Янгиликлар

Ўзбекистонлик журналистлар АҚШ расмий доиралари вакиллари билан учрашмоқда

Чоп этилди May 6, 2019 Ўзбекистонлик журналистлар АҚШ расмий доиралари вакиллари билан учрашмоқдаda fikr bildirishni o'chirish

 

 

Шу кунларда Ўзбекистоннинг марказий ОАВ вакиллари АҚШда давлат бошқаруви, ахборот коммуникация тизимлари, журналистик ташкилотлар ва матбуот хизматлари фаолияти билан яқиндан танишиш ва ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Вашингтон, Балтимор ва Миннеаполис ҳудудларида бўлди.

АҚШ Давлат департаменти, Конгресс вакиллар палатаси, Федерал коммуникация комиссияси, журналистлар ва матбуот уюшмалари, шунингдек, «Америка овози» телерадиосида учрашувлар ўтди.

Ҳар бир мулоқотда Ўзбекистондаги реал вазият хусусида саволлар тушди. АҚШ расмий доираларида бу борада қизиқиш баланд экан. Тошкентдан борган журналистлар Ўзбекистонда жамоатчилик амалдаги сиёсатга нисбатан эркин фикрини бемалол билдираётгани, маълум бир қарорларга таъсир ўтказаётгани, фуқаролар мутасаддилар олдига талаб ва таклифларини қўяётгани ва бу талаблар эътиборга олинаётгани, раҳбарият билан эмин-эркин мунозараларга киришиши оддий ҳолга айланаётгани хусусида гапириб бермоқда.

Муҳокамалар давомида сўнги йилларда Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар мамлакат ОАВ фаолиятида туб бурилиш даврини бошлагани, матбуот ва сўз эркинлиги сабаб ахборот воситаларида жамиятдаги иллатлар анча дадил ёритилаётгани таъкидланмоқда.

Қандайдир тўсиқ ёки қаршиликлар эскилик сарқити сифатида эсланаётгани муҳокамаларда асосий мавзуларидан бири бўлмоқда.

Айрим халқаро ташкилотлар ҳисоботларида ҳамон «Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлиги йўқ», деб хулоса қилаётгани, Тошкентдан борган мутахассислар назарида, Ўзбекистондаги бугунги реал вазиятга холис баҳо эмас. Шу боис делегация америкалик ҳамкасб ва шерикларини ҳамда мутасаддиларни мамлакатга таклиф қилиб, ўзгаришлар билан танишишга ундади.

Аслиддин Суюнов,

ЎзА мухбири Вашингтон