Мақолалар

ФАРЗАНД ХУРСАНДЧИЛИГИ

Чоп этилди May 3, 2019 ФАРЗАНД ХУРСАНДЧИЛИГИda fikr bildirishni o'chirish

Энг аввало, бола туғилиши билан хурсандчилик қилиниб, биринчи навбатда унинг отасидан суюнчи олинади. Чунки ота биринчи бўлиб фарзандли бўлганини эшитса, унга нисбатан меҳри ошади. Агар бир кишига хотини туққани ҳақида хушхабар етказилса, фарзандни Аллоҳ таоло инъом этган улуғ неъмат деб билиши, дарҳол Аллоҳга ҳамд айтиши суннатдир.

Аллоҳ таоло Иброҳимга (алайҳиссалом) хушхабар бериб, бундай дейди:

«Иброҳимга элчиларимиз (фарзандли бўли­ши ҳақида) хушхабар келтирдилар ва «Салом!» дедилар. У ҳам «Салом!» деди-да, ҳеч қанча вақт ўтмай, бир бузоқ (гўштининг) кабобини келтирди. Унга (таомга) қўл чўзмаганини кўргач, (Иброҳим) улардан ётсиради ва улардан қаттиқ қўрқиб кетди. (Улар) дедилар: «Қўрқма! Биз Лут (қавми)га юборилганмиз». Хотини (Сора) турган эди, кулиб юборди. Унга Исҳоқ (номли фарзанд) ва Исҳоқнинг орқасидан Яъқуб (исмли набира беришимиз) ҳақида хушхабар бердик» (Ҳуд, 69-71).

Бошқа оятда Закариёга (алайҳиссалом) хушхабар беради:

«Сўнгра, масжидда туриб намоз ўқиётганида, фаришталар унга нидо қилиб, дедилар: «Аллоҳ сенга Яҳё (исмли фарзанд) хушхабарини бермоқдаким, у Аллоҳнинг сўзини тасдиқ этадиган, (ўз қавмига) пешво бўлиб, (шаҳватлардан) ўзини тиядиган солиҳ пайғамбарлардан (бўлур)» (Оли Имрон, 39).

Марям сурасида эса:

«(Аллоҳ айтди): «Эй Закариё! Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берурмиз; унинг исми Яҳё бўлиб, илгари унга бирор (кимсани) ҳамном қилган эмасмиз», дейилган (7).

Фарзанднинг туғилиши нафақат унинг ота-онаси, балки барча қариндош-уруғлар, яқинлар учун ҳам чинакам қувончли ҳодисадир. Шунинг учун у туғилган заҳоти Аллоҳга мақтов ва шукроналар айтиб, бу ҳақда ҳаммага маълум қилинади. Бошқалар ота-онани янги меҳмон билан қутлашади, унга узоқ умр, сиҳат-офият ва эзгу тилаклар тилашади.

Сийрат китобларида айтилишича, туғилган бола боис хурсандчилик қилиш лозим. Абу Бакр ибн Мунзир айтади: Ҳасан Басрийнинг олдига бир киши келиб, унинг ҳузурида ҳозиргина фарзандли бўлган кишини кўради. Ҳасан Басрий унга: «Бола муборак бўлсин! Уни берган Аллоҳга шукр қил, яхшилик билан сийлабди», дейди.

Айниқса,қиз бола туғилганида кўпроқ хурсанд бўлишингиз лозим. Чунки қиз фарзанд ўша хонадонга яхшилик ва масъудлик олиб келади, хотиннинг баракотлиси илк фарзанди қиз бўлганидир.

Баъзилар фақат ўғил кўришни исташади, қиз бола туғилганида эса севиниш ўрнига ҳафсалалари пир бўлиб, ҳатто хотинларини айблашгача боришади. Бу мутлақо нотўғридир. Аксинча, агар қиз фарзанд туғилса, ота-она зиёдароқ хурсанд бўлиши зарур.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат этган:

«…Хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этур…» (Шўро, 49).

Қуръони каримда қиз боланинг ўғил боладан олдин зикр этилиши ҳам қиз фарзанднинг ўғилга нисбатан баракали ва фазилатли эканига ишорадир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Биринчи фарзанди қиз бола бўлгани аёлнинг баракотли, бахтли ва шарофатли эканига далолатдир».

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм