Мақолалар

Розилик ва ғазаб вақтида адолатли бўлиш

Чоп этилди May 7, 2019 Розилик ва ғазаб вақтида адолатли бўлишda fikr bildirishni o'chirish

Инсон ҳар бир ҳолатида адолатли бўлмаса, қиёматда яхшиликлардан маҳрум қолади. Натижада зулм қилиб, бошқалар ҳақини ноҳақ егани сабаб азобланиши мумкин. Бу тўғрида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бир қанча ҳадислар ривоят қилинган.

Жумладан, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимда уч хислат бўлса, унга Довуд (алайҳиссалом)га берилган яхшилик ато этилибди: ғазаб ва розилик вақтида адолатли бўлиш; камбағаллик вақтида ҳам ва бойлик вақтида ҳам ўртача бўлиш, пинҳон ва ошкор ҳолда ҳам бирдек Аллоҳдан қўрқиш”, деганлар (Ҳаким Термизий ривояти).

Довуд (алайҳиссалом)га берилган нарса, Қуръони каримда хабар берилганидек, шукрдир. Демак, ушбу сифатларга эга бўлган киши Довуд (алайҳиссалом) каби шукр қилган бўлади.

Мазкур хислатларнинг биринчиси ғазаб ва розилик вақтида адолатли бўлишдир. Киши ҳар икки ҳолатда ҳам адолатли бўла олса, қалби ҳақиқат мезонига айланиб, уни на ғазаб издан чиқара олади ва на розилик ҳақиқатдан четлата олади. Шунда унинг сўзи нафси учун эмас, ҳақ учун бўлади, бироқ бу жуда қийин ишдир. Кўп инсонлар ғазаби келган вақтида ўзларини назорат қилолмай, нима сўзлаётгани ва нима қилаётганини унутишади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Касодга учраган ким эканини биласизларми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Орамизда бирор дирҳами ва матоси бўлмаган кишидир”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёмат кунида умматимдан касодга учрагани намоз, рўза ва закотни адо қилган бўлса-да, бировни ҳақорат қилган, туҳмат қилган, зулм билан бировнинг молини еган, ноҳақ қон тўккан ва зарар берган кишидир. Унинг амаллари савобидан мазлумларга олиб берилади. Агар зиммасидаги ҳақларни тўлашга амаллари савоби қолмаса, уларнинг гуноҳлари бунга ўтади. Сўнг у дўзахга улоқтирилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Демак, зулмнинг оқибати хатарлидир. Ҳеч кимга зарар етказиш мумкин эмас. Ҳадиси шарифда айтилган: “Мазлумнинг дуосидан қўрқ. Зеро, унинг дуоси билан Аллоҳ ўртасида парда йўқдир(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Золим ёки мазлум биродарингга ёрдам бер”, дедилар. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ! Мазлумга ёрдам бераман. Лекин золимга қан­дай ёрдам бераман?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уни зулм қилишдан қайтаришинг унга ёрдамингдир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Инсон ғазаб ҳолатида ҳам бирор кишига зулм қи­­либ қўйишдан эҳтиёт бўлмоғи лозим.

“Албатта, золимлар учун (охиратда) аламли азоб бордир” (Иброҳим, 22).

Қуръони каримда:

“Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур” (Наҳл, 90), дея марҳамат қилинган.

Бошқа бир оятда эса:

“Агар ҳукм қилсангиз, ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг! Албатта, Аллоҳ одилларни севади”, дейилган (Моида, 42).

Қуръони каримда адолат ва холисликка чақириқлар кўп. Зеро, Ислом динининг асосий мақсади ҳам инсонлар ўртасида адолатни қарор топтиришдир.

Адолат мустаҳкам қўрғондир. Ҳамма зулм қилмоқчи бўлган кишини адолатга чақиради ва уни қоралайди. Бироқ ҳеч ким адолатни қораламайди. Шундай экан, табиатида адолат бўлган ҳар қандай инсон ана ўша мустаҳкам қўрғондадир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: «Қиёмат куни адолатли қози бошига шундай бир соат келади. Қўрқувдан: “Қани энди икки киши ўртасида бир дона хурмо хусусида бўлса ҳам, асло ҳукм қилмаганимда”, дея орзу қилади». Яна бир ҳадисларида эса: «Ўн кишига бошлиқ бўлган бирор киши йўқки, қиёмат куни қўли бўйнига боғланган ҳолда келтирилмаса, уни ё адолати халос қилади, ёки зулми ҳалок этади», деганлар.

Абу Нуайм (раҳимаҳуллоҳ) “Ҳилятул авлиё” китобида келтиради: «Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ) “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга буюрур” оятини ўқиб, тўхтаб, кейин бундай дедилар: “Аллоҳ таоло сизлар учун барча яхшиликни ҳам, барча ёмонликни ҳам шу биргина оятда жамлади. Аллоҳга қасам, адолат ва яхшилик қилиш Аллоҳнинг тоатидан ҳеч нарсани қолдирмай, ўзида мужассам этган. Бузуқчилик ва ёвуз ишлар Аллоҳга гуноҳкор бўлишнинг бирортасини қолдирмай қамрагандир”».

Шу ўринда кишини адолат мезонидан чиқарадиган омил – ға­заб ҳақида тўхталсак. Ғазаб инсон табиатида Аллоҳ яратган хусусиятлардан бўлиб, киши ҳаёти давомида нимадандир норози бўлиши, ундан ғазабланиши табиий. Аллоҳ таоло мўминларни “ғазабларини боса олувчилар” дея мақтади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Мўмин тез ғазабланиб, тез рози бўлади”, деган­лар. Демак, мўминларнинг вазифаси ғазаби келганида ақлни йўқотмай, ҳақиқат ва адолатни қўлдан бермасликдир.

Имом Ғаззолий бундай дейдилар: “Инсоннинг ташқи гўзаллиги кўз, бурун, оғиз ва ёноқнинг гўзал, мутаносиб бўлишига боғлиқ. Улардан бири кўркам бўлиб, бошқалари хунук бўлса, ташқи гўзаллик камолига етмайди. Шу каби ички гўзаллик олами ҳам тўрт қувватга таянади, агар мана шу тўрт асос мутаносиб бўлса, хулқ гўзаллиги ҳосил бўлади. Улар илм, ғазаб, шаҳват ва улар орасида адолатнинг бўлишидир”.

Илм қувватининг тўғри ва чиройли бўлиши эътиқодларнинг рост билан ёлғонини, ҳақ билан ботилни, ишларда чиройлиси билан разилини ажрата олишидир. Агар илм қуввати тўкис бўлса, ҳикмат самараси ҳосил бўлади. Ҳикмат эса, барча гўзал хулқларнинг бошидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда:

“У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илмини) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди” (Бақара, 269), деб марҳамат қилган.

Ғазаб қуввати эса, ҳикмат тақозо қилган пайтда қўзғалиб қайтадиган бўлса, чиройли. Шу каби шаҳват ҳам ақл ва шариат кўрсатмасига бўйсунганида, тўғри бўлади.

Адолатга келсак, у шаҳват ва ғазабни ақл ва шариат назорати остида жиловлай олишдир.

Донишмандлар адолатни уч турга бўлишган: банда билан Холиқ таоло ўртасидаги муомалада адолат; ўзи билан бошқа бандалар ўртасидаги муносабатларда адолат; ўзи билан ўтган аждодлар ўртасидаги муносабатларда адолат.

Холиқ билан бўлган муносабатдаги адолат – тоат ва ибодатни ўзини яратган ва беҳисоб неъматлар ато этган Парвардигорига холис қилиш билан бўлади. Агар Аллоҳдан бошқасига сиғингудек бўлса, адолатсизлик ва катта хатар юзага келади.

Банданинг бошқалар билан муносабатлардаги адолати ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўрнида адо этиб, инсоф ва холисликка амал қилишидир.

Ўтганларга нисбатан адолатли бўлиш эса уларнинг зиммаларидаги қарзларни адо этиш, уларнинг шаръий васиятларини бажариш ва яхшилигини эслаш, ёмонлигини кечиришдир.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм