Дунё янгиликлари

Паланкарая Индонезиянинг янги пойтахти бўлиши мумкин

Чоп этилди May 3, 2019 Паланкарая Индонезиянинг янги пойтахти бўлиши мумкинda fikr bildirishni o'chirish

 

 

Марказий Калимантан провинциясининг Паланкарая шаҳри Индонезия пойтахтини Жакартадан кўчириш учун энг мақбул шаҳар деб топилди. Бу ҳақда The Jakarta Post газетаси ҳукумат экспертлари баҳосига асосланиб хабар берди.

”Шаҳарга ўтган асрнинг ўрталарида асос солинган бўлиб, ўша вақтдаёқ республиканинг биринчи Президенти, мамлакат миллий қаҳрамони Сукарно бу ерга пойтахтни кўчириш ҳақида ўйлаган”, – дейди Фанлар Миллий институти ҳузуридаги аҳоли муаммолари тадқиқотлари раҳбари Харри Йогасвапа.

Унинг айтишича, ҳукумат буюртмасига кўра ўтказилган таҳлиллар Паланкарая давлат маркази бўлиш стандартларининг барчасига жавоб беради. Бундан ташқари Калимантан ороли сейсмологик жиҳатдан бехатар ҳудуд ҳисобланади. 18 минг оролдан иборат дунёдаги энг йирик Индонезия архипелаги учун муҳим жиҳатдир.

Экспертлар Паланкараяни Индонезиянинг муваффақиятли лойиҳалаштирилган ва гўзал шаҳарларидан бири, деб ҳисоблашмоқда. Бугунги кунда унинг аҳолиси бир неча мингни ташкил этмоқда.

Ҳукумат аъзолари Паланкараядан ташқари Жанубий Калимантан провинциясидаги Танах Бумбу ҳамда Шарқий Калимантаннинг Панаджам туманини ҳам ўрганмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Индонезия Президенти Жоко Видодо мамлакат пойтахти бошқа шаҳарга кўчирилишини маълум қилганди. Унинг фикрича, Жакарта бир вақтнинг ўзида ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий марказ бўлиш талабига жавоб бермай қолган.

ЎзА