Дунё янгиликлари

Халқаро истеъмолчилар ташкилоти саммити бошланди

Чоп этилди Aprel 30, 2019 Халқаро истеъмолчилар ташкилоти саммити бошландиda fikr bildirishni o'chirish

 

 

МДҲ мамлакатларидан фақат Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан КонфОП (Халқаро истеъмолчилар жамиятлари конфедерацияси) Халқаро истеъмолчилар ташкилотининг тўлақонли аъзолари ҳисобланади. 

Бугун Португалиянинг Эшторил шаҳрида “Consumer International”нинг (Халқаро истеъмолчилар ташкилоти)ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган саммити бошланди. Унда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов ҳам иштирок этмоқда.

“Consumer International”нинг “Истеъмолчилар рақамли инновация марказида бўлсин” шиори остида ўтаётган саммитининг очилиш маросимида сўзга чиққанлар бугунги тобора глобаллашиб ва рақамлашиб бораётган, товарлар ва хизматлар чегара билмаётган дунёда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳар қачонгидан долзарб масалага айланаётганини алоҳида таъкидлади.

 

 

Саммит доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини онлайн ҳимоялашда стандартларга амал қилиш, келгуси рақамли давр истеъмолчилар имкониятларини кенгайтириш учун рақамли саводхонликни ошириш ҳамда ушбу соҳада муайян муваффақиятга эришган мамлакатларнинг тажрибасини ўрганиш сингари масалаларга бағишланган сессиялар ўтказилди.

Саммит ишини 2 майга қадар давом эттиради. Ўша куни «Consumer International»нинг бош ассамблеяси ўтказилади. Унда ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлган Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси унинг янги раисини ва 15 нафар кенгаш аъзосини сайлаш учун овоз беради.

 

Фахриддин Низомов, 

Португалия

ЎзА