Мақолалар

РЎЗА – БАДАН ЗАКОТИ

Чоп этилди May 7, 2019 РЎЗА – БАДАН ЗАКОТИda fikr bildirishni o'chirish

“Совм” сўзининг луғавий маъноси емоқ, ичмоқ, калом, сайр-саёҳат ва бошқа нарсалардан тийилишдир.

Истилоҳий маъноси – Рамазон ойида Аллоҳ таолога ибодатни қасд қилиб, субҳдан то қуёш ботгунча еб-ичиш ҳамда шаҳвоний ҳирсини қондирмоқдан ўзини тийиб туриш ва шунга ният қи­лишдир. Эс-ҳуши, соғлиги жойида, балоғат ёшига етган, шаҳрида му­қим бўлган мўминлар ҳамда покиза ҳолдаги мўминалар тутиб бериши шарт бўлган фарз ибодатдир.

“Рамазон” сўзи арабча бўлиб, бундай номланиши ҳикматларини уламолар бундай изоҳлайди:

  1. Ёз охирида, куз мавсумининг бошларида ёғадиган ва ер юзини чанг-ғуборлардан тозалайдиган ёмғир маъносидаги “рамза” сўзидан олинган. Бу ёмғир ер юзини тозалаганидек, Рамазон ойи ҳам мўминларни гуноҳлардан поклайди.
  2. Қуёшнинг шиддатли ҳароратидан тошларнинг қизиб кетиши маъносидаги “рамаз” сўзидан олинган. Бундай қизиган тош­лар устида юрган кишининг оёқлари куяди, қийналиб кетади. Шунга ўхшаш рўза тутган киши ҳам очлик ва сувсизлик­нинг ма­шаққатини тортади, ичи ёнади. Қизиган тош оёқларни куйдирганидек, Рамазон ҳам мўминларнинг гуноҳларини куйдириб, йўқ қилади.
  3. Қилич ва ўқларни чархлаш учун иккита тош орасига қўйиб, урмоқ маъносида келувчи “рамз” сўзидан олинган. Бу ой Рамазон дейилишига сабаб, араблар бу ойда қиличларини чархлаб, тайёр қилиб қўйишар эди.
  4. Баъзилар араб ҳарфи билан ёзилган “рамазон” сўзидаги ҳарфларни бундай шарҳлаган: “р” ҳарфи раҳмат; “м” ҳарфи мағфират; “з” ҳарфи (замон) жаннат кафолати; “о” ҳарфи дўзахдан омон бўлиш; “н” ҳарфи мағфиратли ва ҳалим Зот бўлган Аллоҳ таоло томонидан бўладиган нур.

Бу улуғ рўза ибодати ҳижратнинг иккинчи йили Рамазон ойида қуйидаги оят билан фарз қилинган:

«Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз» (Бақара, 183).

Ушбу ояти карима ва Яҳё (алайҳиссалом) васиятларидан кўриниб турибди, рўза ибодати ҳам худди намоздек фақат Муҳаммад (алайҳиссалом) умматларига эмас, балки аввал яшаб ўтган халқларга ҳам фарз қилинган. Демак, ўтмиш пайғамбарлар ва умматлари Аллоҳ учун унинг амрига кўра, ўзларига буюрилганидек рўза ибодатини адо этишган, эндиги рўза навбати Муҳаммад (алайҳиссалом) ва у кишининг умматларига. Ояти карима сўнгида айтилганидек, рўза тутиш билан киши тақводорлардан бўлади. Яъни, ейиш-ичишга ҳалол бўлган барча нозу неъматлардан, ўз жуфту ҳалоли билан лаззатли онларга берилишдан (гарчи улар бошқа вақтда мубоҳ бўлса-да) тийилиб юриш орқали нафс тарбия қилинади, гуноҳлардан сақланишда сабр фазилатини шакллантиради, сабр эса имоннинг ярмидир, шайтони лаъинга қарши курашган бўлади. Оч қолгани учун феълида ожиз бандага хос хокисорлик, камтарлик пайдо бўлади, қолаверса, ейиш-ичиш, нафс қондириш Аллоҳ таолонинг суюкли, покиза қуллари бўлмиш фаришталарга бегонадир, ҳайвонларда мавжуд бўлган, юқори турадиган хислат.

Шунингдек, Қуръони каримда:

«Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик» (Исро, 70), дейилган олий мақомда яралган бўлатуриб, бу мукаррамликка нодонларча, ҳаёсизларча доғ тушираётган баъзи кишилар саноқли кунларда малоикаларга иқтидо қилади, уларга ўхшагандек бўлади. Шу маънодан келиб чиқиб, рўзадорлар қиёмат кунига атаб ёзиб борилаётган номаи аъмоллари (амаллар ёзиб бориладиган дафтари)га “тақводор киши” деб ёзилади.

Суюкли Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бир неча ҳадиси шарифларида биз мўминларни рўзага тарғиб қилганлар: “Эй йигитлар жамоаси! Қай бирингиз уйланишга қодир, имкониятли бўлса, бас уйлансин, чунки уйланиш кишини кўз зиноси, фарж зиносидан сақлайди, ким қодир бўлмаса, бас у рўза тутсин, чунки рўза унинг учун (гуноҳдан) сақловчидир” (Муттафақун алайҳ).

Яъни, очлик билан шаҳват сўниб туради, қон томирлари тораяди, шайтон васвасаси кесилади. Чунки Пайғамбар (алайҳиссалом): “Албатта, шайтон одам боласининг қон томирида юради, шунинг учун унинг йўлини очлик билан торайтиринг”, деганлар.

Юқоридаги ояти кариманинг давомида Аллоҳ таоло: “Саноқли кунларда”, дея марҳамат қилди. Бу Рамазони шариф ойининг кунлари бўлиб, у баъзан йигирма тўққиз, баъзан ўттиз кундан иборатдир. Бир йилда уч юз эллик тўрт кун ичида фақат йигирма тўққиз ёки ўттиз кунгина рўзани адо этиш Аллоҳнинг бизларга бўлган марҳамати, албатта. Аллоҳ таоло биз мўминларга осонликни хоҳлайди, қийинликни эмас. Бошқача айтадиган бўлсак, Аллоҳ бизга хоҳлаган нарсаларнинг бари осон нарсалардир. Агар бир ой эмас икки ой, уч ой, ҳатто олти ой рўза тутишни фарз қилганда эди, албатта, биз мўминлар уни сўзсиз адо этган бўлардик. Аммо бу бизга қийинчилик туғдирар эди. Рамазон ойида кун бўйи оч қолиб, чанқаб, хоҳишимизга қарши бориб, нафсга бир муштлаб қийналишимиз турган гап, анча сабр қилишимизга тўғри келади. Кўпчилик рўзадор бўлгани учун қўли ишга бормай, кунни дам олиб ўтказишга мажбур бўлади. Шу томондан қарасак, бир ой етарли деб ўйлаймиз ва бунга шукр қиламиз. Аммо бу муборак ойга ички томондан назар солсак, фақат шу ойга хос фазилатлардан хабардор бўлсак, Пайғамбар (алайҳиссалом) айтганларидек, йил ўн икки ой Рамазони шариф бўлишини орзу қилган бўлардик. Ҳадиси шарифда келади: “Агар умматларим Рамазон фазилати ва ундаги умматларимга бўладиган мукофотлар кўплигини билганларида эди, йил бўйи Рамазон бўлишини орзу қилишар эди”.

(Боши, давоми келгуси сонларда)

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 34000 сўм