Мақолалар

“Бадбахтликнинг белгиси маъсиятдир”

Чоп этилди May 1, 2019 “Бадбахтликнинг белгиси маъсиятдир”da fikr bildirishni o'chirish

Диний фикр ва амаллар билан тасалли топиб, ҳаловатга эришган ҳар қандай инсон ислом билан тирикдир. Раббоний оятларни, фаришта илҳомига оид тушунчаларни, самовий китобларнинг ҳикмату насиҳатларини, Ҳақ таолонинг амру таъқиқларини етказиш учун пайғамбарларнинг юборилишини, Молик (подшоҳ) ва Муҳаймин (ҳозиру нозир) бўлган Аллоҳнинг “кун фа якун” (“бўл деса бўладиган”) илоҳий ҳукми билан юзага келган катта-кичик ишларни кўриб тафаккур қилувчи ва шу билан фароғат топувчи кишилар эса имон билан тирикдирлар. Бадан ислом учун ишлайди ва яшайди. Қалб эса имон учун ишлайди ва яшайди. Кўнгилнинг ёрдамисиз бадан бир иш қилолмайди, бадансиз эса кўнгил мушоҳада ва висолга эришолмайди. Бадан кўнгилга, кўнгил баданга чамбарчас боғлиқ. Баданнинг исломий мусулмончилиги кўнгил ёрдамисиз, кўнгилнинг имони эса бадан кўмагисиз рўёбга чиқмайди.

Булар орасида фарқ шундайки, ғайбни кўриш ва идрок этишда қалб пойдевор вазифасини бажаради, бадан эса унга бўйсунади. Кўзнинг кўришида эса бадан пойдевор бўлиб, қалб унга бўйсунади. Биринчи бўлиб кўз кўради, ундан кейин ғайбий тушунча юзага келади. Чунки ислом билан тасалли топишда аввало зоҳирий бадан, сўнгра эса имон билан таскин топишда ботиний қалб асосдир.

Ислом оромгоҳи ва тасалли топиш оламидан имоннинг тасалли топиш оламига сафар қилиш учун зикр фикрга, амал мушоҳадага, кўз ғайбга, нафс кўнгилга, ошкоралик яширинликка ва ниҳоят зоҳир ботинга айланиши керак.

Бу мартабадаги инсоннинг мушоҳада ва назари ҳокими мутлақ бўлган Ҳакнинг салтанату азаматига қаратилган бўлади. Осмондаги муқаррабларнинг масжиду даргоҳлари унинг томошагоҳига айланади. У Қуръоний маъно ва сирлар майдонида кезади. Пайғамбарларнинг карам даргоҳидан озиқланади, махлуқот қайта тириладиган кундан қўрқади, пинҳоний қазо ва қадарнинг ҳайбатидан ёниб-эрийди.

Фойда-зарар, ширин-аччиқ, қийин-осон, ҳокимият-асорат, лутф-қаҳр, ясаш-синдириш, висол-ҳижрон, очиш-ёпиш, уялиш-мақтаниш, пинҳон-ошкор, айният (ўзлик)-ғайрият (бегоналик), поклик-нопоклик, ботин-зоҳир, ваъд (умидлантириш)-озорлаш, умр-аср, тубанлик-юксаклик – буларнинг барчаси қазою қадардан ҳосил бўлади. Ҳақ таолонинг қазоси ва ҳукми тақдир қилинган кишигагина етади.

Банда қадарнинг “қандай воқеа-ҳодисалар келтиришини”, қадар қазонинг “нима буюришини”, қазо изннинг “қачон буюришини”, изн қудратнинг “қандай буюришини”, қудрат машият (илоҳий ирода)нинг “нима буюришини”, машият илми илоҳийнинг “кимга буюришини” кутиб туради.

Илоҳий ирода илм хазинасидан кишининг саодати ва бахтсизлигини олиб қудратга топширади. Изн бу саодат ё бахтсизликни қудрат хазинасидан олиб, қазога топширади. Қадар қазо хазинасидан буларни олиб бандага етказади. Қадарда ғафлат, қазода саҳву жоиз, изнда ғалат, қудратда туҳмат, илоҳий иродада майлу собит ва илмда хато-янглишлик бўлмайди.

Бу шундай томошагоҳки, унда юрак куяди, жигар ёнади, кўз ёш тўкади. Хусусан, банда баданига қараб гуноҳ ва маъсиятни кўргач, кўнглига қараб эса ғафлатни кўргач, كل ميسر لما خلق لهҳамма нарса нима учун яратилган бўлса, у нарса унга осон бўлиши[1]ни билади. Нафс қадар номидан бадбахтлик қилишидан хавотирдаман, чунки бадбахтларнинг белгиси маъсиятдир. Ва қадар олий илмга қарши хилоф қиладими? (Асло хилоф қилмайди.)

Эй бу хилофни изловчи одам! Нимани сўраяпсан? Қадар ҳақидаги илм ғайбийдир. Бадбахтликнинг уруғи илоҳий илмга зид бўлган ғайбий нарсаларни тафтиш қилишдир… Қазонинг сиррини ҳеч ким билмайди.

Яхши билгинки, шақоват-бадбахтлик илоҳий изн ва иродасиз рўёбга чиқмайди. Бу изну ирода эса ғайбий бўлиб, ғайбга тегишли илоҳий илмга боғлиқ ва ундан ҳеч ким хабардор эмас. Бу изн ва иродани илмдан бошқаси шарҳлай олмайди. Қазою қадар илоҳий изн ва ҳукмни сенга етказувчи элчилардир. Ҳеч бир ҳаммолга зарар ва жазонинг хабарини беролмайди. Азоб ва қораланишинг амалинг туфайлидир. Сенинг ишинг итобу азобнинг аломатини тортишдир. Ўз қилмишинг натижасида фақат ўзинг азобу таҳқирларга учрайсан, бошқа кишига маломат ва азоб бўлмайди.

 

[1] Имом Бухорий. Қадар. 2-ҳ.

 

 

 

 

 

 

Юсуф ҲАМАДОНИЙнинг  “Ҳаёт мезони” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 13000 сўм