Мақолалар

Ҳафса бинти Умар

Чоп этилди May 5, 2019 Ҳафса бинти Умарda fikr bildirishni o'chirish

Ҳафса онамиз (розияллоҳу анҳо) оқила ва сабрли аёллардан бўлганлар. Турмушнинг оғир, синовли кунларини мўминаларга хос қарши олди ва бу билан қиёматга қадар аёллар учун ибратга айланди.

Ҳафса (розияллоҳу анҳо) зеҳни ўткир, юксак ахлоқли, иродаси мустаҳкам, қатъиятли аёл эди. Ҳижратнинг учинчи йили Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га турмушга чиқиб, мўминлар онаси бўлиш шарафига эришди.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) хонадонларига келганида, Савда онамиз Ҳафсани мамнуният ила қарши олди. Лекин ҳазрат Ойша бу ёшгина аёл билан қандай муносабат қилишни билмай ҳайрон эди. Ахир, Ҳафса Аллоҳ Исломни у билан азиз этган, мушриклар қалбини қўрқувга тўлдирган Умар Форуқнинг қизи эди-да.

Отаси Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ҳам қизи Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ёри бўлганидан қанчалик севинган бўлса, шунча насиҳат қилар, Ойша онамиз билан бирор нарсада тортишмасликни тайинлаб: “Сен қаёқда-ю, Ойша қаёқда. Унинг отаси қаерда-ю, сенинг отанг қаерда”, дерди.

Орадан вақт ўтди. Ойша билан Ҳафса оналаримиз муносабатлари илиқлашиб, сирдошга ҳам айланишди. Ҳатто ўзаро маслаҳатлашиб, турли ишларни амалга оширадиган бўлишди. Ана шундай “келишув”лардан бири Ҳафсанинг ҳаётини буткул изидан чиқариб юборишига оз қолди.

Воқеа ҳақида Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) бундай ривоят қилади: «Набий (алайҳиссалом) Зайнаб бинти Жаҳш ҳузурида асал шарбати истеъмол қилиб, бироз қолиб кетардилар. Ҳафса икковимиз: “Қай биримизнинг олдимизга кирсалар, мағофир (ширин таъмли, нохуш ҳидли урфур дарахти ширасидан олинган асал) ебсизми? Сиздан унинг ҳиди келяпти”, деб айтишга келишиб олдик.

Ҳафсанинг олдига кирган эканлар, у ҳалиги гапни айтибди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): Йўқ. Зайнабнинг олдида асал еган эдим, холос. Энди қайтиб бу ишни қилмайман, қасам ичдим, аммо сен буни ҳеч кимга айтмагин, деб тайинлабдилар». Шунда Таҳрим сурасининг 1-ояти нозил бўлди: “Эй Пайғамбар! Нега хотинларингизнинг розилигини истаб, Аллоҳ сиз учун ҳалол қилган нарсани (асални) ҳаром қилиб олурсиз! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир”
(Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таолодан келган танбеҳдан сўнг Набий (алайҳиссалом) завжаларидан айрилиб, хилватга юз бурдилар. Ҳафса онамиз (розияллоҳу анҳо) бўлган ишдан қаттиқ пушаймон эди. Чунки у билан Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)га ҳам Парвардигордан танбеҳ тушганди: “Агар сизлар Аллоҳга тавба қилсангиз (ўзларингизга яхши). Чунки дилларингиз (ҳақ йўлдан) тойиб кетди!” (Таҳрим сураси, 4-оят). Онамизга кенг дунё торлик қила бошлади. “Аллоҳ ва расулининг назаридан қолдим, икки дунё саодатидан маҳрум бўлдим”, дея юрак-бағри эзилди.

Одатда, аёллар қийин вазиятларда ўзларини йўқотиб қўйишади. Бир хато кетидан, иккинчисини такрорлашади. Оқила ва қатъиятли онамиз эса умидсизликка тушмади. Аста-секин ўзини қўлга олиб, сабр ва намоз билан Аллоҳдан мадад сўрай бошлади. Тавба-тазарру қилди, тинимсиз рўза тутди, зикрдан тўхтамади. Ойнинг ўн беши қоронғи, ўн беши ёруғ, дейишади. Онамизнинг ҳаётига ҳам яна ёруғ кунлар кириб келди. Унинг дуо ва илтижоларини Яратган қабул этди, Ҳафса онамизни ўзи кутмаган ва ўйламаган томонидан севинтирди. Набий (алайҳиссалом)га фаришта Жибрил (алайҳиссалом) орқали: Ҳафсани қайтариб ол, у кундузлари рўзадор, кечалари қоим (нафл намоз ўқийди) ва сенинг жаннатдаги завжанг”, дея амр этди.

Ҳа, онамизнинг матонатидан ибрат олиш ҳар бир аёлнинг ўзига боғлиқ. Чунки онамиз ҳеч кимнинг қўлидан келмайдиган ишни бажармади. Мўминаларга хос иш тутди, холос.

Бўлиб ўтган воқеа сабаб ёш оналаримизнинг орасига совуқчилик ҳам тушмади. Улар Набий (алайҳиссалом)га гўё мусобақалашаётгандек хизмат қилишда давом этишди. Расули акрамга садоқат ва муҳаббат билан боғланишди. Ўзларига ҳадя қилинган нарсаларни емай-ичмай, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)ни икром этишарди. Ойша онамиз ҳам яқин сирдош дугонасини мақтаб: “Ҳафса том маънода отасининг қизидир. Иродаси мустаҳкам, бир сўзли ва қатъиятлидир”, дерди.

Ҳафса (розияллоҳу анҳо) ҳам бошқа оналаримиз қатори фақирликда яшади. Биргина шолчаси бўлиб, ёз кунлари уни тагига тўшар, қишда эса бир томонини остига, иккинчи тарафини устига ёпарди. Шундай бўлса-да, доимо шукр қилди.

Албатта, “Мўминлар онаси” шарафига муяссар бўлиш Яратганнинг буюк бир инъомидир. Лекин ҳар неъматнинг шукри ва ҳақи бор. Ушбу шарафдан тўғри фойдаланиш аёлнинг қай даражада оқила эканига боғлиқ. Ҳафса онамиз оқила аёллардан эди. Оилада хотинлик вазифасини сидқидилдан бажариб, кундузлари рўза тутишни, кечалари ибодатни канда қилмади. Қуръони каримни тўлиқ ёд олди, ўқиш ва ёзишни ўрганди. Ўша вақтларда саводли кишиларни “комил” деб аташарди. Онамиз ана шундай улуғ мартабага эришди.

Ҳафса (розияллоҳу анҳо) Қуръони каримни тўлиқ ёд олиш билан бирга, тафсирини ҳам ўрганди. Унинг бу даражага етишига Пайғамбаримиз (алайҳиссаллом)дан олган дарслари сабаб бўлди. Онамиз билмаган нарсаларини сўраб олишдан ҳеч малолланмас, кези келганда, ўз фикрини ҳам баён этарди.

Ҳафса онамиз (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан сўнг ҳам Ислом динини инсонларга тарқатиш йўлида жонбозлик кўрсатди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг сўзларини қалбига дур-гавҳардек жойлаб, уни умматларга етказди. Онамиз (розияллоҳу анҳо) ҳадис ривоят қилишда Ойша, Умму Салама ва Маймуна онамиз (розияллоҳу анҳунна)дан кейин тўртинчи ўринда туради. Бақий ибн Мухлад (раҳимаҳуллоҳ) Ҳафса (розияллоҳу анҳо)нинг 60 та ҳадис ривоят қилганини айтиб ўтган. У кишидан укаси Абдуллоҳ ибн Умар, Ҳориса ибн Ваҳб, Шутайр ибн Шакл, Муталлиб ибн Абу Вадоа, Абдуллоҳ ибн Сафвон Жуҳамий ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган.

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) халифалик вақтида кечалари яширинча атрофни айланар одамлар ҳолидан хабар оларди. Бир куни нотаниш аёлнинг ўз ҳовлисида ҳижрон ҳақида шеър айтганини эшитиб қолди. Ҳазрат Умар аёлдан эрининг исми, қайси тарафга кетганини билиб олиб, изига қайтди. Тонг саҳарда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қизи – мўминлар онаси Ҳафсанинг уйига йўл олди.

– Одамни ўйлантирадиган бир масала чиқиб қолди. Уни ҳал қилишда ёрдам берсанг, мени хурсанд қиласан.

– Нима экан у, отажон?

Ҳазрат Умар тундаги воқеани айтиб берди, кейин сўради:

– Турмушли аёл эридан узоқлашса, қанча чидаши мумкин?

Ҳазрат Ҳафса жавоб бермай, бошини эгди. Лекин ҳазрат Умар бу ердан жавоб олиб чиқиши керак эди.

– Аллоҳ ҳақ ва рост гапни айтишдан ҳаё қилмайди. Жавоб бер!

Ҳафса онамиз бошини кўтармай, қўллари билан кўрсатди: “Тўрт ой”.

Керакли жавобни олгач, ҳазрат Умар ўрнидан турди. Ўша куниёқ хабарчилардан қўмондонларга: “Ҳеч кимни тўрт ойдан ортиқ ушлаб турманглар, уйига рухсат бериб юборинглар”, деган мазмунда хат жўнатди. Бояги аёлнинг эри ҳам рухсат олиб, уйига қайтди (Суютий, «Тарихул халифа»).

Ҳафса (розияллоҳу анҳо) ҳижратнинг қирқ биринчи, бошқа ривоятда қирқ бешинчи йили Муовия ибн Абу Суфён халифалиги даврида вафот этди. Мадина волийси Марвон ибн Ҳакам унинг жанозасини ўқиди. Бақиъ қабристонига дафн этилди. Укаси Абдуллоҳ билан Осим уни қабрга қўйди.

Имом Воқидий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: «Али ибн Муслим отасидан ривоят қилиб айтадики: “Мен Марвонни Ҳафсанинг тобутини кўтариб кетаётганлар орасида кўрдим. Абу Ҳурайра ҳам у зот (розияллоҳу анҳо)ни Муғийранинг ҳовлисидан қабригача кўтариб борди”.

“Сияру аъломин нубало” ва “Нисо ҳавлар Росул” асарлари асосида

“Хадичаи Кубро” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Сурайё ИБРОҲИМОВА тайёрлади.

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 1-сонидан