Мақолалар

Оилавий зўравонлик – имон заифлигидандир

Чоп этилди Dekabr 23, 2018 No Comments

Мутахассислар оилавий зўравонликни энг кўп учрайдиган жиноятлар сирасига киритади. Шундай бўлиши табиий, зотан. Чунки жамиятнинг ўзи оиладан ташкил топар экан, оилавий можаролар ҳам жамият эътиборининг қоқ марказида бўлади-да.

Аслида оилавий зўравонликлар энг қашшоқ ва аҳолиси саводсиз давлатларда юз беради. Уларнинг кўплаб аҳолиси рўйхатга ҳам олинмагани боис неча аёлнинг оилавий зўравонликка учрагани, нечовининг ҳаётдан кўз юмиб кетганининг ҳисобини ҳеч ким билмайди. Шунингдек, ривожланиб бораётган давлатларда ҳам аёлларнинг оилавий зўравонликка дуч келаётгани айтилмоқда. Улар сирасидаги Мексика ва ҳиндистонлик аёллар бу ишда ўзларини айбдор деб санашар экан. Лекин рус аёлининг йўриғи бошқа. У ўзига қарши дўлайтирилган мушт тимсолида эрининг қудратини ҳис қилишни истайди. Мабодо эри унга мушт кўтара олмаса, уни назарига илмай қўяди.

Ривожланган давлатларда, айниқса, АҚШ ва Францияда аёлларнинг оилавий зўравонликка учрашининг сабаби кўпчилик тасаввур қилганидек, уларнинг ҳуқуқлари чеклангани боис эмас, аксинча, ҳуқуқларининг ҳатто одоб-ахлоқ доирасидан ҳам ўтиб, чексизлашиб кетганидир. Масалан, уйига дўстим деб бегона эркакни эргаштириб келади. Шу ишга ҳамияти бор эркак рози бўладими?..

Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, ҳар қандай шароитда – уйда бўладими, кўчадами – икки киши келишмай қолса, улардан кучлиси кучсизига босим ўтказади. Шундай экан, эркак билан баб-баробар тортишган аёл, албатта, зўравонликка учрайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, аёлларни зўравонликлардан ҳимоя қилиш йўлида ҳали кўп иш қилиниши керак. Лекин қандай ишлар қилиниши керак? Буни казо-казо ташкилотларнинг ўзлари ҳам билмайди. Бу борада қилаётган ишларининг натижаси тескари бўлаётганига ўзлари ҳам ҳайрон бўлмоқда.

БМТ Бош Ассамблеяси 2000 йилда қабул қилган (№A/RES/54/134) резолюциясида ҳар йили 25 ноябрни Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўрaвонликларга барҳам бериш куни (International Day for the Elimination of Violence against Women) сифатида нишонлаш таъкидланади.

Анъанага биноан ҳар йили 25 ноябрь куни “Гендер зўравонликларига қарши фаол 16 кун” деб номланган кампанияга старт берилади. Бу кампания Халқаро инсон ҳуқуқлари куни нишонланадиган 10 декабрда якунланади. Бош Ассамблея резолюциясида жаҳон мамлакатлари ҳукуматлари, БМТ тизимидаги ташкилотлар, халқаро ва ноҳукумат ташкилотларга мурожаат қилиб, шу куни хотин-қизларга қарши зўравонликлар билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратиш тавсия қилинади. Ушбу сана муносабати билан ҳар йили БМТ Бош котиби мурожаат билан чиқиб, хотин-қизларга нисбатан зўравонликлар жаҳон бўйлаб кенг тарқалиб бораётганига алоҳида эътибор қаратади ва бу муаммони бартараф қилиш борасида биргаликда ишлашга чақиради.

Хўп, шундан кейин оилавий зўравонликлар сони камаяптими? Дунёда зўравонликлар сабабли ҳалок бўлган аёлларнинг 33-50 фоизи эрларининг калтакларидан вафот этаётир. 2000 йилда ҳам шундай эди, ҳозир ҳам шундай.

Бугунги кунда 60 та мамлакатда оилавий зўравонликларга бағишланган қонун қабул қилинган. Бироқ ўша давлатларда оилавий зўравонлик барҳам топдими?..

