Мақолалар

САБР СОҲИБИГА БЕРИЛАДИГАН ДАРАЖАЛАР

Чоп этилди Aprel 30, 2019 САБР СОҲИБИГА БЕРИЛАДИГАН ДАРАЖАЛАРda fikr bildirishni o'chirish

Сабрнинг имондаги ўрни жасаддаги руҳ каби дейдилар. Руҳсиз жасаднинг ҳеч қандай қиймати бўлмагани каби сабрдан маҳрум имоннинг ҳам шунга ўхшатилиши на қадар эътиборга моликдир. Дунёда юз бераётган ҳодисалар ҳам буни бизга яққол кўрсатмоқда. Эътибор бериб қарасангиз, барча муваффақиятлар сабр туфайли қўлга киритилган неъматлардир. Шу боисдан сабрни ўрганмоқ ва унга амал қилмоқ тавсия этилмоқда. Буни қуйидагича тушунтирадилар: сабр бир дарахт, ҳол унинг новдалари ва барглари, амал эса мевасидир. Билим, таълим бўлса-ю, ҳол бўлмаса, яъни, билим ҳол ҳосил қилмаса, у ҳолда новдасиз, баргсиз ва мевасиз бир дарахт каби бўлиб қолади. Қачонки, илми ўзида ҳол ҳосил қилса, ўша вақтда дарахт новдаланади, барглари яшнайди ва мева тугади. Амалда бундай дарахтдан қандай фойдаланилса, илми ўзида ҳол пайдо қилган кишилардан ҳам шундай фойда олиш мумкин.

Шақиқ ал-Балхий авлиёуллоҳлардан ва мужоҳидлардан бўлган олим ва фозил бир зотдир. Вафоти яқинлашганда талабаларидан етишган бирини ўрнига муносиб кўрган бўлса-да у зот:

– Мен ҳали у даражага етишмадим, балки бир йилдан сўнг бу мумкин бўлар, – дея узр сўрабди.

Жамоат эса:

– Жуда соз, сизга бир йил муддат, – дея унга ўзи сўраган муддатни берибди.

Бир йилдан сўнг яна у зотни вазифага даъват этганларида ўзида ҳануз у қобилиятни кўрмаганини айтиб яна бир йил изн сўрабди. Иккинчи йилнинг сўнггида дарсни бошлабди. Жамоат бу дарсдан жуда мамнун бўлибди ва ундан:

– Икки йилдан бери нечун бизни бундай ажойиб дарсдан маҳрум этдингиз? – деб сўрабди.  У зот бунга жавобан:

– Мен ўзимни тажриба қилаётган эдим. Кўрардимки, ҳайвонлар мендан ўкириб қочар эди. Албатта, ҳайвонлар қочдими, инсонлар ҳам қочади, дея ўйлар эдим. Энди эса ҳайвонлар мендан қочмайдиган бўлди. Бундан англадимки, дарснинг замони келибди, – дебди.

Тасаввур қилинг: қўрқоқ бир кимсанинг жасоратдан лоф уриши; қизғанчиқ, бахил ва зиқна бир кишининг жўмардликдан сўз очиши; бесабр одамнинг сабрдан дам уриши; ғазабнок, бадбуруш каснинг ҳилмдан сўз юртиши; кибр, ғурур, разил, ҳасад, ҳирс ва бошқа ёмон иллатлардан ўзини қутқара олмаган бир бадбахтнинг буларнинг барчасининг ёмонлигини тушунтиришга уриниши; тавозе ва ҳилмдан насибаси бўлмаган бирининг эса тавозе ва ҳилмнинг яхшилигидан сўз очиши ва шунга ўхшаш ҳоллар қанчалар бемаънилик ва кулгили бўлса, илмда ҳунари фақат чиройли лоф урмоқдан иборат бўлган кимсаларнинг ҳоли ҳам шундай аянчлидир. Дарҳақиқат, уламони эҳтиромга етиштирган омил фақат гапга усталик ва  маълумотфурушлик эмас, улар ҳеч қайси замонда аҳли илм ва ҳатто оддий аҳоли ўртасида мақбул ва мақтовга сазовор бўладиган нарса эмас. Айниқса, ақл соҳибларига асло ярашмайдиган бир сифатдир. Бу сабабдан ҳар бир илм соҳиби, аввало, ўз нафсининг ислоҳи учун саъй ва ғайрат кўрсатмоғи, бунинг учун олим, фозил, комил, ахлоқи ва савияси баланд, дунёга мойил бўлмаган, шон, шараф ва шуҳратга  кўнгил қўймаган, устозлардан бир зотни ўзига раҳбар этиб олмоғи даркор.

Ўз-ўзича етишмоқчи бўлганларга “мактаб кўрмаган” дейдилар. Бу тоифа ё ўчоққа ўтин ёки йиртқич ҳайвонларга ем бўлади. Замонимизда гувоҳ бўлаётганимиздек, қачонки, бир пайвандчининг олдига келинса, ўша пайвандчи бир гўзал пайванд урса, наботат олами бойийди, чиройли мевалар ҳосил бўлади, керак бўлса, чатиштириш йўли билан ҳайвонотдан жуда гўзал наслларга эга бўлмоқ мумкин. Ҳатто ҳозир ана шундай саъйи ҳаракатлар натижасида бир кунда иккита тухум туғадиган товуқлар етиштирилгани айтилмоқда. Қўйлар, отлар, сигирлар… ҳаммаси кўзимизнинг ўнгида. Бир кунда уч, беш кило сут берган эски сигирларимиз ўрнига пайдо бўлган янги жинс сигирлари 25-35 кило миқдорида болдек сут бераётир. Сиз ўзингизни бизнинг сигирлар берган сут ёғли эди, ширин эди деб қанчалик алдаманг, овутманг, бунга жавоб шуки, ҳаракат, изланувчанлик натижасида ҳар бир нарсада бир ислоҳга, бир камолга эришилмоқда.

Шундай экан, ашрафул махлуқот бўлган инсон нечун ўзини ислоҳ этилиб, комилликка эришмасин! Бу муҳаққақ бизнинг лаёқатсизлигимиздан бошқа нарса эмас. Эътибор қилинг, сабрда азмият кўрсатганлар кечалари қоим, кундузлари соим бўлган обиду зоҳидларнинг савобларига ноил бўлажаклари билдирилган. Шунингдек, “Сабр этган дарвиш муродига етмиш” деган иборани ҳам унутманг.

Сабр этиб Аллоҳдан умид қилганлар, шубҳасиз, ҳисобсиз савобларга ноил бўладилар. Махлуқотнинг ҳар қандай имконининг бир ҳад ва ҳудуди бор. Лекин Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг хазиналари битмайди ҳам, тугамайди ҳам. У сабр этганларнинг ажрини ҳисобсиз қилиб беради. Баъзи саволларга сабрнинг имондан экани айтилган ва имон сабр ва жўмардликдан таркиб топган деган маънода жавоб берилган. Ҳаж ҳақида сўралганида эса “Ал ҳажжу ал Арофату”, деб жавоб берилибдики, ҳаж Арофатдан иборат демоқдир. Бу ҳаж фақат Арофатда бўлишдан иборат дегани эмас, балки Арофатсиз ҳаж бўлмайди, деган маънони билдиради. Аниқроғи, бошқа арконларга эҳтиёж йўқ дегани эмас. Фақат ҳажнинг энг муҳим рукни Арофатдир. Шу нуқтаи назардан сабр – имон, имон эса сабрдир. Яъни юқорида айтиб ўтилган ҳадисда келган ҳажда бўлгани каби имоннинг энг асосий рукнларидан бири сабрдир. Зеро, сабр бўлмагунча, на ибодатларда давом ва сабот, на шариат тақиқлаган нарсалардан қочмоқ, ҳимояланмоқ мумкин бўлади. Аллоҳ таолонинг, айниқса, сабрлиларни севиши ва уларга етишмоқ шарафини бахш этишига қайси маза ва лаззат тенг бўла олади.

 

 

 

 

 

 

Муҳаммад Зоҳид ҚЎТҚУнинг “Сабр” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 5000 сўм