Мақолалар

ЖУМА КУНИДАГИ БОМДОД НАМОЗИ

Чоп этилди May 3, 2019 ЖУМА КУНИДАГИ БОМДОД НАМОЗИda fikr bildirishni o'chirish

Абу Убайда ривояти: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Намозлар ичида жума куни жамоат билан ўқилган бомдод намозидан афзали йўқдир. Сизлардан ким бунга шоҳид бўлса (яъни адо этса), унинг гуноҳлари мағфират этилади.

Аллоҳ таоло жума кунини ихтиёр этиб, уни бошқа кунлардан афзал қилди. Ушбу куни Одам Атони яратди, шу куни уни вафот эттирди. Амаллар сарҳисоб қилинадиган вақтни шу кунга киритди. Қиёматни ҳам шу кунга белгилади. Охиратда Аллоҳнинг суюкли бандалари Унинг зиёратига киритиладиган кун ҳам жума кунидир. Бомдод намози эса Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари томонидан кузатиб турилади. Аллоҳ таоло бу хусусда бундай деган: «Тонгги ўқиш (фаришталар) ҳозир бўладиган (намоз)дир» (Исро, 78).

Шунинг учун ҳам Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Кимки тонг намозини жамоат билан адо этса, у банда Аллоҳ таолонинг зиммасидадир. Агар банда Раббиси уни кузатиб турган вақтига мос келиб қолса, Унинг паноҳи ва ҳимояси остига олинади”. Унинг паноҳи – мағфират, ҳимояси – душманлардан сақлашидир.

 

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм