Мақолалар

Либос кийилганда ўқиладиган дуолар

Чоп этилди May 3, 2019 Либос кийилганда ўқиладиган дуоларda fikr bildirishni o'chirish

Қадрли мўминалар! Ёдингизда бўлса, журналимизнинг 2018 йилда чиққан нишона сонида “…Қалблар ором олур” рукни остида кундалик дуо ва зикрларни бериб боришимизни айтган, кейинги ойларда тонг пайти ўқиладиган ва таҳорат дуоларини эътиборингизга ҳавола этган эдик. Энди эса либос кийиш чоғида ўқиладиган дуоларни саҳиҳ ҳадислар асосида ўрганишингиз мумкин.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қачон кийим кийсангиз ва қачон таҳорат қилсангиз, ўнг томонингиздан бошланг”, дедилар» (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ва Имом Ибн Можа ривояти). Мана шу ҳадиси шарифга кўра кийим кийиш «Бисмиллаҳ» деб ўнг томондан бошланади ва ушбу дуо ўқилади:

“Алҳамду лиллаҳиллази касани ҳаза (ассавба) ва розақаниҳи мин ғойри ҳавлим минни ва ла қуввата”.

Яъни: «Менга ушбу кийимни кийдирган ва менинг куч-қувватимсиз уни менга ризқ қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин».

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким кийим кийганидан кейин ушбу дуони ўқиса, унинг аввалгию кейинги гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий).

Шунингдек, мусулмон киши янги либос кийганда, шукр қилади ва ушбу дуони ўқийди:
Аллоҳумма лакал ҳамд, анта кассавтаниҳи асъалука мин хойриҳи ва хойри ма суниъа лаҳу, ва аъузу бика мин шарриҳи ва шарри ма суниъа лаҳу”.

Дуонинг маъноси қуйидаги ҳадисда келтирилади: Абу Саъид (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) янги кийим киядиган бўлсалар, “кўйлак” ёки “салла”, деб унинг номини айтиб туриб: «“Ё Аллоҳ! Сенга ҳамд бўлсин! Сен буни менга кийдирдинг. Сендан унинг яхшилигини ва унинг учун қилинган нарсанинг яхшилигини сўрайман. Сендан унинг ёмонлигидан ва унинг учун қилинган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, дер эдилар» (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти).

Бошқа бир мўминнинг янги либос кийганини кўрганда, бу неъмат билан уни табриклаб, бундай дейилади: “Тублий ва юхлифуллоҳу таъала!”

Абу Саъид (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Агар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобаларидан бири янги кийим кийса, унга: “Эскиртиргин. Аллоҳ таоло ўрнига бошқасини берсин”, дейишарди» (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).

Келгуси сонда эътиборингизга таомланиш чоғида ўқиладиган дуоларни ҳавола қиламиз, иншоаллоҳ!

Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.