Мақолалар

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ – МУҲИМ ИШ

Чоп этилди May 9, 2019 ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ – МУҲИМ ИШda fikr bildirishni o'chirish

Ислом таълимоти болалар зиммасига ҳам қатор вазифаларни юклайди. Ота-оналарни ҳурмат қилиш ва уларга итоат этиш борасида бир қатор васият ва кўрсатмаларни баён этади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُلْ لَهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا  وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُلْ رَبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا

«Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”» (Исро сураси, 23–24-оятлар).

Ояти каримада «Уларга ёқимли сўз» дейилганида, ота-онани номи билан чақирмаслик, балки «отажон, онажон» каби сўзлар билан муомала қилиш, уларни ранжитмаслик, улар олдида ўзини хокисорлик билан тутиш кабиларни тушуниш керак (Насафий ва Хозин тафсирлари).

Аллоҳ таоло бу ояти каримада ота-оналарга яхшилик қилишни юқори даражага кўтариб, бандаларни Ўзига қай даражада ибодат қилишга буюрса, ота-оналарга ҳам шу даражада яхшилик қилиш, уларнинг ҳурматларини жойига қўйишга амр этади. Қуръони каримнинг қайси бир оятида ота-оналарга яхшилик қилишнинг зикри келса, унинг ёнида, албатта, Аллоҳ таолога ибодат қилишга даъват, унга шукр айтиш ҳақида эслатма келади, яъни ота-онага ғамхўрлик қилиш амали Аллоҳ таолога имон келтириш ва унинг таълимотларига итоат этиш амалидан кейин таъкидланади. Бу каби оятлар бошқа сураларда ҳам келган:

 …لَا تَعْبُدُونَ إِلَّا اللَّهَ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا

«Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-­онага ширин сўз бўлинг…» (Бақара сураси, 83-оят).

أَلَّا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا

«Унга бирор нарсани шерик қилмангиз, ота-онага яхшилик қилингиз…» (Анъом сураси, 151-оят).

وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا

«…Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз!..» (Нисо сураси, 36-оят).

أَنِ اشْكُرْ لِي وَلِوَالِدَيْكَ إِلَيَّ الْمَصِيرُ

«… Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтиш Менинг ҳузуримгадир» (Луқмон сураси, 14-оят). Юқоридаги ояти карималарда фарзандлар ёшми ёки каттами, доимо ота-онага яхшилик қилишга, уларнинг инжиқликлари сабабидан қалбан ҳам «уф» демасликка даъват қилинади.

Ислом таълимотида ёш авлоднинг жисмонан соғлом ва бақувват бўлиб улғайишига жиддий аҳамият берилган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

عَلِّمُوا اَبْنَاءََكُمْ السِّبَاحَةَ وَالرَّمَي ، وَالْمَرْأَةَ الْمِغْزَلَ

«Фарзандларингизга сузиш ва камон отишни, қизларга тўқишни ўргатинглар», деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Уларнинг улғайиб, комил инсон бўлишлари учун давлатимиз барча зарур моддий ва маънавий шароитларни муҳайё қилди, спорт иншоотлари, дам олиш ва истироҳат масканларини барпо этиб, ёшлар ихтиёрига бериб қўйди.

Маълумки, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида болаларнинг, айниқса, ўсмирларнинг соғлом ўсиб-улғайиши, илм олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун катта имконият ва шароитлар яратилмоқда. Олдин ҳам таъкидлаганимиздек, бу борада жамоат ташкилотларининг ҳам ўрни каттадир. Ёшлар иттифоқи, «Соғлом авлод учун», «Болалар», «Меҳр нури», «Сен ёлғиз эмассан», «Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш», «Меҳр-шафқат ва саломатлик» ва «Мактаб таълими» каби ташкилот ва жамғармалар алоҳида таҳсинга лойиқ фаолият олиб боришяпти.

Шубҳасиз, ота-она, оила, маҳалла, мактаблар болалар тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Фарзандларимизни чиройли одоб-ахлоқ, яхши таълим-тарбия асосларида вояга етказиш давлат миқёсидаги долзарб масала экани ҳар биримизга яхши маълум.

Фарзандларни ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим. Зеро, илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиб, ўқиб-ўрганиб, маълумот ҳосил қилган киши, албатта, ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади.

Айниқса, таълим муассасаларида ўқишни тугатиб, ёзги таътилга чиққан фарзандларимизга эътиборли бўлишимиз лозим. Уларнинг илм ўрганишларига, қизиқарли дам олишларига қулай шароитлар яратиб берайлик. Ота-оналар фарзанд­ларини кўча-кўйда беҳуда тентираб, бўлмағур, ножўя хатти-ҳаракатлар қилишдан сақлаб, гўзал хулқ эгаси бўлишга чақиришсин.

Одатда, оналар ўз болаларининг хато ва камчиликларини отасидан яширишга ҳаракат қилади. Айтсам уришади, боламга қаттиқ тегади деб, йўл қўйган хатолари, қўл урган майда-чуйда жиноятларини отасига айтмайди. Бола ўз вақтида танбеҳ олмаганидан кейин бора-бора каттароқ жиноятларни ҳам қўрқмасдан қилавериши мумкин. Шунинг учун фарзанднинг баркамол инсон бўлиб етишувида онанинг хизмати жуда зарур ва муҳимдир.

Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихи, Ватани, она тилига, миллат улуғларига, муқаддас Ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин. Китоблардан ўрганилган маърифий илм қаторида оилада олинган ҳаёт илми ҳам уларга сув ва ҳаводек зарур. Илмли, одобли, фаросатли одам ҳаётда ўрнини топиб олади.

Фарзандлари улғайган сари улар тақдирига ҳуш­ёрроқ қараш, уларни юксак қадриятларимизнинг асл ва бақувват илдизларидан баҳраманд этиш, бугунги турмуш тарзимизга мос тарбия бериш ота-оналар зиммасидаги муҳим вазифалардан саналади. Кези келганида фарзандларимизнинг бирига айтилган насиҳат айни чоғда унинг ака-укаларига ҳам тегишли бўлиши, хонадондагиларнинг барчасига бирдай таъсир қилишини ўйлаб иш тутишимиз ва фарзандларимизнинг илм олишлари, касб-ҳунар эгаллашларига ҳамкор ва ҳамфикр бўлишимиз зарур. Шунингдек, уларни теварак-атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга, ўзгаришларга дахлдорлик руҳида тарбиялашимиз, келажакка катта ишонч билан боқишга ўргатишимиз керак бўлади.

Хулоса қилиб айтсак, ёшларимизнинг ҳар томонлама комил, гўзал хулқли, мустақил фикр ва дунёқарашга эга, турли салбий одат, иллат ва таъсирлардан холи қилиб вояга етказишда жамоат ташкилотлари, ота-она, маҳалла фаоллари ва уламоларнинг ўрни беқиёсдир.

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВНИНГ

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида  чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм