Мақолалар

Қалб аъзоларнинг зикрини эшитади

Чоп этилди May 9, 2019 Қалб аъзоларнинг зикрини эшитадиda fikr bildirishni o'chirish

Бир киши шундай савол берса: “Исломий ҳаётнинг маъно-моҳияти ва мусулмоннинг тасалли макони ҳисобланган амал ва зикрлар банданинг ғайрати ва ҳаракати билан амалга ошади. Булар банданинг маънавиятида маҳфуз ва маълумдир. Бу амал ва зикрлар банданинг аъзолари ҳамда сезги-билиш органларини Ҳаққа қарши чиқишдан сақлаб, Аллоҳнинг ишига мувофиқ ҳолга келтиради. Шундай экан, қалбий тафаккур ва ботиний мушоҳада банданинг ғайрати билан ҳосил бўладими? Ёки Ҳақ таолонинг инъоми ва туҳфасими?

Фикр (тафаккур)нинг йўллари ва чегаралари қанча, қандай ва қаерда? Қандай бир зикр тафаккурдан устун ва қайси тафаккур зикрдан афзалдир? Пайғамбарлар ва авлиёлар зикр билан сифатланганлар. Гарчи уларнинг кўнгиллари ботинни кўриш ва ғайбни мушоҳада қилиш хазинасидир”.

Жавоб: “Зикр ва фикр (тафаккур) банданинг ғайрати ва ҳаракати билан ҳосил бўладими ёки Ҳақ таолонинг инъоми-лутфи билан юзага келадими?” дея сўраяпсан.

Билгилки, шундай фикрки, мўъминнинг унс мақоми, сукунат ва ором маҳали, кўнглининг ҳаёт ва тириклигига айланса ва бу фикр зикр­дан туғилса, банданинг ҳаракатисиз унда зоҳир бўлади. Солик Ҳақ йўлидаги зикрида охирги нуқтага етиб бормагунича, унинг зикри бир суратга кирмайди. Шу боис бундай ҳолатдаги соликнинг тафаккури Ҳақнинг инояти-мавҳибаи илоҳиясидир. Илоҳий қонун ва одат шу тарзда жараён этади.

Соликнинг зикрда охирги нуқтасига етиши бу – тили билан бирга етти аъзосининг, ҳатто туклари ва тирноқларининг ҳам зикрда иштирок этишидир. Қалб аъзоларнинг зикрини эшитади ва кўради, ҳароратга келади, натижада қувват топиб, у ҳам зикрга қўшилади.

Қалб зикрининг ниҳояси қирқ кундир. Бу муддат охирига етганда нурлар жамланиб, қалбни шуълалантиради, ҳис аъзоларининг тешикларидан ташқарига чиқади.

Хилват аҳлида пайдо бўлган бу ҳолларни ҳеч бир фақиҳ, муфассир ёки муҳаддис билолмайди. Эй Ҳақ йўлининг йўлчиси! Сен ҳам бир кун бу мартабага етсанг, ўз кўзинг билан кўрасан. Бу маънавий ҳолу мушоҳадалар баъзан бир йил,
баъзан ўн йил давом этади. Ҳолларнинг муддати зикр муддати қадардир. Бу воқеа пайдо бўлгунга қадар (қалб кўзи очилгунга қадар) инсон зоҳирий кўзи билан кўриб туради. Қалб кўзи билан кўришдан, яъни мушоҳададан кейин зикрга гал келади ва ҳокимият қалбий зикр қўлига ўтади. Қалб ҳарорат билан зикр қилган вақт мобайнида тил шодмон бўлиб, интизорлик билан кутиб туради. Қалб зикри тўхтагач, тилга навбат келади ва у зикрга киришади. Муриднинг насибаси меҳрибон бир пирга кўнгил боғлашидир.

Мурид ўзи ёлғиз ўн йилда боса олмайдиган йўлни пир раҳбарлигида бир йилда босиб ўтади. Мурид бир ҳол ва мушоҳадага боғла­ниб, у мартабада ўн йил қолиши мумкин. Оқибатда бир пир келиб, унинг йўлини очади ва муридни бу аҳволдан қутқаради.

Воқеалар (мушоҳада)нинг вақти ва навбати ўтгач, қалбдаги зикр иқлимидан барча тафаккур эшиклари тамоман очилади. Тафаккур ортгач, мурид янада жонланади, натижада ҳузур макони янада обод бўлиб, Ҳақ таолонинг муҳофазасига эришади.

Бу даражага етган киши исломнинг оромгоҳ вилоятидан имон билан ором топиш вилоятига етади. Унга нисбатан “фалон киши имон билан яшамоқда” – дейдилар. Ундан аввалроқ “фалон киши ислом билан тирикдир” деганларидек. Бу иккиси бир-бирининг ичида бўлмаса ҳам ва ё бири иккинчисидан айри бўлмаса ҳам, ботиний ва зоҳирий жиҳатидан улар орасида фарқ кўзга ташланади. Сайру сулукдаги муридда амал ва тан зикрлари зоҳир бўлиб, тафаккур яширин қолса, зоҳирий кўринишга қараб ҳукм чиқарилади ва унга “у ислом билан ҳаётдир”, – дейилади. Чунки кўринган нарса исломий хатти-ҳаракатлардир… Муридда тафаккур ва қалб кўзи билан кўриш ҳоли аён бўлиб, бадан зикри тафаккур ичида яширин колса, яна зоҳирга қараб ҳукм чиқарилади ва “у имон билан тирикдир”,  дейилади. Чунки имоний хатти-ҳаракатлар кўзга ташланиб туради.

“Мосиводан халос бўлсин” деб баъзан муридга ғайб боғчасининг эшигини очадилар. “Чироқ ва шамга ҳожат қолмасин” деб унинг учун мушоҳада қуёши порлайди. Бозор гулидан фориғ бўлиш учун унсият гулистонининг дарахтлари очилади. Унинг бу ҳоллари ошкора юзага келади. Ниҳоят, сифатлари собитлашиб, доимийлашиб, “имон бу – Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ишонишдир” сўзининг ҳақиқати жамол юзидан ортиқчалик пардасини кўтариб ташлайди. Ҳақиқий имонга эришган мўъминга Ҳақнинг маҳрамият саройига кириш учун йўл берадилар. Бу ерда у душманлардан батамом муҳофаза этилади. Шайтоннинг мол-дунё билан васваса солишидан қутулади ва у ерда нафснинг ҳийлаю тузоқлари заифлашади.

Бу шундай бир жойдирки, унда тафаккур Ҳақнинг лутфига айланиб, ғайбий боқиш унинг ҳузургоҳидир. Ҳақ таоло ҳотиржам қилган маскану маъводир. У ер муқарраб фаришталар мақомларининг томошагоҳидир. Ҳақнинг амр, та­қиқ, ваъд, таҳдид ва ибратомуз сўзлари унинг ҳаловатгоҳига айлангай. Набий ва расулларнинг дастурхонларидан озуқа олур. Олдинги ва кейинги махлуқотлар орасида кезиб, қазою қадар фазосида учади. Бундай мартабага қандай қилиб шайтоннинг васвасаси сиғиши мумкин?! Нафс иғволари қандай йўл топиб кира олур?

 

 

 

Юсуф ҲАМАДОНИЙНИНГ

“Ҳаёт мезони” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида  чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 13000 сўм