Мақолалар

Суроқа отининг оёқлари ерга ботиши

Чоп этилди May 7, 2019 Суроқа отининг оёқлари ерга ботишиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳижрат кунларида мушриклар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)ни қўлга туширишдан умидлари узилгач, уларни ушлаб келган кишига юз туя миқдорида мукофот берилишини эълон қилишди. Одамлар мукофот умидида бу ишга қаттиқ киришдилар. Икковлари Бани Мудлаж қабиласи ёнидан ўтиб кетаётганларида қабиладан бир киши уларни кўриб қолди ва қабиладошларига: “Мен ҳозир саҳрода икки қорани кўрдим, улар Муҳаммад ва унинг дўсти бўлса керак”, деди. Ишни зийраклик билан пайқаган Суроқа ибн Молик мукофотга бир ўзи бошқалардан олдин эга бўлиш мақсадида: “Йўқ, улар фалончи ва фалончи, ўзларининг ишлари билан чиқишган”, деб уларни чалғитди. Сўнг туриб, чодирига кириб кетди. Хизматкорини чақириб: “Чодирнинг орқа томонидан отни олиб чиқ-да, мени тепалик ортида кут, ўша ерда учрашамиз”, деди. Сўнг найзасини олди ва отига минди. Уларга яқинлашгач, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қироатларини эшитди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) атрофга кўп қараб қўяр, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса қарамасдилар. Шунда Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ! Бу Суроқа ибн Молик, бизга ёмон тикилмоқда”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг ҳақига дуо қилдилар ва отининг икки олдинги оёғи ерга ботиб қолди. Суроқа: “Биламан, менга етган бу нарса икковингизнинг дуоингиз сабабидан. Менинг ҳақимга Аллоҳга дуо қилинг, мен одамларни сизлардан қайтараман”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг ҳақига дуо қилдилар ва у ботган жойидан кўтарилди. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан унга бир мактуб ёзиб беришларини сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг буйруқлари билан Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) терига бир мактуб ёзиб берди. Хат битилган бу тери Макка фатҳ бўлгунга қадар Суроқа билан бирга эди. Макка фатҳ бўлган куни ўша мактубни олиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бугун вафо ва яхшилик қилинадиган кундир”, дедилар. Унга бир қанча нарсалар ва қўзичоқ тақдим қилинди. Суроқа: “Менинг бу нарсаларга эҳтиёжим йўқ, лекин барчага умумий фойдали нарсани берсангиз”, деди. “Сизларга кифоя қиладиган нарса берилади”, дедилар (Саҳиҳ ҳадис. Имом Бухорий, Имом Аҳмад ва Имом Ҳоким ривояти).

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва  саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм