Мақолалар

Узум…

Чоп этилди May 1, 2019 Узум…da fikr bildirishni o'chirish

Куз… Боғлардан бол томади.

Саодат ая қўшнисининг пастак деворидан кўриниб турган узумларга боқиб, ютиниб қўйди.

Бир йил аввал ҳовлисини тўлдириб турган ишкомлар кўз олдига келди. Раҳматли қайнотаси узумнинг беш-олти хил навини экканди. Кўрган одамнинг ҳаваси келарди. Ўтган йили ҳовлини ўртасидан бўлиб, катта ўғлига иморат кўтариш учун ишкомларни бузиб юборишди…

Саодат ая бир шингилгина узум олиб чиқишни кўнглига тугиб, ҳовлига йўл олди. Қўшниси Инобат ая набирасини  қучоғига олганича, токлар остидаги сўрида ўтирарди. Саодат аяни кўриши билан, мезбон “келинг-келинглаб” ичкарига таклиф қилди. Икки кайвони кампир анчагача гурунглашиб ўтиришди. Бироқ дилидаги истагини айтишга эса аянинг тили бормади…

Саодат ая хайрлашиб, кўчага чиққач, атрофга кўз югуртирди. Ён қўшнисининг кўча юзидаги ишкоми остида тайёр ҳавоза турарди… Аммо эгаси йўқлиги сабаб, яна индамай ортига қайтди.

Уйига  киргач,  бир оз китоб ўқиди. Кўзлари жимирлаб кетгач, кўзойнагини ғилофига соларкан, майин овоз эштилди. “Кираверинг”, деди ая жойида ўтирган куйи. Остонада икки ҳовли наридаги қўшниси Омина отиннинг набираси:

– Узумларни узаётгандик. Бувим,  қўшни ҳақи деб, бериб юбордилар! – деди одоб билан.

Қизалоқнинг қўлидаги челакчани олган Саодат ая уни бўшатиб бераркан, қалбига ажиб туйғулар тўлганини ҳис этди. Сап-сариқ узумларни ювди, бир ғужумини оғзига солиб: “Аллоҳга шукр!” деди. Уни тановул қилар экан, Саодат аянинг кўнглидан бир гап ўтди: “Бандасидан сўрашга ҳаё қилгандим, Аллоҳнинг Ўзи етказади!”

Намоз КЕНЖАЕВ,

Ромитан туманидаги “Хўжа Саид Пўлат”масжиди имом ноиби

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 7-сонидан