Аёлни Ислом дини эъзозлади, яъниким, уни меҳрибон она, муштипар опа-сингил, мушфиқа қиз деб билишни, уларга меҳрибончилик қилишни, жисмига оғирлик қиладиган ишларни буюрмасликни амр этди. Шунингдек, динимиз аёлнинг жамиятдаги ўрнини ҳам таъмин этди. Бунинг натижасида аёллар дала ишларидан, чўпон-чўлиқликдан ва бошқа оғир ишлардан озод қилиниб, мусулмонлар уйларининг маликаларига айланди. Мусулмон аёлларига қанчалик ҳаваси келиб уларни “хонадон маликалари” деб атаган ҳам XVIII юзйилликда Франциянинг Туркиядаги элчисининг аёли эди.

Аёлга муносабат масаласида Ислом динида нима дейилган ўзи?

Баъзи олимлар Нисо сурасининг 34-оятидаги “وَاضْرِبُوهُنَّ – возрибуҳунна” иборасига таяниб аёлни эри охирги чора сифатида уриши мумкин деган фикрга келганлар. Бошқа бир тоифа олимлар эса وَاضْرِبُوهُنَّ амри юзасидан ўзларининг фикрларини айтишга ожизликларини маълум қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу борада нима таълимот берганини ўрганмасдан туриб, аёлни уришга фатво бериш янглиш иш эканини айтганлар.

Дарҳақиқат, Қуръони каримни тўғри англамоқ учун ҳар бир ояти карима ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом нималарни буюргани, асҳоби киромнинг ўша мавзуда нималарни тушунтиргани,  мужтаҳид олимлар мавзу юзасидан қандай ижтиҳод этганларини билмоғимиз зарур. Фақат Қуръони каримнинг ўзига қараб тушунча ҳосил қилишга ақлимиз ожизлик қилади.

Аввало ушбу мавзудаги ояти каримадаги битта сўзни асос қилиб олишга шошилмасдан оятни яхлит ҳолда ўрганишга ҳаракат қилмоғимиз даркор:

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاء بِمَا فَضَّلَ اللّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنفَقُواْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ فَالصَّالِحَاتُ قَانِتَاتٌ حَافِظَاتٌ لِّلْغَيْبِ بِمَا حَفِظَ اللّهُ وَاللاَّتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلاَ تَبْغُواْ عَلَيْهِنَّ سَبِيلاً إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلِيّاً كَبِيراً

Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар–итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир. Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ юксак мақомли буюк зотдир. (Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эркак киши оила раҳбари бўлса ва у ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилгандек адо этса, бундай оилалар бахт-саодатга соҳиб бўлмоқда. Бу кўрсатмага юрмаган оилалар эса, бахтсизликка учрамоқда, шундайлардан ташкил топган жамиятлар ҳам бахтсизликка дучор бўлмоқда. Бу ерда гапни чўзиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатида эрига итоаткорлик бордир. Биз «итоаткорлик» деб таржима қилаётган сўз ояти каримада «қонитатун» лафзи ила келган. Бу сўз ўз иродаси, рағбати ва муҳаббати ила итоат қилиш маъносини англатади. Демак, мўмина, солиҳа аёлларнинг эрларига итоати ўз масъулиятини тушунган ҳолдан келиб чиққан бўлади. Қўрққанидан, мажбурлашдан ёки бошқа бирор босқидан эмас. Бу итоат ўзини тушунган, ҳаётдаги ўрнини, вазифаси ва масъулиятини ҳис этган гўзал инсоннинг итоатидир.) (Бақара, 34).

Мазкур оятдаги “зарб”  калимаси Қуръони каримнинг бир неча ўринда турли маъноларда келган. Жумладан, Нур сурасининг 31-оятида:

وَقُل لِّلْمُؤْمِنَاتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصَارِهِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُوجَهُنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَلْيَضْرِبْنَ بِخُمُرِهِنَّ عَلَى جُيُوبِهِنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا لِبُعُولَتِهِنَّ أَوْ آبَائِهِنَّ أَوْ آبَاء بُعُولَتِهِنَّ أَوْ أَبْنَائِهِنَّ أَوْ أَبْنَاء بُعُولَتِهِنَّ أَوْ إِخْوَانِهِنَّ أَوْ بَنِي إِخْوَانِهِنَّ أَوْ بَنِي أَخَوَاتِهِنَّ أَوْ نِسَائِهِنَّ أَوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُهُنَّ أَوِ التَّابِعِينَ غَيْرِ أُوْلِي الْإِرْبَةِ مِنَ الرِّجَالِ أَوِ الطِّفْلِ الَّذِينَ لَمْ يَظْهَرُوا عَلَى عَوْرَاتِ النِّسَاء وَلَا يَضْرِبْنَ بِأَرْجُلِهِنَّ لِيُعْلَمَ مَا يُخْفِينَ مِن زِينَتِهِنَّ وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعاً أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

Сен мўминаларга айт: Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар. Зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ака-укаларига ё ака-укаларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё аёлларига ё ўз қўлларида мулк бўлганларга ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчиларга ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болаларга (бўлса майли). Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар». (Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга (с.а.в.) хитоб қилиб, мўмина аёлларга кийим кийиш ва аврат беркитиш борасида ўзларини қандай тутишлари лозимлигини баён қилиб беришини буюрмоқда. Муслима аёллар ҳам номаҳрамларга шаҳват назари билан қарамасликлари лозимлиги ушбу оятдан тушунилади. Аёлнинг аёлга нисбатан аврати киндигидан тиззасигачадир. Аёл кишининг номаҳрам эркакларга нисбатан аврати юзи ва икки кафтидан бошқа бутун баданидир. Мўмина-муслима аёл шарафини сақлаш учун Аллоҳнинг амрига итоат этиб, авратини номаҳрам эркаклардан беркитмоғи керак. Бунинг учун эса, юзи ва икки кафтидан бошқа бутун танасини тўсиб турадиган кийим киймоғи лозим. Шунингдек, кийим юпқа, баданга ёпишган, тор бўлмаслиги ҳам зарур. Номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб қилмайдиган даражада бўлиши керак. Зийнат деганда чиройли кийимлар, тақинчоқлар ва аёллар ўзларини чиройли кўрсатиш учун ишлатадиган турли воситалар кўзда тутилади. Аёл киши ушбу оятга амал қилиб, зийнатини номаҳрамлардан беркитмоғи лозим, беркитишнинг имкони бўлмай қолганда гуноҳ эмас. бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўксилари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин. Токи, уларнинг жамоли бегона кўзларга мўлжал бўлмасин, турли фитналар келтириб чиқармасин. Жоҳилият даврида аёллар оёқларига ҳам турли тақинчоқлар, қўнғироқлар тақиб олишар экан. Кейин эса, эркакларнинг эътиборини жалб этиш учун оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб юриб, ҳалиги тақинчоқларнинг овозини чиқаришар экан. Бу эса, ўз навбатида, эркакларнинг шаҳватини қўзғаган, аёлнинг ортидан тушиб хиралик қилишига ва охир-оқибат зинога олиб бориши мумкин бўлган.)

Ушбу оятдаги “зарб” сўзи рўмолини туширмоқ маъносида келган.

Йасин сурасида эса “зарб” сўзи  мисол қилиб келтирмоқ, бир ҳодисанинг қиссасини англатмоқ маъносида келган:

وَاضْرِبْ لَهُم مَّثَلاً أَصْحَابَ الْقَرْيَةِ إِذْ جَاءهَا الْمُرْسَلُونَ

Сен уларга Пайғамбарлар шаҳар аҳолисига келган пайтни мисол қилиб келтир” (13-оят).

Ана шулардан хулоса қилиб. “Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг”, амрига келсак, аҳли суннат олимлари ушбу масалада шундай фикрга келганлар:
номусга ва молга хиёнат қилган аёлларга қонунга мувофиқ жазо тайин қилинади. Ислом дини аёларга алоҳида эътибор қаратиб, уларга раҳм-шафқат кўрсатиб, уларнинг ишлари қонуний жазо чорасига келиб қолишига йўл қўймаслик учун огоҳлантирмоқда.

Қуръони каримда:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ يَحِلُّ لَكُمْ أَن تَرِثُواْ النِّسَاء كَرْهاً وَلاَ تَعْضُلُوهُنَّ لِتَذْهَبُواْ بِبَعْضِ مَا آتَيْتُمُوهُنَّ إِلاَّ أَن يَأْتِينَ بِفَاحِشَةٍ مُّبَيِّنَةٍ وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِن كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَن تَكْرَهُواْ شَيْئاً وَيَجْعَلَ اللّهُ فِيهِ خَيْراً كَثِيراً

Эй иймон келтирганлар! Сизларга аёлларни зулм-ла меросга олиш ҳалол эмас. Очиқ фоҳиша иш қилмасалар, берган нарсаларингизнинг баъзисини олиш учун уларни зўрлик-ла ушлаб турманг ва улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса. (Ушбу оят Исломдан олдинги даврда аёл кишига зулм ва жабр шаклида жорий қилинган баъзи одатларни ботил этмоқда. Жумладан, жоҳилий арабларнинг одати бўйича, эркак киши вафот этса, унинг хотини ҳам бошқа молу мулки қатори қариндошларига мерос бўлиб қолар эди. У бечора аёлни зўрлик-ла меросга олишар эди. Хоҳласа, биронтаси унга маҳр бермай уйланар ёки бошқа бировга эрга бериб, маҳрини ўзлари олишар ёки умуман у шўрликни эрга беришмас, ўзлари ҳам уйланишмас, беҳуда ушлаб туришар эди. Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига хитоб қилиб, бундай ишлар ярамаслигини баён қилмоқда. Ва аёлларга нисбатан бўлган зулм ва жабр-ситамни кўтармоқда.) (Нисо, 19).

Ҳадиси шарифда: “Мўмин киши аёлининг феълида нуқсони борлигини кўрса жаҳл қилмасин, унинг яхши сифатлари ҳам бордир”, дейилган (Имом Муслим ривояти);

“Мусулмонларнинг имон жиҳатидан энг устуни, ахлоқи энг гўзал бўлгани – аҳли аёлига чиройли муносабатда бўлганидир” (Имом Термизий ривояти);

“Мусулмонларнинг энг яхшиси, энг фойдалиси – аёлига энг яхши бўлгани, энг кўп фойда етказганидир. Сизнинг орангизда аёлига энг кўп яхшилик қиладигани, энг хайрлиси, энг фойдали бўлгани менман” (Имом Насойи ривояти);

“Аёлларингизни хафа қилманг, улар Аллоҳ таолонинг сизга берилган омонатидир. Уларга мулойим муомалада бўлинг, уларга яхшиликлар қилинг” (Имом Муслим);

“Ўзинг еганинг каби аёлингни ҳам едир, ўзинг кийганинг каби аёлингни ҳам кийинтир, унга юзингни буриштирма, қовоғингни уюма, уни урма!” (Абу Довуд);

“Аллоҳнинг қуллари бўлган аёлларни урманглар” (Имом Ибн Можа, Имом  Доримий).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларидан қуйидагича хулосага келиш мумкин: Ояти каримада уларни (урингиз) иборасининг маъноси аёлларни уриш бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг қуллари бўлган аёлларни урманглар”, дермидилар. (Имом Ибн Можа, Имом  Доримий).

Ёки бўлмаса, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг аёлларини урганлари ҳақида бирорта ривоят борми?

Қуръон карим мусулмонларга ўз ҳаётларида Расулуллоҳдан ибрат олиб яшашни амр қилган:

لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيراً

Батаҳқиқ, сизлар учун Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди”. (Азҳоб, 21).

Худди шундай, азизлар! Инсоният қачонки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб яшашни бошласа, кишилик жамиятининг энг оғир дарди бўлиб турган ва ечимини топа олмаётган мураккаб муаммоси – оилавий зўравонликлардан халос бўлади. Аёллар хонадонларнинг чинакам маликасига, фарзандлар отасининг росмана дилбандларига айланади. Муаммонинг ечими жуда ҳам осон, фақат қалбдаги кибру ҳаволардан кечилса, шунинг ўзи кифоя.

Дамин ЖУМАҚУЛ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan