Мақолалар

РАМАЗОН ОЙИ РЎЗАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ ҲАҚИДА

Чоп этилди May 11, 2019 РАМАЗОН ОЙИ РЎЗАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ ҲАҚИДАda fikr bildirishni o'chirish

Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деб марҳамат қилдилар: “Рамазон ойи Аллоҳ мусулмонларга рўза тутишни фарз қилган ойдир. Мен уларга ушбу ойнинг кечаларида қоим бўлишликни суннат қилдим. Кимки имон ва савоб умидида унда рўза тутса, кечалари қоим бўладиган бўлса, худдики онадан туғилгандек гуноҳлардан чиқади”.

Абу Салама (розияллоҳу анҳу) отасидан, отаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан худди шундай ҳадисни ривоят қилган.

Назр ибн Шайбон айтади: “Мен Абу Саламага айтдим: “Отанг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­дан эшитган бирор нарса ҳақида гапириб бергин”, дедим. Шунда у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар, деб юқоридаги ҳадис маъно­сини зикр қилди”.

Назр ибн Шайбон айтади: “Мен Абу Саламага йўлиқиб қолиб унга дедим: “Менга отангдан, отанг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитган, у билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўртасида бирор киши бўлмаган, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ўзларидан ривоят қилган бирор ҳадис айтиб бергин дедим. У: “Мен отамдан шундай деганларини эшитганман”, деб юқоридаги ҳадис маъносини зикр қилди”.

Абу Абдуллоҳ айтади: «Имон билан рўза тутса, деган ибора “Аллоҳ таоло унга фарз қилганликни ният қилиб рўза тутса” маъносидадир». Чунки Аллоҳ таоло: “Эй имон келтирган мўминлар, сизларга рўза фарз қилинди”, деган. Рўза бу – ейиладиган, ичиладиган барча нарсалар ҳамда аёллар билан муносабат қилишдан тийилишга бўлган азму қарордир. Ушбу азму қарор у билан Раббисининг ўртасидаги алоқа бўлиб, бундан ҳеч ким хабардор бўлмайди. У куннинг ҳар вақтида агар унга бирор хоҳиш пайдо бўладиган бўлса, Аллоҳ таоло у яширган барча ички ва ташқисидаги нарсалардан хабардор эканига имон келтиргани боис, ушбу хоҳишдан тийилади. Бу иш банданинг ўз қарорини, ичида яширган мақсадини Аллоҳ таоло билиб туришлигига бўлган имони сабабидандир. Натижада унинг қалби хотир­жам бўлади, кечалари ибодатлар қилади ва Аллоҳдан бунга хайр-савоб умид қилади, буларнинг барчаси имондир.

Агар кечаси қасд қилиб ният қилмайдиган бўлса, рўзаси жоиз бўлмайди. Буларнинг барчаси Аллоҳ таоло фарз қилган рўза ҳақида эди. Чунки Аллоҳ ушбу рўзани субҳ содиқ чиққан вақтдан бошлаб қуёш ботгунича, яъни кечаси киргунича бўлган вақт оралиғида фарз қилди ва кечасигача рўзасини тамомига етказишни амр қилди. Нафл рўзаларда эса банда заволдан олдин ҳам ният қилиб олиши жоиз. Аллоҳ таолонинг фазли ила унга ушбу куннинг ажри тўлалигича ёзилади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ҳадиси шарифлар ҳам ривоят қилинган. Шунингдек, банда заволдан олдин рўзага мақсад қилса, унинг ихтиёрида куннинг кўпроқ қисми турибди. У ушбу вақтдан бошлаб рўзани лозим тутса, унга куннинг аввалидан бошлаб рўза тутган ҳисобланаверади. Зеро, нарсаларнинг кўпроқ қисмининг ҳукми унинг барчасининг ҳукми сингари бўлади ва бу ҳукмни бошқа кўплаб масалаларда ҳам кўришимиз мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: “Кечаси туриб рўзасини жамламаган инсоннинг рўзаси йўқдир”. Агар жамламасдан тонг орттирса, у тонг орттирган вақтда фарзни адо қилувчи бўлмайди.[1]

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинади: “Рўзадор субҳ ва куннинг ярмигача ихтиёрлидир”. Бу нафл рўза ҳақида айтилган.

