Мақолалар

Ошуфта кўнгил (Давоми)

Чоп этилди May 5, 2019 Ошуфта кўнгил (Давоми)da fikr bildirishni o'chirish

Иброҳим Адҳам Маккага отланган айни паллада уни ўғли қидириб йўлга тушган эди. Шаҳзодага отасини Каъба йўлидан қидиришни маслаҳат беришди. Дарҳақиқат, бу пайтда Иброҳим Адҳам карвонга қўшилиб, Макка йўлидаги кичик бир қишлоққа келиб тушганди. Бундан хабар топган маккаликлар ниҳоятда шод бўлиб: “Улкан карвондаги қай бир инсон Иброҳим Адҳам экан?!” дея уни излашга тушдилар.

Иброҳим Адҳам тамадди қилиш учун йўл четига ўтириб, бир бурдагина нондан иборат камтаргина дастурхонини ёзди. Шу пайт 3–4 киши ёнига келиб, дабдурустдан уни сўроққа тута кетдилар:

– Бугун келган карвонданмисан?!

– Ҳа, шундай.

– Ундай бўлса, Иброҳим Адҳам ҳазратларини танирсан?!

– Танийман, албатта!

– Ҳозироқ бизни ўша муборак зотнинг ҳузурига олиб бор!

– Бирор ёққа шошяпсизларми?

Бу қариянинг бепарво ўтириши уларнинг жаҳлини чиқарди. Бири Иброҳим Адҳамнинг ранги униққан чопонининг ёқасидан тутиб, силкиганча танбеҳ берди:

– Бутун маккалик уламолар у зотни кўришга муштоқ. Сен бўлса… Бизни дарҳол у зотнинг ҳузурига олиб бор!

– Ўша ёмон инсонни кўриб нима қиласиз?

– Нималар деяпсан?!

– Иброҳим Адҳам сизлар ўйлаганчалик яхши одам эмас! Гуноҳкор бир банда!

– Сен ақли паст, шундай муборак зотни ҳақорат қилишга қандай ҳаддинг сиғди?

Сўровчилар Иброҳим Адҳамни дўппослашди. У зот мувозанатни сақлай олмай йиқилгачгина нари кетишди.

Иброҳим Адҳам ўрнидан туриш асносида ўзига-ўзи деди:

– Мана сенга, эй мағрур нафсим! Макка олимларининг ҳузурингга келганидан ғурурландинг. Еган калтакларинг билан эса ўзинг лойиқ бўлган мақомга тушдинг! Ғурурга кетгандинг, жазосини торт!

Бу орада Иброҳим Адҳамни яхши танийдиган карвондаги бир киши у зотни калтаклаган одамлар ёнига бориб деди:

– Нималар қилиб қўйдингиз. Сизлар калтаклаган зот Иброҳим Адҳам ҳазратлари-ку!

– Бундай бўлиши мумкин эмас, – деди ваҳимага тушиб улардан бири ва телбаларча қишлоқ кўчаларида югуриб, Иброҳим Адҳамни қидира бошлади.

Аллоҳ дўстларини қаердан топиш мумкин?! Албатта, Аллоҳнинг уйидан!

Иброҳим Адҳам ҳам масжидда ибодат қилаётган эди. Бечора одам қаттиқ ҳаяжонланганидан дуо тугашини ҳам кутмай, кечирим сўрай бошлади:

– Гуноҳимдан ўтинг, Худо ҳақи, кечиринг! Мен жоҳилни афв этинг! – деди таъзим қилиб.

Иброҳим Адҳам уни тургизиб, деди:

– Биз таъзим қилинадиган зот эмасмиз! Нафсимиз ғурур деб аталган илонни бизга қайта ҳукмрон қилишига асло изн бермаймиз. Ўрнингиздан туринг!

– Турмайман, кечирганингизни айтмагунингизга пойингиздан бош кўтармайман!

– Сени афв этдим, турақол!

– Аллоҳ сиздан рози бўлсин!

Афв сўровчи ҳамон Иброҳим Адҳамнинг қўлларини қўйиб юбормас, нурли юзига боқиб тўёлмас эди.

Иброҳим Адҳам ҳазратлари деди:

– Қўйиб юбор, йўлимда давом этай!

– Рухсат беринг, сизга ҳамроҳлик қилай, хизматингизда бўлай!

– Нафсимни йўлдан оздирмоқчимисан? Менга хизматкор керак эмас!

– Қанча қувсангиз ҳам сиздан ажралмайман!

– Майли, майли! Фақат Маккагача. Кейин мени ёлғиз қолдирасан! Ягона шартим шу!

(Давоми бор)

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 7-сонидан