Мақолалар

ОИЛАДА ФАРЗАНД ТУҒИЛДИ…

Чоп этилди Aprel 29, 2019 ОИЛАДА ФАРЗАНД ТУҒИЛДИ…da fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасига фарзанд беришини айтган:

 «Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларга ўғиллар ва қиз­ларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фар­занд кўр­майдиган қилиб қўйгай. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир» (Шўро, 49–50).

Аллоҳнинг ушбу оятда айтилган қудрати инсоният ҳаётида ўз ҳақиқатини топган ва топмоқда. Оли Имрон сурасида «Албатта, Исонинг (отасиз туғилиш) мисоли, Аллоҳ наздида бамисоли Одам (алайҳиссалом) кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра унга «Бўл!» деди, бас, (у) бўлди» (59), деб айтилгани каби, инсонни ота-онасиз ёки Исо (алайҳис­салом) каби отасиз яратишга Аллоҳ таоло қодир.  Ёки Момо Ҳавони яратгани каби битта эркакдан, яъни аёл иштирокисиз ҳам инсонни ярата олади. Ёки ота ва она иштирокида одамларни дунёга келтириши ҳам Унинг қудратидан­дир. Ота ва она бор бўлатуриб, фарзанд бўлмаслиги ҳам бу қудратнинг улуғлигидандир. Аллоҳ тао­ло нимани хоҳласа, шу бўлишига шак-шубҳа йўқ.

Ояти каримада айтилганидек, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаганига фақат қизлар инъом этади, хоҳлаганига эса фақат ўғил фарзандлар ато этади, хоҳлаганига фарзандларни аралаштириб беради ва хоҳлаганини бепушт қилиб қўяди.

Фарзанд ато этиш Аллоҳ таолонинг ихтиёрида бўл­гани учун ҳатто пайғамбарларга ҳам бир хил жинсда ёки бир хил миқдорда фарзанд берилмаган. Масалан, Лут ва Шуайбларга (алайҳимуссалом) фақат қиз фар­занд­лар, Иброҳимга (алайҳиссалом) фақат ўғил фарзандлар, Муҳаммадга (алайҳиссалом) ҳам қиз, ҳам ўғил фарзандлар берган, Яҳё ва Исога (алайҳимуссалом) эса фарзанд­сиз бўлишларини ирода этган.

Бу илоҳий тақсимот бандаларининг синови учундир. Бинобарин, бандасидан неъматга шукр ва мусибатга сабр матлубдир.

Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: «Аллоҳ таоло инсонни тўрт қисмдан иборат қилиб яратди: баъзилари фақат қиз фарзанд кўради; баъзилари фақат ўғил кўради; бошқалари ундан ҳам, бундан ҳам баҳ­раманд бўлади; баъзилари умуман фарзанд кўрмайди».

Қози Байзовий айтдилар: «Юқорида келтирилган оятдан мақсад, фарзанд кўриш ё кўрмаслик Аллоҳ таолонинг амри эканини уқтиришдир. Чунки Парвардигор қайси банда фарзанд кўрса ёки кўрмаса, нима бўлишини яхшироқ билади. Қайси бандасига фарзанд бериш ё бермаслик Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлади».

Янги турмуш қурган келин-куёвнинг энг эзгу орзуси фарзандли бўлишдир. Айниқса, улар илк фарзандларини ниҳоятда интизор, интиқлик билан кутишади. Мана, ниҳоят, орзулар ушалди, улуғ ниятлар рўёбга чиқди, Аллоҳ таоло ёш оилага фарзанди аржуманд ато этди. Улуғ муаллим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оилада янги чақалоқ туғилганида нималар қилиш кераклигини ҳадиси шарифларида батафсил кўрсатиб берганлар…

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 24000 сўм