Мақолалар

Рамазон остонасидаги ўйлар

Чоп этилди May 3, 2019 Рамазон остонасидаги ўйларda fikr bildirishni o'chirish

Икки кундан кейин Рамазон.

Унга тайёрмизми?

Ҳарҳолда, улуғ ой олдидан вазиятимизни ўрганиб, ўзимизни тафтиш қилиб олганимиз яхши-да.

Озиқ-овқат. соя-салқин жойлар, салқин ичимликлар… деганларидек.

Ўйлаймизки, бизнинг Ватанимизда ушбу масалаларда унчалик катта муаммолар учрамайди. Биз рамазонда дучлашадиган асосий муаммо руҳиятимиз билан боғлиқ. Рўза ибодатимиз мукаммал бўлиши учун ана ўшаларга эътиборли бўлмоғимиз даркор.

Қалбимиз Аллоҳ таолонинг зикридан тўсадиган мосуводан фориғми? Кўзимиз кўча тўла ношаръий нарсаларга қарамайдими? Тилимиз ёлғон-яшиқ гапирмайдими, ғийбат, чақимчилик қилмайдими, фаҳш гаплар, хусумат, мақтанчоқлик, бефойда – лағвдан тийиладими? Аллоҳ таолонинг зикри ва Қуръон тиловати билан машғул бўладими? Қулоқларимиз беҳуда нарсаларни эшитмайдими? Оёқларимиз гуноҳ ишлар бўладиган тарафларга қараб юрмайдими? Қўлларимиз гуноҳу маъсиятни ушламайдими?

Рўзани чинакам соғинган, унинг ҳар бир кунидан насиба олиб қолишга астойдил интиладиган, амалларини – рўзаси, намози, хайру эҳсонларини чин муҳаббат билан қиладиган; очликдан, ташналикдан, уйқусизликдан келадиган ранжу машаққатларни бебаҳо неъмат биладиган, улардан ўзгача завқу шавқ  оладиган ҳақиқий тақво соҳиблари шу ойда кўпдан кўп ажру савобларга эришадилар.  Бунинг учун улар юқорида санаб ўтилганидек бутун жисму жони билан мукаммал рўза тутадилар.

Бу ишни биз ҳам қила оламиз, биз ҳам улуғ саодатга етиша оламиз. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат эшикларини ана шу ойда янада кенгроқ очиб қўяди. Фақат биз ланжлик-дангасалик юкини елкамиздан итқитиб, ғайрат-шижоат отини жиловлаб олсак кифоя.

Рамазон муборак, азизлар!

Дамин ЖУМАҚУЛ