Ўзбекистон янгиликлари

Маърифат ва бағрикенглик тараннуми

Чоп этилди Dekabr 20, 2018 No Comments

Инсонни, аввало, инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром қилиш башариятнинг кўп минг йиллик тарихидан мерос бўлиб келаётган олижаноб фазилатларнинг энг муҳимларидан бири ҳисобланган – бағрикенглик тушунчасининг тақозосидир. Жамият кишилари қачонки, яхшиликни ўзлари учун бўлиши билан биргаликда бошқаларга илинсаларгина нажот топиб, муваффақият пиллапояларидан илдам одимлаб бораверадилар. Қуръони каримда бу борада:

«Аср (вақти)га қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат имон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар)» (Вал-аср сураси, 1–3-оятлари), деб бизга таълимот берилган.

Минг йиллар мобайнида халқимиз мамлакатимиз ҳудудида яшаётган миллат ва элатлар билан иноқ, ҳамфикр ва қадрдонлик тамойиллари асосида яшаб келган. Айниқса, кейинги асрларда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаровий ўзаро аҳилликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ҳатто Конституциямиз ҳам виждон ва эътиқод эркинлиги, фуқароларнинг бағрикенглиги учун зарур шароитларни яратишга хизмат қилади.

Кейинги икки йилда Президентимиз юртимизда илм-фан ва маданиятни ривожлантириш, халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништиришга доир бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Мазкур ташаббуслар замирида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида муқаддас динимизни, буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор мужассам.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюцияни қабул қилиш тўғрисидаги ташаббуси кенг жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланди. Унда бағрикенглик, ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларни камситишга йўл қўймаслик каби умуминсоний қадриятлар, барчанинг таълимдан фойдаланишини таъминлаш, саводсизлик ва билимсизликка барҳам бериш ғоялари ифода этилганди.

Яқинда БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ бўйича резолюциясининг қабул қилиниши мамлакатимиз учун 2018 йилнинг энг муҳим тарихий воқеаси бўлди, десак адашмаймиз. Бу Президентимиз раҳбарлигида юртимизда миллатлараро ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида узоқни кўзлаб олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг дунё ҳамжамияти томонидан тан олиниши деганидир.

Яъни, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган бу конструктив таклиф – дунёда мавжуд барча динларга нисбатан маънавий бағрикенглик маданиятини кучайтиришга доир ғоя 51 давлат томонидан қўллаб-қувватланди.

Бугун дунёнинг нуфузли сиёсатчилари, экспертлар резолюциянинг бағрикенглик билан бир қаторда, маданий ва диний билимларни кучайтириш, глобал тинчлик ва фаровонлик учун устувор йўналиш сифатида хизмат қилажагини таъкидламоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз ташаббусининг БМТ томонидан қабул қилиниши мамлакатимиз учун ҳам тарихан, ҳам маънан оламшумул воқеа бўлди.

Зайниддин Эшонқулов,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

Манба : Muslim.uz

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan