Ўзбекистон янгиликлари

Адолатли қарор, ҳақли эътироф

Чоп этилди Dekabr 23, 2018 No Comments

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси маълумотига кўра, 2018 йил 11 декабрда АҚШ давлат котиби Майкл Помпео ўз қарори билан расмий равишда Ўзбекистонни диний эркинликлар масаласида «алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган мамлакатлар рўйхати»дан чиқаргани ҳақидаги хабар барчани хурсанд қилди.

Бунга Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдириб: «Ўзбекистон ҳаётнинг барча жабҳаларига таъсир кўрсатаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг тарихий босқичидан ўтмоқда. Америка ва бошқа шериклар бир неча бор Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган, мамлакатни ривожлантиришнинг бешинчи устувор йўналиши – «хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш» бўйича амалий ҳаракатлар натижаларини кўриш имконига эга бўлдилар», деди.

Бугунги компьютер технологиялари асрида бутун олам бутун оламга кафтдек намоён бўлиб турибди. Махфий нарсанинг ўзи қолмади. Ҳатто “WikiLeaks”чилар энг махфий хизматларнинг энг махфий кодларини ҳам очиб оламга достон қилиб ётибди. Ана шундай шароитда Ўзбекистонда диний маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг тан олиниши ростдан ҳам қувончли ҳодисадир. Боз устига Глобал жалб этиш институти раҳбари Крис Сайплнинг эътирофича, АҚШ Давлат департаментининг Диний эркинликлар бўйича офиси фаолиятининг 20 йиллик тарихида фақат икки мамлакат бундай рўйхатдан чиқарилди – Вьетнам ва Ўзбекистон».

2018 йилнинг 16 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Ушбу фармон инсонларнинг дини мубийнимизга бўлган муносабатини, диний соҳа тизимларини тубдан ўзгартириб, соҳа ходимларининг ижтимоий мавқеини кўтарди.

Ушбу фармон асосида ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси жорий йилданоқ магистратура, аспирантура, докторантурага ёшларни қабул қилиб, таълимни бошлаб юборди, Ҳадис илми мактабига ҳам танлов асосида ҳадис илмига муҳаббати баланд, илмга лаёқати бор ёшлар танлаб олинди.  “Вақф” хайрия жамоат фонди эса ҳозиргача уч миллиарддан ортиқ ёрдам пули тарқатди. Улар сирасида талабаларнинг контракт пулини тўлаб бериш; болаларнинг суннат тўйлари, ёшларнинг никоҳ тўйларини ўтказиб бериш; муҳтожларни моддий жиҳатдан қўллаб қувватлаш; ногиронлиги бор юртдошларимизга ёрдам қўлини чўзиш; масжидлар учун китоблар харид қилиш каби энг савобли ишлар киради.

Жорий йилнинг июнь ойида АҚШнинг Ж.Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти президенти Фредерик Старр Институт директори Сванте Корнелл билан ҳаммуаллифликда «Ўзбекистон: мусулмон дунёсидаги ислоҳотлар учун янги модель» сарлавҳали мақола эълон қилди.

“Мақолада Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, амалга оширилаётган туб ўзгаришларга ижобий баҳо берилган. Муаллифлар Ўзбекистондаги бу янгиланишлар мамлакат Президентининг шахсий ташаббуси асосида амалга оширилаётганини алоҳида қайд этдилар”, деб ёзади Ўзбекистонда ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим Миноваров.

Октябрь ойида эса Ўзбекистонга АҚШнинг диний эркинлик бўйича махсус элчиси Сэм Браунбек мамлакатимизда диний соҳада юз бераётган ўзгаришларни ўз кўзлари билан кўриб ишонч ҳосил қилиш мақсадида ташриф буюрди.

11 декабрь куни Хельсинки комиссиясининг Давлат департаментида сенатор Рожер Уикер раислигида ўтказилган йиғилишда ҳисобот берган элчи Сэм Браунбэк ана шу ишлардан яхши хабардор эди. Шунинг учун ҳам «Ўзбекистон янги раҳбарияти ҳақиқатдан ҳам ўзгаришлар жараёнига содиқ ва мамлакатда нафақат диний эркинликлар, балки мажбурий меҳнат ва инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам муҳим ютуқларга эришилди», дея таъкидлади.

Аслида Ўзбекистоннинг «алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган мамлакатлар рўйхати»дан чиқарилиши катта бир ишнинг дебочаси эди.

Ҳаммамиз фахру ғурур билан эслаймиз: 2017 йил сентябр ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, ана шу юксак минбарда биринчи бўлиб Имом Бухорий ҳазратларининг номини тилга олган ва “Маърифат ва диний бағрикенглик” деган махсус резолюция қабул қилиш ҳақида таклиф билдирган эдилар.

Ана шу ташаббуснинг самараси ўлароқ 2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар бир овоздан қўллаб-қувватлади. Ҳатто кўплаб давлатлар делегациялари сўзга чиқиб, Ўзбекистонга ўта муҳим ва ўз вақтида илгари сурилган ташаббус учун миннатдорлик изҳор қилди.

11 декабрь куни Ўзбекистоннинг «алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган мамлакатлар рўйхати» чиқарилгани ва 12 декабрь куни 2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида Ўзбекистон илгари сурган “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб аталган махсус резолюция қабул қилиниши Ватанимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг ёрқин эътирофидир.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan