Слайдер

“Вақф” фонди “Зоид бин Султон Ол-Наҳаён” жамғармаси билан ҳамкорлик қилади

Чоп этилди May 1, 2019 “Вақф” фонди “Зоид бин Султон Ол-Наҳаён” жамғармаси билан ҳамкорлик қиладиda fikr bildirishni o'chirish

Кеча Бирлашган Араб Амирлигидаги “Зоид бин Султон Ол-Наҳаён” хайрия ва инсонпарварлик жамғармаси бош директори Ҳамад ал-Амирий бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди.

Меҳмонларни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов ва “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов кутиб олдилар.

Мулоқот чоғида Дин ишлари бўйича раиси Жасур Акрамов меҳмонларни ташриф билан қутлаб, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, Президентимиз фармони асосида Халқаро ислом академияси, “Вақф” хайрия жамоат фонди, Ҳадис илми мактаби ва бошқа бир нечта илмий мактаблар ташкил этилгани ҳақида маълумот берди. Шунингдек, зиёрат туризмини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида сўзлаб берди.

Делегация раҳбари Ҳамад ал-Амирий самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, “Зоид бин Султон Ол-Наҳаён” жамғармаси ташкил этилиши, мақсад-вазифалари ҳамда келгусидаги хайрия тадбирлари ҳақида гапириб берди, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга тайёр эканини алоҳида қайд этди.

Мулоқотда “Вақф” фондининг хайрия тадбирлари, муҳтож оилаларга моддий ёрдамлари, масжид-мадрасаларда қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бораётгани ва режалари тўғрисидаги видеолавҳа тақдим этилди.

Намойиш этилган лавҳалардан таъсирланган Ҳамад ал-Амирий:  “Хайрия ишларини ташкил этишда сизлардан ўрганадиган жиҳатларимиз жуда кўп экан”, деб эътироф қилиб, келгусида бундай хайрия тадбирларида иштирок этишини таъкидлади.  

“Зоид бин Султон Ол-Наҳаён”дек йирик хайрия ташкилотида “Вақф” фондига сармоя киритиш истагининг пайдо бўлиши Фондга бўлган ишончдан далолатдир. Шунинг учун ҳам Бирлашган Араб Амирликларининг ушбу етакчи хайрия ташкилоти иштирокида турли йўналишларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди матбуот хизмати