Мақолалар

НАСИҲАТ  БИЛАН  ТАРБИЯЛАШ

Чоп этилди May 1, 2019 НАСИҲАТ  БИЛАН  ТАРБИЯЛАШda fikr bildirishni o'chirish

Фарзандларга намуна бўлиб ва уларга чиройли муҳитни яратиб қўйишни ўзи билангина чегараланиб қолиш дуруст эмас. Бу икки жараёнга панду насиҳат қилиш услубини ҳам уйғунлаштирсак, кўзлаган мақсадимиз сари тез одимлаган бўламиз. Оламлар Яратувчиси Раббимиз Қуръони каримда ҳам ваъз ва насиҳат тарзида бир неча оятларни марҳамат қилади.

Жумладан, Аллоҳ таоло Луқмон сурасида бундай дейди:

وَإِذْ قَالَ لُقْمَانُ لِابْنِهِ وَهُوَ يَعِظُهُ يَا بُنَيَّ لَا تُشْرِكْ بِاللَّهِ إِنَّ الشِّرْكَ لَظُلْمٌ عَظِيمٌ وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ حَمَلَتْهُ أُمُّهُ وَهْنًا عَلَى وَهْنٍ وَفِصَالُهُ فِي عَامَيْنِ أَنِ اشْكُرْ لِي وَلِوَالِدَيْكَ إِلَيَّ الْمَصِيرُ وَإِنْ جَاهَدَاكَ عَلى أَنْ تُشْرِكَ بِي مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ فَلَا تُطِعْهُمَا وَصَاحِبْهُمَا فِي الدُّنْيَا مَعْرُوفًا وَاتَّبِعْ سَبِيلَ مَنْ أَنَابَ إِلَيَّ ثُمَّ إِلَيَّ مَرْجِعُكُمْ فَأُنَبِّئُكُمْ بِمَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ يَا بُنَيَّ إِنَّهَا إِنْ تَكُ مِثْقَالَ حَبَّةٍ مِنْ خَرْدَلٍ فَتَكُنْ فِي صَخْرَةٍ أَوْ فِي السَّمَاوَاتِ أَوْ فِي الْأَرْضِ يَأْتِ بِهَا اللَّهُ إِنَّ اللَّهَ لَطِيفٌ خَبِيرٌ يَا بُنَيَّ أَقِمِ الصَّلَاةَ وَأْمُرْ بِالْمَعْرُوفِ وَانْهَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَاصْبِرْ عَلَى مَا أَصَابَكَ إِنَّ ذَلِكَ مِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ

«Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: “Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир”. Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-­онангга шукр қил! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”. Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да,) дунё­да яхши муомалада бўлгин ва ўзинг Менга тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин! Сўнгра (яъни қиёмат кунида) қайтиш Менинг ҳузуримгадир, бас, сизларга (ўшанда) қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман. (Луқмон яна деди): “Эй ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ Зотдир. Эй ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил! Албатта, мана шу пухта ишлардандир”» (Луқмон сураси, 13–17-оятлар).

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) тилидан Сабаъ сурасида бундай дейди:

قُلْ إِنَّمَا أَعِظُكُمْ بِوَاحِدَةٍ أَنْ تَقُومُوا لِلَّهِ مَثْنَى وَفُرَادَى ثُمَّ تَتَفَكَّرُوا مَا بِصَاحِبِكُمْ مِنْ جِنَّةٍ إِنْ هُوَ إِلَّا نَذِيرٌ لَكُمْ بَيْنَ يَدَيْ عَذَابٍ شَدِيدٍ

قُلْ مَا سَأَلْتُكُمْ مِنْ أَجْرٍ فَهُوَ لَكُمْ إِنْ أَجْرِيَ إِلَّا عَلَى اللَّهِ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ شَهِيدٌ قُلْ جَاءَ الْحَقُّ وَمَا يُبْدِئُ الْبَاطِلُ وَمَا يُعِيدُ

«(Эй Муҳаммад! Мушрикларга) айтинг: “Мен сизларга фақат биргина нарсани – Аллоҳ учун жуфт ҳолда ва якка ҳолингизда туришга, сўнг­ра тафаккур қилингиз, деб насиҳат қилурман. Соҳибингиз (Муҳаммад)да ҳеч қандай жиннилик йўқдир. У фақат қаттиқ азоб олдидан сизларга (юборилган) бир огоҳлантирувчи (пайғамбардир), холос”. Айтинг: “Мен сизлардан (пайғамбарлигим учун) ажр (ҳақ) сў­рамасман. Бас, у сизларга бўла қолсин. Менинг ажрим фақат Аллоҳнинг зиммасидадир. У барча нарсага (гапимнинг рост эканига ҳам) гувоҳдир”. Айтинг: “Албатта, Раббим (ботилликни) ҳақиқат (Қуръон оятлари) билан (четга) улоқтирур[1]. У ғайб (нарса)ларни аниқ билувчидир”. Айтинг: “Ҳақиқат (Қуръон) келди. Сохталик (қайтадан ширкни) бошлай олмас ва (уни аслига ҳам) қайтара олмас”»[2] (46–49-­оятлар).

Аллоҳ таоло Нуҳ (алайҳиссалом) тилидан Ҳуд сурасида бундай дейди:

قَالُوا يَا نُوحُ قَدْ جَادَلْتَنَا فَأَكْثَرْتَ جِدَالَنَا فَأْتِنَا بِمَا تَعِدُنَا إِنْ كُنْتَ مِنَ الصَّادِقِينَ قَالَ إِنَّمَا يَأْتِيكُمْ بِهِ اللَّهُ إِنْ شَاءَ وَمَا أَنْتُمْ بِمُعْجِزِينَ وَلَا يَنْفَعُكُمْ نُصْحِي إِنْ أَرَدْتُ أَنْ أَنْصَحَ لَكُمْ إِنْ كَانَ اللَّهُ يُرِيدُ أَنْ يُغْوِيَكُمْ هُوَ رَبُّكُمْ وَإِلَيْهِ تُرْجَعُونَ

«Улар (Нуҳ қавми) дедилар: “Эй Нуҳ! Биз билан баҳслашдинг, лекин баҳсни кўп қилиб юбординг. Бас, агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ўша чўчитган нарсанг (азоб)ни келтир!” (Нуҳ) деди: “Уни Аллоҳ хоҳласа, албатта, келтиради. Сизлар эса, ожиз қолдирувчи (енгувчи) эмассиз. Агар Аллоҳ сизларни оғдиришни истаб турган бўлса, (мен) сизларга насиҳат қилишни истаганим билан сизларга насиҳатим фойда бермайди. У Раббингиздир ва Унинг ҳузурига қайтарилажаксиз”» (32–34-оятлар).

وَإِلَى عَادٍ أَخَاهُمْ هُودًا قَالَ يَا قَوْمِ اعْبُدُوا اللَّهَ مَا لَكُمْ مِنْ إِلَهٍ غَيْرُهُ أَفَلَا تَتَّقُونَ قَالَ الْمَلَأُ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ قَوْمِهِ إِنَّا لَنَرَاكَ فِي سَفَاهَةٍ وَإِنَّا لَنَظُنُّكَ مِنَ الْكَاذِبِينَ قَالَ يَا قَوْمِ لَيْسَ بِي سَفَاهَةٌ وَلَكِنِّي رَسُولٌ مِنْ رَبِّ الْعَالَمِينَ

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида Ҳуд (алайҳиссалом) тилидан бундай дейди: «Од (қавми)га уларнинг биродари Ҳудни[3] (элчи қи­либ юбордик). (У) деди: “Эй қавмим! Аллоҳга сиғи­нингиз! Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (Аллоҳдан) қўрқмайсизми?!” Қавмининг кофир бўлган зодагонлари айтди: “Биз сени нодон­ликда (эканингни) кўраяпмиз. Биз сени ёлғончиларданмикан, деб гумон қилаяпмиз”. (У) айтди: “Эй қавмим! Менда нодонлик йўқ. Лекин мен оламлар Раббидан (юборилган) элчидирман…”» (65–67-оятлар).

Мазкур оятлар ягона Аллоҳга даъват этиш, Аллоҳни зикр қилиш, ота-она ҳурмати каби насиҳатлар, турли замондаги набийлар тилларидан зоҳир қилинган. Шу билан бирга насиҳат қилишдаги услублар ҳам кўп. Бинобарин, бу услуб илоҳий услуб ҳисобланиб, панду насиҳат этган киши холис, қалби эса Аллоҳдан қўрқадиган, пок ва иффатли бўлмоғи лозим. Айтаётган ўгити қиладиган ишига мувофиқ келмоғи шарт. Ана шундагина насиҳатлари манфаатли ва ўта таъсирчан бўлиши муқаррар. Айни фикрни Қуръони каримнинг ушбу ояти таъкидлаб келади:

إِنَّ فِي ذَلِكَ لَذِكْرَى لِمَنْ كَانَ لَهُ قَلْبٌ أَوْ أَلْقَى السَّمْعَ وَهُوَ شَهِيدٌ

“Албатта, бунда (уйғоқ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлиб, қулоқ тутган киши учун эслатма бордир” (Қоф сураси, 37-оят).

Ваъз ва насиҳатга ундовчи бир неча оятлар билан танишиб ўтамиз:

وَذَكِّرْ فَإِنَّ الذِّكْرَى تَنْفَعُ الْمُؤْمِنِينَ

“Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур” (Зориёт сураси, 55-оят).

وَمَا يُدْرِيكَ لَعَلَّهُ يَزَّكَّى أَوْ يَذَّكَّرُ فَتَنْفَعَهُ الذِّكْرَى

(Эй Муҳаммад!) Сиз қаердан ҳам билурсиз, эҳтимол, у (Сиздан фойдаланиб, ўз гуноҳларидан) покланар. Ёки эслатма олар-да, сўнгра бу эслатма унга фойда берар?!” (Абаса сураси, 3–4-оятлар).

تَبْصِرَةً وَذِكْرَى لِكُلِّ عَبْدٍ مُنِيبٍ

(Парвардигорга) қайтувчи ҳар бир бандага кўргазма ва эслатма бўлиши учун (шундай қилдик)(Қоф сураси, 8-оят).

وَأَقِمِ الصَّلَاةَ طَرَفَيِ النَّهَارِ وَزُلَفًا مِنَ اللَّيْلِ إِنَّ الْحَسَنَاتِ يُذْهِبْنَ السَّيِّئَاتِ ذَلِكَ ذِكْرَى لِلذَّاكِرِينَ

“Куннинг ҳар икки тарафида (яъни, эртаю кеч) ва туннинг бир бўлагида намоз ўқинг![4] Албатта, савобли ишлар гуноҳларни кетказади. Бу ёд этувчилар учун ёдномадир” (Ҳуд сураси, 114-оят).

فَإِذَا بَلَغْنَ أَجَلَهُنَّ فَأَمْسِكُوهُنَّ بِمَعْرُوفٍ أَوْ فَارِقُوهُنَّ بِمَعْرُوفٍ وَأَشْهِدُوا ذَوَيْ عَدْلٍ مِنْكُمْ وَأَقِيمُوا الشَّهَادَةَ لِلَّهِ ذَلِكُمْ يُوعَظُ بِهِ مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ وَمَنْ يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَلْ لَهُ مَخْرَجًا

“Бас, қачонки, (талоқ қилинган аёллар идда) муддатига етсалар, бас, уларни яхшилик билан олиб қолингиз ёки яхшилик билан (маҳрларини бериб) ажрашингиз! Ва (ярашаётган ёки ажралишаётганда) ўзларингиздан (мусулмонлардан) икки адолатли гувоҳни ҳозир қилингиз ва гувоҳликни Аллоҳ учун баркамол адо этингиз! Бу (ҳукм)дан фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирувчи киши ўгит олур. Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвиш­лардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур” (Талоқ сураси, 2-оят).

Мўминларга илоҳий дастуруламал бўлган Қуръонда, саодатнинг ёрқин йўлларига бошловчи, эзгуликнинг ҳар бир йўлларига ундовчи ваъз ва насиҳатларга доир оятлар кўп. Қалб кўзлари ила боққан ақл эгалари, Қуръони каримдаги инсониятни фароғат манзилига етакловчи бу оятларни нафақат ўқийдилар, балки уқиб турмушларида амалий татбиқ этадилар.

 

[1] Бу оятдаги “ҳақиқат билан улоқтирур” жумласини бошқача тафсир қи­лиш ҳам мумкин. Масалан, Аллоҳ ҳақни, яъни ҳақ гапни (оятларни) ўз пайғамбарларига туширур ёки ҳақни (Исломни) Ер юзининг кўп ҳудуди бўйлаб тарқатади.

[2] Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоятига кўра, Муҳаммад (алайҳиссалом) Макка фатҳида Каъбага келиб, ундаги бут ва санамларни қўлларидаги таёқ билан бирма-бир уриб: “Ҳақиқат келди, сохталик кетди. Сохталик энди қайтадан ширкни бошлай олмас ва уни аслига ҳам қайтара олмас”, мазмунидаги оятларни такрорлаган эканлар.

[3] Ҳуд (алайҳиссалом) бир неча авлод орқали Нуҳ (алайҳиссалом)нинг ўғли – Сомга зурриётдир.

 

[4] Оят мазмунидан беш маҳал намоз вақтлари чиқади. Зеро, куннинг икки тарафини бомдод билан пешин, аср намозлари вақти, туннинг бир бўлагини эса, шом ва хуфтон намозлари вақти, деб таъвил қилинади..

 

 

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг “Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм