Мақолалар

САБРНИНГ ҚИСМЛАРИ

Чоп этилди May 9, 2019 САБРНИНГ ҚИСМЛАРИda fikr bildirishni o'chirish

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Абу Мусо ал-Ашъарий (розияллоҳу анҳу)га ёзган бир мактубида қуйидагича буюради:

“Ё Абу Мусо, сабрда давом эт. Яхши билгинки, сабр иккидир; бири бошқасидан афзалдир: мусибатларга сабр қилмоқ – гўзал. Лекин Аллоҳ таоло ҳаром этганлардан узоқ бўлмоқ янада афзалдир. Яна яхши билгинки, сабр имоннинг қувватидир. Шу сабабдан тақво, яъни Аллоҳ таолонинг тақиқлаганлардан ўзни муҳофаза этмоқ, яхшиликлардан, эҳсонлардан афзалдир. Яхшиликлар, эҳсонлар… ҳаммаси гўзал ишлар. Фақат гуноҳлардан қўрқиб қочмоқ, яхшиликлар ва эҳсонларнинг айнан ўзи ва янада афзалидир”.

Ҳазрати Али каррамуллоҳи важҳаҳу айтадиларки: “Имон тўрт асос устига қурилади. Улар: яқин, сабр, жидду жаҳд ва адолатдир”. Яна айтадиларки: “Имон танадаги бош кабидир”. Боши бўлмаган тананинг нима қиймати бор. Шунингдек, сабри бўлмаган кишининг аҳволи ҳам бошсиз тана кабидир. Камолсиз имондир, имонида камоли йўқ демакдир.

Абу Дардо ҳазратлари айтадиларки: “Имоннинг сўнгги нуқтаси, энг усти – Аллоҳ таолонинг ҳукмларига сабр ва тақдирига рози бўлмоқдир. Ҳар ким кадарга имон келтирса, моҳиятига ишонса, бутун кадарлардан эмин бўлади”.

Эй биродар! Яхши билурсизки, сабр – дин мақомларидан бир мақом, соликларнинг манзилларидан бир манзилдир. Умуман, дин мақомлари шу уч нарса устидадир: билим, ҳол, амал. Билим, бунга маориф ҳам дерлар-ки, асосдир; ҳоллари жазбадир, кишини ҳол соҳибига айлантиради, ҳол эса амални юзага келтиради. Маорифни дарахтга, ҳолни новдалар ва баргларга, амални меваларга ўхшатадилар. Яъни дарахт бўлмасдан туриб, новда, япроқ, мева бўлмагани каби, маориф, билим бўлмаса ҳол ҳам, амал ҳам бўлмайди. Бинобарин, Аллоҳ таолога етишган соликларнинг йўллари шу учаласидан иборат. Булар бир-бирларидан айрилмайди. Улар тенг ва тўлиқ бўлгандан сўнг Ислом механизми яхши ишлайди. Ҳатто увоққина бир соатнинг чамбараклари тенг бўлмаса у соатнинг ҳеч нарсага ярамаслиги ҳаммага маълум. Бошқа механизмлар ҳам умумий жиҳатдан шундай эмасми? Баъзи асослардан бўлган чамбарак ва асбобларнинг бузилиши ёки дарз кетиши юз миллионларгача пул сарфлаб тайёрланган ё сотиб олинган самолёт ёхуд кемани ташландиқ ва ишга ярамас бир ҳолга келтиради. Таъмирлаш мумкин даражада бўлса-ку яхши, таъмирлаб бўлмайдиган ҳолга келса, уни ташлаб юборишдан бошқа чора қоладими? Шу маънода сабр маориф ва ҳолнинг маҳсулидирки, меваси бебаҳодир.

Буни англамоқ учун қуйидагиларни билмоққа муҳтожмиз:

Аллоҳ таолонинг ҳисобсиз махлуқлари орасида уч турли махлуқ бор. Улар: инсон, ҳайвон ва фаришта. Уларни кўз олдимизга келтирган заҳоти кўрамизки, ҳайвон деб аталган турли жонзотлар буткул шаҳватнинг маҳсулидир. Ақл, зако, қиёс ва ахлоқ дея санаганларимиз, ҳилм, сабр, саховат, адолат, марҳамат, шафқат, ҳамият ва истиқбол ғояси каби характер ва туйғулар уларда йўқ. Фақат шаҳватлари талаби билан еб-ичиб, шаҳватларини кучлари нисбатида истаганларидек қондириб, муддатлари хотимида ўлиб кетади. Топганларини ейди, гуноҳ-савоб ва бошқани билмайдилар. Ҳатто чангалларига тушса инсонларни ҳам ейдилар. Маймун каби айрим ҳайвонларда кўринган баъзи камолот эса тақлидчиликдир, яна бир неча турли ҳайвоний ҳолатлар ҳам уларнинг устунлигига далолат қилмайди. Шундай қилиб, неча минг йиллардан бери ҳайвон ўша яралгандаги ҳайвон ҳолича қолиб келмоқда. Шу вақтгача ҳеч ўзгармаган. Ҳатто ҳайвон демоқ, шаҳватларнинг асири бўлган махлуқлар демоқдир.

Иккинчиси бўлган фаришталарда эса шаҳват қатъиян йўқ. Ёлғиз вазифалари нима бўлса ўшани билади ва ўшани қилади. Яратилиши муайян бир иш учундир. Ҳар бирининг алоҳида вазифаси бор. Бир қисми инсоннинг муҳофазаси учун яратилган. Ички ва ташқи хизматларимизда бизга ёрдамчидир. Буларнинг борликларига Аллоҳ таолонинг билдирганларига инониб, имон келтирамиз. Масалан, ҳасанот ва гуноҳларимизни ҳам ана шу жинс – фаришталар ёзиб боради. Умримиз давомида бизни кузатиб, ҳаракатларимизни ўрганади. Эзгу ишлар қилсак, ўнг ёнимиздаги фаришта вақтни ўтказмасдан дарров ёзади. Агар гуноҳ иш қилиб қўйсак, баъзи ривоятларга кўра, сўлдаги фаришта олти соатга қадар муҳлат бериб ёзмай туради. Шу муддат ичида тавба қилсак, ўша гуноҳимизни ёзишдан воз кечади. Бу Раббимизнинг бандаларига улуғ марҳаматидир.

Учинчиси бўлган биз инсонлар эса бундай ҳайвонлар даражасида қолиб кетмасдан ашрафи махлуқот, акроми махлуқот ва ер юзидаги халифаликка лойиқ тарзда яратилганмиз. Ғоят мумтоз: ақл, фаросат, зако, илм ва ирфон-ла музайян қилинганмиз. Аллоҳ таоло буюк саховати билан инсонни таълимга буюрган, жаннат ва жамолига мушарраф бўла оладиган даражада юксак бир хусусиятда, шаҳватини зарурат туғилганда жиловлай ола биладиган қудрат билан яратган. Мусулмон одам шаҳватдан фақат шариат йўлида, иффатини муҳофаза этган ҳолда уммати Муҳаммадияни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кўпайтириш, Аллоҳ таолога қуллик этадиган авлоднинг давомийлигини таъмин этиш мақсадида фойдаланади. Мўминлар гуноҳ, ҳаром, тақиқланган ва ярамас ишлардан сақланади. Айни замонда, инсонлик ва мусулмонлик шарти ҳисобланган марҳамат, шафқат, севги, ҳурмат, ўзаро ёрдам, моддий-маънавий кўмак асосида жипслашиб қардошлик ришталарини боғлайди, жўмардлик, иффат, ҳаё ва яна ўзига хос фазилатларга эришмоққа ҳаракат қилади. Икки фаришта (ўнг ва чап елкадаги инсоннинг амалларини ёзиб борувчи фаришталар) ва уларнинг ҳисобсиз ёрдамчилари томонидан қўллаб-қувватланиб турганини ҳис қилган ақли салим инсон раҳбаримиз, муршидимиз, мураббиймиз, қалбимиз қувончи бўлган Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) афандимиз ҳазратлари кўрсатган, юрган йўлдан юради ва китобимиз бўлган Қуръони каримда баён этилган амрларга риоя этиб яшайди. Шундай ҳаёт кечирган тақдирда у фаришталарга яқинлашади, раҳмат ва жамол уйи бўлган жаннатга ноил бўлади. У ерда жамоли илоҳийнинг мушоҳадаси билан жаннатдаги барча неъматларни унутади, мустағрики файзи илоҳий сифатида маст ва ҳайрон қолади. Жаннат ҳурларини ҳам ҳайратда қолдирадиган гўзалликлар ва тавсифига имкон бўлмаган бунча неъматлар, айнан ана шу инсон учун ҳозирлангандир. У инсон ҳайвонлар каби шаҳватининг асири эмас, балки у шаҳватидан ақли, закоси доирасида фойдаланиб, устига минган бир от, бир аравани эпчиллик билан бошқарган моҳир чавандоз каби манзили мақсудига саломат етишади, Ҳақнинг ризосини қозонмоққа интилади. Шунинг учун ақл ҳайвоннинг устида минган одамнинг қўлидаги юган, тизгин кабидир. Ҳайвонни тизгин билан истагани каби бошқаради. Тизгини қўлдан чиққани замон қутурган ҳайвон бошини олиб кетади, ушлаб бўлмас ҳолга келади ва ҳатто устидаги одамни ерга итқитиб, судраб ташлайди. Шаҳватларига мағлуб бўлган кимсаларнинг ҳоллари ҳам худди ана шунга ўхшайди.

 

 

 

Муҳаммад Зоҳид ҚЎТҚУнинг

“Сабр” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида  чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 5000 сўм