ЧАҚАЛОҚ ҚУЛОҒИГА АЗОН АЙТИШ
Янги туғилган чақалоқ оппоқ матога ўралади, чунки динимизда матоларнинг энг афзали оқ ранглиси экани айтилган. Тезда ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиш, Парвардигордан фарзандига ихлос ва эътиқод билан дунё ҳамда охират яхшиликларини сўраш лозим. Бу ҳақда ушбу ҳадис ворид бўлган:
عن أبى رافع أنه قال: رأيت رسول الله صلى الله عليه وسلم أنه أذن فى أذن الحسن بن علي حين ولدته فاطمة
Абу Рофеъдан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фотима ва Алининг ўғиллари Ҳасан туғилганида қулоқларига азон (ва такбир) айтганларини кўрдим».
Бошқа ҳадисда бундай дейилади:
عن ابن عباس رضى الله عنهما أن النبي عليه السلام أذن فى أذن الحسن ابن علي يوم ولد وأقام فى أذنه اليسرى
Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади:
«Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Ҳасан ибн Али туғилганида (ўнг) қулоғига азон айтиб, чап қулоғига такбир айтдилар».
عن الحسن بن على عن النبى صلى الله عليه وسلم قال: «من ولد له مولود فأذّن فى أذنه اليمنى و أقام فى اذنه اليسرى، لم تضره أم الصبيان».
Ҳасан ибн Алидан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Ким фарзандли бўлса, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтса, унга уммус сибён зарар бермайди», дедилар.
Ҳадисдаги «уммус сибён» шайтон бўлиб, у болаларга зарар ё касаллик келтиришини муҳаддислар айтишган.
Чақалоқ қулоғига азон билан такбир айтишдан мақсад, бола дунёда биринчи эшитадиган овоз ва сўз Аллоҳнинг муборак исми бўлишидир. Шунингдек, ушбу азон ва иқомат сабабидан бола турли бало ва дардлардан саломат қолади, унга шайтон таҳдид қилмайди. Чунки шайтон азон овозидан тумтарақай қочади.
Усмонхон АЛИМОВнинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 24000 сўм