Мақолалар

Дуодан сўнг ёмғир ёғиши ва тўхташи

Чоп этилди May 3, 2019 Дуодан сўнг ёмғир ёғиши ва тўхташиda fikr bildirishni o'chirish

Ёмғир ёғмай, қурғоқчилик бўлганида, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматлари учун Аллоҳ таолодан ёмғир сўраб дуо қилдилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) минбарларидан тушмасларидан туриб ёмғир ёғиб, соқолларидан оқиб тушди.

Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

«Жума куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) минбарда тик туриб хутба қилаётганларида, минбарнинг рўпарасидаги эшикдан бир одам кириб келди ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га юзланиб: “Ё Расулуллоҳ! Ёмғир ёғмай, моллар ҳалок бўлди. Аллоҳга дуо қилинг, бизларга ёмғир берсин”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки қўлларини кўтариб: “Ё Аллоҳ, бизларни суғоргин! Ё Аллоҳ, бизларни суғоргин! Ё Аллоҳ, бизларни суғоргин!” дедилар.

Анас (розияллоҳу анҳу) дедилар: “Аллоҳга қасам, осмонда бир парча булут ҳам, бошқа нарса ҳам йўқ эди. Уй ва ҳовлиларнинг ортидан қалқондек келадиган булут осмонга кўтарилди. Осмонга кўтарилгач, атрофга тарқалди ва ёмғир ёғди.

Аллоҳга қасам, бизлар олти кун қуёшни кўрмадик. Сўнг келаси жумада ҳалиги киши яна ўша эшикдан кириб келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) минбарда хутба ўқирдилар. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ! Йўллар кесилиб, моллар ҳалок бўлди. Аллоҳга дуо қилинг, бизлардан ёмғирни тўхтатсин”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки қўлларини кўтариб: “Ё Аллоҳ, ёмғирни бизларнинг устимиздан буриб, тепаликлар, тоғлар, тоғ ёнбағирлари ва дарахтзорларга ёғдиргин!” дедилар. Чиққанимизда ёмғир ёғишдан тўхтаб, қуёш чарақлаб турганди ва биз қуёш нурлари остида (манзилимизга) кетдик» (Саҳиҳ ҳадис. Имом Бухорий ривояти 1013–1016-ҳадис. Имом Муслим ривояти 1272-ҳадис).

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 24000 сўм