Мақолалар

СИЗ ҲАМ ЯХШИСИЗ

Чоп этилди May 4, 2019 СИЗ ҲАМ ЯХШИСИЗda fikr bildirishni o'chirish

 

Дўстим, қўли очиқ бўлсангиз,

Муҳтожни йўқларда тўлсангиз,

Ҳар кимни ўзга тенг кўрсангиз,

Демак, сиз ҳам яхшилардансиз.

 

Гар келмаса яхшилик қўлдан,

Ёмонликни қувиб тил, дилдан,

Ёт бўлсангиз адоват, киндан,

Демак, сиз ҳам яхшилардансиз.

 

Сўзингиз-ла амал келса мос,

Эл корига ярасангиз боз,

Ҳар ишда ёр бўлса чин ихлос,

Демак, сиз ҳам яхшилардансиз.

 

Бу хислатлар сизда бўлса жам,

Дейдиларки, дунё-да бир кам,

Кимдир… майли, нима деса ҳам,

Сиз, барибир, яхшилардансиз.

 

АЁЛНИНГ ЖОНИ ҚИРҚТА…МИ?

Қадрдон, зулмдан йироқланг,

Бекангизни доим ардоқланг,

Тоқатидан ортиқ иш ортманг,

Аёлнинг жонини қирқта, деб.

 

Эҳтимол, ёшдирсиз, билмассиз,

Қалблари нозикдир, сезмассиз,

Оғритманг гулбаргдек дилин сиз,

Аёлнинг жонини қирқта, деб.

 

Донишмандлар билиб айтганлар,

Шеърлару достонлар битганлар,

Сабрини назарда тутганлар

Аёлнинг жонини қирқта, деб.

 

Эй дўстим, аёлга ҳамдам бўл,

Ҳар ишда паноҳу маҳрам бўл,

Кун келиб армонда қолмагин,

Аёлнинг жонини қирқта, деб.

 

Сўзимга қулоқ сол, эй йигит,

Бу пандни қалбингдан туй, йигит:

Аттанг деб қолмагин сўнг, йигит,

Аёлнинг жонини қирқта, деб.

 

Абдуваҳоб АЛИМОВ,

Наманган шаҳридаги “Яҳёхон тўра”

жоме масжиди мутаваллиси