Мақолалар

Изланган имконият, изланмаган баҳона қидиради

Чоп этилди May 7, 2019 Изланган имконият, изланмаган баҳона қидирадиda fikr bildirishni o'chirish

9-май – Хотира ва қадрлаш куни. Бу кунда ўтганларни хотирлаб, уларнинг ҳақларига дуолар қилиб қўйиш, яхши амалларини ёдга олиб, ёш авлодга ибрат тариқасида сўзлаб бериш ҳар биримизнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Яқинда нимадир сабаб бўлиб “Халқ сўзи” газетасининг ўтган асрдаги тахламларини саҳифалаб турганимда бир мусоҳабага кўзим тушиб қолди: “Яшилликда ҳаёт ранги бор”.

Ана шу сарлавҳа диққатимни тортиб суҳбатни ўқиб чиқдим. Суҳбат жуда ҳам яхши ёзилган эди. Унда суҳбатдош транспорт соҳаси раҳбарларидан бўлса-да, китобхонлик фойдалари ҳақида сўз юритган, айниқса, бугунги кунларимизда жиддий тортишув бўлиб турган давлат тили масаласида ҳам манфаатли гаплар айтган эди. Бу суҳбатнинг мавзуси эскирмабди ҳамда раҳматли Аҳмадхўжа Азимхўжа ўғлининг руҳи шод бўлсин деган ниятда уни жузъий қисқартиришлар билан эътиборингизга ҳавола қилишга журъат қилдик.

Дамин ЖУМАҚУЛ

Яшилликда ҳаёт ранги бор

Иннавал суҳбатдошимиз хусусинда:

Аҳмадхўжа Азимхўжа ўғли минг тўққиз юз ўттиз олтинчи йилда Қўқоннинг Ўртақишлоғида таваллуд топган. Тўртинчига довур эски мактабда, кейин Шўро таҳсилгоҳида илм ўрганган. 1959 йилда Ўрта Осиё политехника институтини тамомлаган. Элга транспорт хизмати кўрсатиш тажрибаси бир навқирон йигитнинг ёшига тенг. Айни чоғда Ўзбекистон Автомобиль транспорти давлат акционерлик корпорацияси (Ўзавтотранс) йўловчиларга хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи.

Тасаввурим мени алдади.

Неча бир замонлар ҳукумат маҳкамаларида  меҳнат қилган, мансаб пиллапояларидан суяги қотган, тўрачилик тутумлари ҳужайраларигача сингиб кетган, айниқса, “рус тили – иккинчи она тилимиз”  ҳисобланган даврларда шу забонда иш юритган, маърузалар қилган ва ҳоказо… инсон тўғрисида ёмонлик ўйламасанг-да, хаёлингда қандайдир нонекбин ўйлар кечиши табиий.

Аҳмадхўжа ака билан суҳбатлашган сайин олдинги тасаввурим – тунд, бадқовоқ, ўрис тилида сўзлашавериб калондимоғлик ва оқсуяклик нуқси урган бир инсон деб ўйлаганларимдан ўзим хижолат торта бошладим. У ўта қувноқ ва ишчан, мулоҳазали ва юзидан нур ёғилиб турадиган одам экан. Мен унинг талаффузида ўзбек тилининг ранг-баранглигини, сержилолигини ҳис этдим. Фикрларида ўтмиш ва бугуннинг оҳанглари қоришиқ:

– Отам Азимхўжа катта табиб эдилар. Дардмандларни, жинниларни даволарди. У Ҳамзанинг тенгдоши, унинг труппасида Фарҳоднинг отаси ролини ижро этган. Хўб саводли одам бўлган. Болалигимда отамнинг таъсири бўлса керак, намоз ўқирдим, Қуръон мутолаа қилардим. Кейин Шўролар мактабида ўқиб техникага кўнгил қўйдим. Шаҳардаги иккинчи таксопаркда бош муҳандис бўлиб ишлаганман. Қатор автосаройлар бунёд этдик. Кўп муассасаларда меҳнат қилдим, транспортчилар отахони Малик Ғофуровдан иш ўргандим…

