Мақолалар

Хайрли сафарлар

Чоп этилди May 9, 2019 Хайрли сафарларda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари жорий йилнинг ўтган даврида бир неча хорижий давлатларда бўлиб, юртимиз мўмин-мусулмонлари манйфаати йўлида хайрли ишларни амалга оширдилар.

Муфтий ҳазратлари март ойида хизмат сафари билан Татаристон Республикасига ташриф буюрдилар.

Мазкур ташриф доирасида Усмонхон Алимов ҳазратлари 12 март куни Булғор Ислом академиясида бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Муфтий ҳазратларига академияда ташкил этилган шарт-шароитлар, таълим бериш тартиблари, кутубхона фаолияти ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси билан Булғор Ислом академияси вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш борасида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 13 март куни Татаристон мусулмонлари идораси, мадрасалари ва масжидлари фаолияти билан яқиндан танишдилар. Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Камил ҳазрат Самигуллин билан самимий суҳбатлашдилар.

***

11 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган “Маънавий ипак йўли: Ислом ва ёшлар: замонавий таҳдидлар” номли халқаро анжуманда иштирок этиб, маъруза қилдилар.

Муфтий ҳазратлари ўз маърузаларида мусулмон умматининг келажаги ёшларга боғлиқ эканини, таълим-тарбияга катта аҳамият қаратган миллатнинг эртаси фаровон бўлишини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, ҳозир ёшлар орасида жиноятчилик ва ахлоқий тубанлашиш ортиб бораётгани ҳамда уларнинг одоб-ахлоқ меъёрларидан, диний-ахлоқий тарбиядан узоқлашиши оқибатида жуда хатарли иллатлар келиб чиқаётганини айтиб ўтдилар.

Дин пешволари ёшларни ахлоқий қадриятлар ва мустаҳкам эътиқод билан озиқлантириш орқали уларни мана шундай таҳдидлар домидан сақлаб қолиш зарурлигини таъкидладилар.

Шунингдек, муфтий ҳазратлари Ислом ҳамжамияти олдида турган энг долзарб вазифалардан бири ёш авлодга ҳар томонлама диний ва дунёвий билимлар бериш, шу билан бир қаторда соф Ислом ахлоқи билан тарбиялаш муҳимлигини баён қилдилар.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 8-сонидан