Мақолалар

Чалғитмасин

Чоп этилди May 4, 2019 Чалғитмасинda fikr bildirishni o'chirish

 

Тиғиз келса-да вақтимиз,

Ибодатдир нақдимиз.

Қаноатда бахтимиз,

Чалғитмасин Ўзидан.

 

Тавбаси билан инсон

Пок бўлар, шунга ишон.

Дилга оралатиб шайтон, –

Чалғитмасин Ўзидан.

 

Йўқдан бизни бор этиб,

Риёзатни ёр этиб,

Ҳаққа келганда етиб,

Чалғитмасин Ўзидан.

 

Юрсам ҳамки пиёда,

Кунлар кундан зиёда.

Бир зумга ҳам дунёда

Чалғитмасин Ўзидан.

           * * *

“Икки дунё йўлдоши имон,

Ўткинчи туш кабидур жаҳон”, –

Дея ишқда этиб мен фиғон,

Катта йўлга чиқдим, Худойим.

 

Бойлик, обрў, нон истаб эмас,

Фақирликдан қўрққанимданмас,

Розилигинг этиб мен ҳавас,

Катта йўлга чиқдим, Худойим.

 

Ўзинг – Раҳим, Ўзинг – дўст, паноҳ,

Фақат Ўзинг ишқимга гувоҳ.

Ғофилликни билиб мен гуноҳ,

Катта йўлга чиқдим, Худойим.

 

Сенга муҳтож Жума Сулаймон,

Қўлламасанг, аҳволим ёмон,

Ишқсизликдин бўлай деб омон,

Катта йўлга чиқдим, Худойим.

Жума СУЛАЙМОН