Аҳмадхўжа ака ўтмиши ҳақида жуда ҳавас ила, ҳаяжон билан гапирарди. Айниқса, техника ҳақида гапирганда уни тўхтатиб олиш қийин. Чорак асрдан кўпроқ  вақт мобайнида бажарган ишлари, қўллаган янгиликлари ҳақидаги тафсилотини тугатиб бўлмайди. Шу туфайли мен Аҳмадхўжа аканинг олдига шарт қўйдим: “Келинг, техника ва транспортдан бошқа ҳамма нарса ҳақида гаплашамиз”. У рози бўлди. Бироқ суҳбатларимизнинг, аниқроғи, жавобларнинг интиҳоси барибир беихтиёр ўз мутахассислиги –  техникага бориб тақалаверди.

Аҳмадхўжа ака, китоб ҳам мутолаа қилиб турасизми?

– Мутолаасиз умрни умр демайман. Инсон ҳар дақиқада ўрганиши, изланиши керак. Билъакс, қотиб қолади, ўсмайди. Инсоният тарихи дурдоналари йиғилган битикларни ўқишнинг ўзи бир роҳат. Иложи бўлса биз бошқа барча аъмолларимиз каби ушбу хислатларимизни ҳам мерос қолдирмоғимиз лозим. Негаки, кўряпман, ҳозирги авлоднинг китобга унчалик рағбати йўқ. Бариси кинога, телевизорга югуришади. Китоб – сўз санъати ҳам. Унингсиз ўз она тилингнинг ширалилиги  ва салмоғини, сержилолилиги ва сарватлилигини англаёлмайсан.

Севимли мақолингиз?

– Изланган имконият, изланмаган баҳона қидиради. Бу мақол менга ҳаётнинг бошидек туюлади. Унда ибтидоийлик мавжуд, инсониятнинг шаклланиши ва тадрижий такомили поғоналари бор. Йўқса, биз бунчалик тараққиётга эришмаган бўлардик. Келинг, ҳавойи гаплардан қочайлик-да, турмушимизга бир боқиб кўрайлик. Ўзбек тилига давлат мақоми берилгач, жойларда анча жонланиш сезилди. Бизнинг соҳада ҳам бу жараён турлича кечмоқда. Ҳозир деярли барча ҳужжатлар, патта ва чипталар ўзбекча тайёрланаяпти. Мен атамашунослик қўмитаси аъзосиман. Шу туфайли  техник терминларни топиш ва қўллаш яхши кечяпти. Шу вақтгача диспетчер деб атардик. Яқиндан бошлаб унга тенг атамани қўллаяпмиз. Эски даврда ҳужжатлар билан ишлайдиган кишини нозим дер экан. Ўша-ўша гап: изланганга имконият кенг…

Қайси рангни ёқтирасиз?

– Яшилни! Унда ҳаёт ранги бор. Унда мен баҳорни кўраман, улуғ Наврўзни кўраман.  НЕКЛИК ва БУЮКЛИКни кўраман.

Ва яна… Ўзбекистонимизнинг ўн икки юлдузли туғини кўраман.

Бирор нарсадан қийналган, афсус чеккан онларингиз бўлганми?

– Мен 1987-88 йиллар трестда партком секретари бўлиб ишлаганман. Бу йилларда ҳар хил бўҳтонлар, ишдан бўшатишу қама-қамалар авж олган даврлар эди. Сатин деган бетавфиқнинг олдида айрим ходимларимизнинг тарафини оломаганман, уларга партиявий жазо берилган. Ростини айтиб, бузғунчига чиқсанг, сени тушунмасалар, виждонинг қийналмайдими, ахир. У кунлар қайтиб келмасин, ишқилиб.

ЖЎШҚИН суҳбатлашди.

“Халқ сўзи” газетасининг 1993 йил, 20 январь сонидан