Юқоридаги ҳадисда келган “имон ва савоб умидида”, деган иборанинг маъноси, одам фарзандининг барча амали ният ва умидга боғлиқдир. Ният ва умид қилиш амалларда биргаликда жорий бўлади. Ният бўлмаса, савоб умиди ҳам бўлмайди.

Ният бу қалбнинг Аллоҳ томон юзланишидир. Унинг аввали тасаввур, сўнг хоҳиш, сўнг ирода, сўнг ақл, зеҳн, ҳиммат, азму қарор ила Аллоҳга юзланишдир. Шунда ният камолига етади ва “ният қилди” деб айтилади. Сўнг ният ташқарига чиқиб, инсон аъзоларига ўтади ва уни амалга оширади. Демак, ниятнинг аввали қалбнинг юзланиши ва ўз ўрнидан қўзғалишидир.

Айтилишича, ният аввал тасаввур, сўнг хоҳиш, сўнг ирода бўлади. Агар у қалбда бир зоҳирий нарсага айланса, уни “ният” деб аталади. Чунки бундан аввал нарсалар қалбда яширин ҳисобланади. Ниятнинг аввали бирор ишга юзланиш бўлса, унинг охири азму қарор ва силжишдир.

Абу Абдуллоҳ Ҳаким Термизий айтади:

Азм бу қалбнинг қароридир. Ният қалбнинг қарори ва ана ўша ишни бажаришга юзланиши билангина бўлади. Шунинг учун ҳам фарз ибодатларга ниятни шарт қилганлар. Бошқа нафл ибодатлар ҳам дуруст бўлиши учун фарздаги каби, ниятга эҳтиёж сезади. Ният дуруст бўлса, амалдаги риё, фахр сингари иллатлар чиқиб кетади ва авлиёлар даражасига етади.

Инсонлар бу ишда турли хил бўладилар: яхши амалларни амалга оширишда омманинг сифатлари қуйидагича бўлади: улар савобини эртагаёқ олишни хоҳлайдилар. Бу хислат Аллоҳга ихлос қилган барча омма мусулмонларда топилади. Лекин инсон буни қалби билан аралаштириб юбориши яхши эмас. Чунки кўнгил худди ўтлоқ сингари набототлар билан ўралган бўлади. Агар унга қадам қўймоқчи бўлсанг, у ердаги ўт-ўлан, дов-дарахтлар набототларнинг кўплигидан уни қаерга қўйишни билмай қоласан.

Худди шундай, инсон кўнгли нафснинг хоҳишлари, унинг фитналари, шаҳват васвасаларига тўла. Бу ҳолатда Инсон кўнглидаги хаёллар, хоҳиш-иродалар, турли ниятлар ва маърифатларни қаердан ҳам кўрар эди. Лекин Аллоҳ таоло мусулмонларга раҳмат қилиб, уларга тавҳид неъматини ато қилгач, бу нарсаларни уларнинг тавҳидлари ичига киритиб юборди ва уларнинг қалбларига жойлади. Улар мана шу қувват ила яхши амалларни амалга оширадилар. Баъзида ихлос қиладилар, баъзида эса хато қиладилар, баъзида хотиржам бўладилар ва баъзида мунофиқлик қиладилар. Шунинг учун ҳам қиёмат кунида ҳисоб-китоб жорий қилинган. Чунки имон билан мунофиқлик, тўғрилик билан ёлғон, ихлос билан ширк бир-бирига аралашиб кетган. Биз айтиб ўтган сифатлар ҳар хил ғиллу ғашлардан холи бўлган, Аллоҳ таоло Ислом учун кенг қилиб қўйган қалб учун ҳосил бўлади. У Раббисининг нури узра бўлади ва Аллоҳнинг зикри ила хўл бўлиб, Унинг лутфи билан юмшайди. Аллоҳнинг раҳмати ила хўл бўлиб, неъматларига уланади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни шундай деб сифатладилар: “Мўминнинг қалби ғиллу ғашдан холи, пок бўлади”.

