Мақолалар

Яширин ва ошкор ҳолда ҳам ихлосли бўлиш

Чоп этилди Aprel 30, 2019 Яширин ва ошкор ҳолда ҳам ихлосли бўлишda fikr bildirishni o'chirish

“Ихлос” деб, бирор нарсани бошқа нарсалардан ажратишга, яъни Аллоҳ таолонинг розилиги учун бажариладиган амалларнинг холис адо этилишига нуқсон етказадиган бошқа нарсалардан поклашга айтилади.

Ихлос бу дунё ва охиратда нажот топишнинг асоси ҳисобланиб, у амалларга нисбатан бинонинг пойдевори ёки жасаднинг руҳи кабидир. Бандаларнинг амаллари қабул қилиниши учун икки рукн бор, уларнинг бири ихлос, иккинчиси тўғри бажариш. Яъни, амал Ислом шариати кўрсатмаларига зид бўлмаслиги лозим ва ўша амал Аллоҳ учун холис бажарилиши керак. Чунки Аллоҳ таолодан бошқа учун бажарилган ҳар қандай иш қабул қилинмайди.

Ҳадиси қудсийда бундай марҳамат қилинган: “Аллоҳ таоло айтади: “Мен шерикка муҳтож эмасман… Ким амалларида Менга бошқасини шерик қилса, Мен унинг ширкидан покман. Амали шерик қилганига топширилади(Ибн Можа ривояти).

Бошқа бир ҳадисда: «Қачон қиёмат бўлиб, Аллоҳ аввалгию охиргиларни жамласа, бир нидо қилувчи: “Ким ўз амалида Аллоҳга бирор кишини шерик қилган бўлса, савобини унинг ҳузуридан талаб қилаверсин. Албатта, Аллоҳ шерик қилувчиларнинг ширкидан беҳожатдир”, дейди» (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:  «Айтинг (Эй Муҳаммад):“Мен Аллоҳга динни Унга холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрилганман” (Зумар, 11).

Ихлос Аллоҳ таоло ва бандалари орасидаги сир бўлиб, уни бошқалар билмайди ва кўрмайди.

Уламолардан бирлари ихлосни таърифлаб: “Ихлос – икки фаришта ёзолмайдиган, шайтон буза олмайдиган ва бирор инсон ундан хабар топмайдиган нарсадир”, дейди. Яъни, ихлос банда ва Аллоҳ ўртасидаги иш бўлиб, уни фаришталар ҳам билмагани учун уни ёзишолмайди ҳам. Иблис ҳам унга халал беролмайди.

Ҳадисда: “Албатта, Аллоҳ сизларнинг жисмларингиз ва суратларингизга боқмайди. Сизларнинг қалбларингизга қарайди(Имом Муслим ривояти), дейилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, амаллар ниятга қараб эътибор қилинади. Ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади. Ким Аллоҳ ва Унинг расули учун ҳижрат қилган бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг расули учундир. Ким дунё топиш учун ҳижрат қилса, унга эришади. Аёл учун ҳижрат қи­ган бўлса, уни никоҳлаб олади. Унинг ҳижрати нимани ният қилиб чиқса ўшанга бўлади”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ айтдилар: «Қиёматда ҳукм учун сўроқ қилинадиган инсонларнинг биринчиси – шаҳид кишидир. У келтирилиб, (Аллоҳ таоло) неъматларини унга танитганида, у танийди. Сўнг: “Булар ила нима қилдинг?” деб сўрайди.

У: “Сенинг йўлингда жанг қилиб, шаҳид бўлдим”, дейди.

У Зот: “Ёлғон гапирдинг, сен “фалончи шижоатли” дейишлари учун жанг қилдинг, шундоқ дейишди ҳам», дейди. Сўнгра юзтубан судралиб, дўзахга ташланади. Яна илм ўрганиб, уни ўргатган ва Қуръон ўқиган киши келтирилиб, (Аллоҳ таоло) неъматларини унга танитганида, у танийди. Сўнг: “Булар ила нима қилдинг?” деб сўрайди.

У: “Сенинг йўлингда илм ўрганиб, уни ўргатдим, Қуръон ўқидим”, дейди.

У Зот: “Ёлғон айтдинг, сен илмни “у олим”,  дейишлари учун ўргандинг, “у қори” дейишлари учун Қуръон ўқидинг, шундоқ дейишди ҳам”, дейди. Сўнгра у юзтубан судралиб, дўзахга ташланади. Яна Аллоҳ (ризқини) кенг қилиб, мол-дунё бериб қўйган киши келтирилиб, (Аллоҳ таоло) неъматларини унга танитганида, у танийди. Сўнг: “Булар ила нима қилдинг?” деб сўрайди.

У: “Сен буюрган, яхши кўрадиган йўлларга инфоқ-эҳсон қилдим”, дейди.

У Зот: “Ёлғон айтдинг, сен “у сахий” дейишлари учун қилдинг, шундоқ дейишди ҳам”, дейди. Сўнгра у юз­тубан судралиб, дўзахга ташланади”.

Демак, амалларимизда чин ихлос бўлмоғи лозим. Акс ҳолда, шайтон нафсимизни васваса қилиб, амалларимиз савобидан маҳрум этади.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 30000 сўм