнамоғидир. Энг азиз ва энг улуғ неъмат бўлмиш тинчлик юртимизда мангу ва барқарор бўлишлигини таъминлашнинг олий бир йўли ҳам ана шундан иборатдир.

[1] Зубайр ибн Аввом билан мадиналик бир киши (ансорий) экинзорларини суғориш пайтида сув навбатини талашиб, ҳакам бўлишларини сўраб Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига келишади. У зот биринчи бўлиб Зубайр, иккинчи бўлиб Ансорий суғориб олишига буюрадилар. Шунда Ансорий: “Зубайр аммангнинг ўғли бўлгани учун унга биринчи навбатни бердингми?” деб норозилик билдиргач, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг юзлари қизариб кетади ва Зубайрга: “Сен биринчи бўлиб экинзорингни суғор. Сув деворларнинг остигача чиқсин” дейдилар. Шу ҳадисга илова қилиб, Имом Бухорий (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳар икки даъвогарга ҳам енгиллик бўлсин деб, Зубайр биринчи суғорса ҳам, тезлик билан навбатни Ансорийга беришга буюрган эдилар. Ансорий норозилик билан нолойиқ сўз айтгандан кейин Зубайрга тегишли сув ҳақидан мукаммал фойдаланишга, беодоблиги туфайли Ансорийни узоқ навбат кутишга буюрганлар”.

 

[2] Бу оят Маккада нозил қилинган бўлиб, май ҳануз тақиқланмаган эди. “Гўзал ризқ” – сирка, шинни, майиз ва бошқа маҳсулотлар.

 

[3] Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Муҳаммад (алайҳиссалом) ва саҳобалари тўғри йўлда, рушду ҳидоятда бўлганлар. Улар илм ва имоннинг хазинаси, Раҳмоннинг аскари эдилар”. Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Кимгадир эргашмоқчи бўлган киши Пайғамбаримиз (алайҳис-салом)нинг саҳобалари йўлига эргашсин. Улар умматнинг сараси, қалби пок, илми чуқур, камтакаллуф кишилар бўлиб, Аллоҳ уларга Ўз пайғамбари суҳбатини насиб этган ва дин ўшалар орқали ёйилган. Улардан ахлоқ ва йўл-йўриқларни ўрганингиз, улар тўғри йўлда эдилар”.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг “Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 24000 сўм