Мақолалар

Ҳадисларнинг жамланиши

Чоп этилди Dekabr 21, 2018 No Comments

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бизгача етиб келишида саҳобаларнинг хизматлари беқиёс. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан зарур масалаларни сўраб ўрганишар ва ўрганганларига амал қилишар эди.

Қуръони карим оятлари ҳадис билан аралашиб кетмасин деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Мендан ҳеч нарсани ёзманглар. Ким мендан Қуръондан бошқа нарсани ёзган бўлса, ўчириб ташласин…”, деб буюрганлар (Муслим, “Саҳиҳ”, 7702-ҳадис).  Лекин баъзи саҳобаларга рухсат берилгани ривоят қилинган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади:

“Саҳобалар ичида Абдуллоҳ ибн Амрдан бошқа мендан кўра кўп ҳадис биладигани йўқ эди. Чунки у ёзиб борарди, мен эса ёзмасдим” (Имом Бухорий, “Китабул илм”, 113-ҳадис).
Шунингдек, Абу Бакр Сиддиқ, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий, Абдуллоҳ ибн Абу Авф, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳум Расуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ёзиб борганлари ривоят қилинади (Бухорий, “Саҳиҳ”, Закот китоби; Насаий; Ибн Ҳожар Асқалоний).

Ҳадис ёдлаган саҳобалар вафот этиб, ҳадислар унут бўлиб кетишининг олдини олиш учун ҳадисларни жамлаш ва ёзиб китоб ҳолига келтириш лозим бўлди.
Ҳадисларни китобат қилиш Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ ташаббуси билан бошланади. У қўл остидаги волийларга ҳадисларни ёзиш ва тўплаш ҳақида фармон юборди.
Умар ибн Абдулазиз юборган фармонлардан бирининг матни Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ида мавжуд. У Мадина волийи Абу Бакр ибн Ҳазмга юборилган:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари қандай ҳолга келиб қолганини кўринг. Уни (жамлаб) ёзинг. Мен илм (ҳадислар)нинг йўқолиб кетишидан ва олимларнинг дунёдан ўтиб кетишларидан хавотирдаман. Бу иш (ҳадисларни ёзиш)ни адо этишда фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини қабул қилинг. Олимлар… илмни ёйсинлар, билмаганларга ўргатсинлар. Чунки илм яширилмаса, йўқ бўлмайди”.

Абу Нуаймнинг “Тарихи Исфаҳон” асарида келтирилишича, Умар ибн Абдулазиз барча Ислом ўлкаларига шундай фармонлар юборган.

Ҳадисларнинг ёзилишида катта хизмат қилган Муҳаммад ибн Шиҳоб Зуҳрий Умар ибн Абдулазизнинг ташаббусини тақдирлаб бундай ёзган: “Бизни умаро мажбур қилгунларига қадар илмнинг ёзилишини маъқул деб билмас эдик. Умаронинг бу ишга бош қўшишлари ва мажбурлашлари билан бу ишга киришгач, ҳеч қайси мусулмонни ёзишдан ман этмаслик кераклигига ишонч ҳосил қилдик”.
Тобеинлар даврида ҳадисларни ёзиш саҳобалар давридаги каби кучли рағбат ва ўта диққат билан олиб борилди. Улар бу ишга атрофларидаги кишиларни ҳам ташвиқ қилишди. Имом Омир Шаъбий бундай дейди: “Агар бирор нарса эшитсангиз, деворга бўлса ҳам дарҳол ёзиб қўйинг, бу сиз учун яхши бўлади. Бир куни фойдаси тегади”.
Солиҳ ибн Кайсон дейди: “Зуҳрий билан бирга илм талабида ўтирдик ва суннатларни ёзамиз деб келишдик. Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нақл қилинган нарсаларни ёздик. Сўнгра у: “Саҳобалардан нақл қилинган нарсаларни ҳам ёзамиз, чунки бу ҳам суннат”, деди. Мен: “Йўқ”, дедим. Зуҳрий ёзди, мен ёзмадим. У кўп нарсага эришди, мен эса йўқотдим” (“Тақйидул илм”, 102103, 107-бетлар; “Жомиъу байан ал-илм ва фазлуҳу”, 1-жилд, 76-бет).
Тобеинлардан Саид ибн Жубайр, Башир ибн Наҳийк, Мужоҳид ибн Жабр, Абу Зубайр Муҳаммад ибн Муслим Маккий, Зайд ибн Абу Унайса Раҳовий, Абу Килоба, Айюб ибн Абу Тамима Сижистоний ва Ҳишом ибн Урва ибн Зубайр (раҳимаҳумуллоҳ) ҳадисларни ёзиб “саҳифа” қилишган.

Олимжон Мазамов,
“Ҳидоят” журналининг 2009 йил, 8-сонидан олинди.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan