Мақолалар

Энг яхши хабар

Чоп этилди May 2, 2019 Энг яхши хабарda fikr bildirishni o'chirish

Аргентиналик машҳур гольф устаси Роберт де Винченцо навбатдаги турнирда ғалаба қозониб, уйига қайтаётганда унинг машинасига бир аёл яқинлашиб келди ва унга боласининг оғир касал бўлиб, ҳозирги чоқда ўлим ёқасида эканини айтиб ундан ёрдам сўради. Бечора аёлнинг шифохона харажатларига пули йўқлигини эшитиб қаттиқ таъсирланган Винченцо чўнтагидан дафтарчасини чиқариб, турнирдан қўлга киритган пулининг бир миқдорига чек ёзиб берди. Чекни аёлнинг қўлига тутқазиб,  “Болангиз яхши бўлиб кетсин деб умид қиламан”, деди.

Эртаси куни клубда тушлик қилаётганда профессионал гольф уюшмасининг бир аъзоси ёнига келди ва унга:

– Автопаркдаги болалар айтишди: кеча сенинг ёнингга бир аёл ёрдам сўраб келибди ва сен у билан гаплашибсан, – деди.

Винченцо “ҳа” деган маънода бош ирғаб қўйди.

– Ростданми? Сенга бир гап айтайми? У аёлнинг ҳеч қанақа касал боласи йўқ, ёлғончи ва товламачи аёл у, ҳаммани шунақа қилиб лақиллатиб юради, сени боплаб туширибди, – деди одам.

Винченцо:

– Унинг ўлимини кутиб ётган касал боласи йўқми? – деб сўради ажабланиб.

– Йўқ, – деди таниши.

– Қандай яхши, бу ҳафта ичида эшитган энг яхши хабарим шу бўлди, – деди кўзлари севинчдан порлаб Винченцо.

Қиссадан ҳисса: Деразадан ташқарига икки одам қараб турган бўлса, улардан бири кўчадаги балчиқни, иккинчиси эса кўкдаги юлдузларни кўради.

Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди