Слайдер

Деҳқонободда “Хотира хиёбони” очилди

Чоп этилди May 8, 2019 Деҳқонободда “Хотира хиёбони” очилдиda fikr bildirishni o'chirish

 

Хотира ва қадрлаш куни арафасида туман марказида Мотамсаро она ҳайкали, иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган деҳқонободлик аскарларнинг номлари битилган хотира китобини ўз ичига олган “Хотира хиёбони” мажмуасининг очилишига бағишланган тадбир ўтказилди.

Туман ҳокимлиги, Деҳқонобод Калийли ўғитлар заводи ҳомийлигида ишга туширилган мажмуада Қўқон, Шаҳрисабз ва тошкентлик уста ҳунармандлар томонидан шарқона меъморчилик анъаналари услубидаги кўркам айвон ва хотира китоби ўрин олган айвон саҳни ўзига хос миллий услубда бунёд этилди. Мажмуада 1 миллиард 23 миллион сўмлик қурилиш монтаж ишлари амалга оширилди.

Мажмуанинг очилишига бағишланган маросимда иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, вилоят ҳамда туман ҳокимлиги, Деҳқонобод Калийли ўғитлар заводи ва жамоатчилик вакиллари “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, уруш қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

– Деҳқонобод туманидан 18-21 ёшда урушга кетганларнинг 2119 нафари урушда ҳалок бўлган ёки бедарак кетган, -дейди “Нуроний” жамғармаси Деҳқонобод туман бўлими раиси Кенжа Эшбоев. -Шундан 684 нафар аскар урушдан қайтиб келган. Ҳозир шулардан 5 нафари ҳаёт. Ушбу мажмуа ўша урушдан қайтмаган юртдошларимизнинг номлари абадий бўлиши учун қурилди. Уларнинг қабрига мармартош қўйилгандек бўлди. Бунинг учун биз аввало уруш қатнашчиларига шунчалар эътибор, иззат-икром кўрсатаётган Президентимизга, туманимиз ҳокимлигига, мажмуа қурилишига ҳомийлик қилган Деҳқонобод Калийли ўғитлар заводи жамоасига чексиз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига Президентимиз томонидан жуда катта имтиёзлар берилган. Байрам арафасида уларга бир марталик мукофот пуллари берилди. Бундан ташқари ҳар ойда 15 турдаги қишлоқ хўжалиги озиқ овқат товарлари ва кийим-кечаклар билан таъминланмоқда. Шунингдек, бир йилда икки марта ўзи хоҳлаган дам олиш масканларига даволаниш учун боришади. Отқамар қишлоғидан 95 ёшли уруш фахрийси Абдулҳаким Жабборов, Чилгаз қишлоғидан 98 ёшли Садат Азизов, Торқабчиқай қишлоғидан 97 ёшли Жўра бобо Шокиров, 93 ёшга кирган Жума Ибрагимов, Қарашина маҳалласида яшовчи Инат бобо Шарипов ҳозир сафимизда.

– Биз оилада 5 ака ука эдик, бешаламиз ҳам урушга кетдик, – дейди иккинчи жаҳон уруши ветерани Жума Ибрагимов. – Мен кенжаси эдим, акамларнинг ҳаммаси фронтга кетганидан кейин 1944 йили мени ҳам чақиришди. Биз уруш тугаши арафасида ҳарбий хизматга чақирилганимиз учун Узоқ Шарққа, Японияга юборишди. 1945 йил 3 сентябрда Япония устидан ғалаба қозонилганидан кейин 1950 йилгача аскарлик бурчимизни бажардик. Уйга келсам, армияга кетган 4 акамнинг иккиси ярадор бўлиб қайтган, иккитаси эса фронтда ҳалок бўлган экан. Бугун мана шу хотира китобида уларнинг номларини кўриб кўнглим таскин топгандек бўлди.

– Менинг отам Жўра Ёқубов 1944 йилда фронтга чақирилиб, урушда ҳалок бўлган, – дейди Деҳқонобод тумани Авжин қишлоғида яшовчи Зиёдилла Жўрақулов. – Ҳозир ўзим 77 ёшдаман. Хотира китобида отамнинг исмини ўқиб уни кўргандек бўлдим. Чунки мен отамни эслолмайман, у фронтга кетганда 6 ойлик чақалоқ бўлган эканман. Отам каби навқирон ёшида урушга кетиб ҳалок бўлган юртдошларимизнинг қони бекорга тўкилмаган. Улар бугунги мана шу тинчлигимиз учун ўзини қурбон қилган.

– Хотира китобидан бобомиз Ибодилла Тилавовни топиб хурсанд бўлдик, дейди Қарашина маҳалласида яшовчи Равшан Тиловов. – Бобом 1944 йилда Белорусдаги жангларда қурбон бўлган. Илгари уларни эслаш учун пойтахтимиздаги “Хотира хиёбони”га борар эдик. Мана энди ўзимизнинг туманимизда ҳам шу тупроқдан урушга кетиб қайтмаганларнинг номлари муҳрланди.

Тадбирда иккинчи жаҳон урушининг бошланиши, ўша давр аскарларининг ҳарбий чиқишлари ва ғалаба кунларини акс эттирувчи театрлаштирилган саҳна кўринишлари, ҳарбий оркестр, вилоят ва туман санъаткорлари ижросидаги куй-қўшиқлар намойиш этилди.

А. Муҳаммадиев

“Халқ сўзи” online