Мўминнинг кўнгли эса нур сочиб турган қуёшли, ҳеч қандай наботот бўлмаган текис очиқликка ўхшайди (яъни ғиллу ғаш йўқ маъносида). Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Ерда Аллоҳ таолонинг идишлари мавжуд. Улар қалблардир. Уларнинг энг яхшиси соф бўлгани, юмшоғи ва қаттиғидир”. “Соф бўлгани”нинг маъноси ёмон хулқлардан соф бўлгани, “юмшоғи” эса дўстлар учун юмшоқ бўлгани, “қаттиғи” Аллоҳнинг зотида мус­таҳкам бўлганидир.

Инсонлар ушбу ниятлар борасида турлича бўладилар. Омма халқнинг нияти уларнинг Аллоҳ томон ақл, илм, зеҳн, ҳимат, азму қарор ила силжишларидир. Ушбу силжишнинг ниҳояси ҳаримдир. Уларнинг қалбларида ундан учиб ўтадиган қувват мавжуд эмас. Чунки қалбларида қанот мавжуд эмаски, учиб ўтсалар. Ҳаво ҳам уларга қаршилик қилади. Зеро, қалблар нафсга мойиллик қилиб, унга итоат қилса, Раббиси томон бўлган йўл тўсилади. Сабаби, қалбга тавҳид маърифати ато қилиниб, бу билан унга жуда кучли қувват пайдо бўлади. Нафс эса ўзидаги шаҳватлар билан  Аллоҳ томон интилиб, унга итоат қилади.

Аллоҳ таоло нафс ҳақида: “Аллоҳ (тоати йўли)да ҳаққоний жидду жаҳд қилингиз!”, дейди. Сўнг ортидан: “Сизларни (шу дин учун) У танлади” (Ҳаж, 78), деди. Яъни, сизларни маҳбуб қилиш учун душманлар орасида кўтариб қўйди ва қалбингизга тавҳид ҳаловатини жойлади. Агар нафс қалбга шаҳват ҳаловатини олиб келса, тавҳид ҳаловати билан унинг юзига урадилар ва қайтарадилар. Бу худди тахтда ўтирган подшоҳ сингари бўлиб, унинг бошида тожи бор, пешонасида (тожда) тилло зарлар, олдида асал ва мум билан тўлдирилган катта идиши бор эди. У асалдан ялаб, ортидан мумдан ер эди. Олдига бир қийинчилик тортган ҳабаш кир кийимлар билан кириб келди. Унинг хожаси баъзи шартларни бажарса, уни озод қилиб юборишни ваъда қилган эди. У эса ушбу шартларни бажаргани кучи етмас эди. Подшоҳ биз сифатлаган ҳолда ўтирган эди, ушбу қул қўлида ўрик ёки тут солинган идиш билан олдига кириб келди. Қул бу билан подшоҳ агар ушбу ширинликдан еса уни ҳайдаб юбормайди, чиқариб юбормайди деб ўйлади. Агар подшоҳ мана шу ҳолатда тентак бўлса олдидаги асалдан юз ўгириб, қул келтирган тутга юзланади. Тавҳид ато қилинган мусулмон ҳам агар нафсига ва нафсининг хоҳишига юрса, худди шу тентак подшоҳга ўхшайди.

Аскарлар айнан мана шу подшоҳни топсалар, унга бемалол журъат қиладилар, унга бўйсунмайдилар, бошидан тожу зарларни ечиб оладилар, тахтидан тушириб, ҳалиги ифлос қулнинг қўлига топширадилар. У эса ахлатхонага судраб олиб боради ва унинг оғиз-бурни ахлатга тўлади. Шу ҳолатда у на бир тоатдан лаззат олади ва на зикрдан роҳатланади. Чунки у бу ерда зикр ҳидини топа олмайди. Чунки у худди ахлатхона сингари қалбдан чиқади. Унинг қалби ифлосликлар, хиёнат, зулм, душманлик, рағбат, жабр, кибр, ўзини устун қў­йиш, гина, ўзини олий ҳисоблаш, Аллоҳдан тўсадиган нарсаларга муҳаббат қўйиш билан ўралган. Бундан сўнг у тоат билан лаззатланиш, Аллоҳнинг зикри билан роҳатланишни умид қилади. Агар у ҳаракат қилиб, тавҳид ҳурматидан бирор ишга ихлос қилса, қаттиқ интилиш билан ҳаракат қилса-да, лекин қалби ҳақдан ўтиб кетмайди. Бу омманинг ҳолатидир.

Ориф инсонларга келсак, улар ҳақиқий обидлар, зоҳидлар, қорилардир. Уларнинг ниятлари биз зикр қилиб ўтган ақл, илм, ҳиммат, азму қарор сингари нарсалардан юқори туради. У ердаги жойга етганда Қуръон дунё осмонидаги Байтул иззада ўрнашади. Бундан юқорига ўтишдан ожиз қоладилар. Чунки унинг қалби ундан юқорига учиб ўтолмайди. Унинг ақли, илми, зеҳни миқдорича ҳамда буларни қанча ишлатса, шунча кўтарилиши мумкин. Натижада нафслар бу жойдан насибадор бўлади ва қувват олиб, тоатда давом этади.

Ориф инсонлар сиддиқлар ҳисобланади. Уларнинг барча ниятлари ягона ниятга айланган. Чунки қалб Аллоҳ томон силжиган ва йўлини топган. Ушбу йўлдан юриб, мустақил бўлган. Нафс эса шаҳватлар билан итоатгўй бўлиб, фаоллашган ва қалбга бўйсунган. Қалб – амир, нафс – асир. Худди у шартнома билан яшаёт­-
ган инсон кабидир. Қалбга ўз навбатида турли каро­матлар бўлади. Бу асал ва мум эгаси бўлган юқоридаги подшоҳ кабидир.

Уларнинг қалблари Арш Соҳиби ҳузури томон кўтарилади. Уларнинг сафлари мавжуд бўлиб, амаллари ҳар сафар кўтарилганда Аллоҳ таолога кўрсатилади. Уларнинг амаллари хазинага қўшилмайди, балки Аллоҳ таолога юзлантирилади. Аллоҳ унга назар қилади ва қабул қилади, сўнг улар махсус хазинага қўйилади.

Донишманд орифлар Аллоҳнинг ҳакимларидир, тадбир қилувчи ҳакимлар эмас. Улар Аллоҳга яқинлик ва Унинг қудрати ила хабардор бўладилар. Улар Аллоҳнинг денгизларидаги хос бандалар бўлиб, барча амалларни ғайбдан қалблари ила билиб турадилар. Чунки Аллоҳ уларнинг кўзларини Малик Аллоҳнинг мажлисларига жойлаган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ниятни жуда гўзал тарзда зикр қилганлар: “Амаллар ниятга боғлиқ. Ҳар бир инсон учун ўзи ният қилган нарсаси бўлади”. Ҳадиснинг охирги банди билан ниятлар турли даража бўлади, ҳар бир шахс ниятига қараб яқинликка эришади, деганини ифодалайди.

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: “Амаллар ниятга боғлиқ. Ҳар бир инсон учун ўзи ният қилган нарсаси бўлади”. Шунингдек, У зотдан ривоят қилинади: “Нияти бўлмаган инсонга амал йўқ, савоб умидида бўлмаган инсонга ажр йўқ”.

Савоб умид қилиш масаласига келсак, банда эътибор билан назар солса, ўзини дунё ҳовлисидан кетгунича қул эканини англайди. Зеро, у Раббисига ибодат қилиш учун қул қилиб яратилган. Сўнг Раббиси уни қиёмат кунида агар ибодат билан келса, озод қилиб юбо­ришини ва абадият ҳовлиси (жаннат)да подшоҳ бўлишини ваъда қилган.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Инсонлар ва жинларни фақатгина менгагина ибодат қилиш­лари учун яратдим(Зориёт, 56). Биз қиёмат кунигача мана шундай бандаликда бардавом бўламиз. Бу эса руҳнинг чиқиши, дунёдан жоннинг қабз қили­нишидир.

“Кимки охиратни истаса ва мўминлик ҳолида (ўз) саъйи билан ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъйи (Аллоҳ наздида) шукрга арзийдиган ишдир. (Эй Муҳаммад!) Барчага – мана бу (мўмин)­ларга ҳам, анави (кофир)ларга ҳам Раббингизнинг неъматидан ато этурмиз” (Исро, 19–20).

Аллоҳ таолонинг уларга шукр қилиши уларнинг гуноҳларини кечиш, рози бўлиши, жаннат ато қилиши, абадий ноз-у неъматлар билан сийлашидир. Аллоҳнинг розилиги улуғдир!

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ тақво қилувчи ҳамда яхшилик қилувчи бандалар билан биргадир”. Яъни, уларга ёрдам ва нусрат беради. Модомики, банда Аллоҳга юзланар экан, Аллоҳ ҳам унга юзланади. Ушбу юзланишда қандай лаззат борлигини фақат унинг аҳлигина билади. Кимки нафсининг алдовлари, орзулари, ёлғонларига алданиб Аллоҳдан юз ўгирса ва нафсига юзланиб, унинг келтирган нарсаларини қабул қилса, у Аллоҳдан юз ўгирган, ундан мойил бўлиб, қалбини азоблаган бўлади. Қалби дунё ишларига шундай буркандики, ҳатто қалби унга ғарқ бўлади. Аллоҳнинг мадади ва нусрати тўхтайди. Агар Аллоҳга тавба қилса ва ишларини ташласа, ушбу ғарқ бўлишдан Унинг раҳмати ва ёрдами сабаб қути­лади. Аллоҳ унинг тавбасини зое қилмайди, саховат ва фазл қилиб, раҳмат эшигини очади. Бу ўзининг бандага берган неъматларига назар солганлигидан бўлади. Шунда қалб пок бўлиб, Аллоҳнинг мадад ва нусрати қайтади. Банда олийликка босқичма-босқич кўтарилаверади. Аллоҳ эса унга фазл, марҳамат кўрсатишдан тўхтамайди ва бандага юзланади. Залолатдан ҳидоятга, ўлимдан сўнг ҳаётга қайтади. Ҳатто тавҳид бўстонига қайтиб, худди булоқ отилиб чиққандай, уруғдан наботот ёрилгандай яширилган жавҳарларини очади. Бу Аллоҳнинг қуйидаги ояти маъносидир:
“Аллоҳ дон ва уруғларни ёрувчи (ва ундирувчи)дир”, (У) тонг оттирувчидир”, “Ўликдан тирикни чиқаради” (Анъом, 96–97).

Банда маънавий юксалиш ва ибодатга ҳаракат қи­лади. Ҳар сафар яхшилик қилганда, Аллоҳдан савоб умид қилади.

Бу худди бўйнида омонат сифатида қарзи бор инсонга ўхшайди. У ўз қарзини секин-секин тўлаб узиб юборади. Мисол учун 10 (динор ёки дирҳам) тўласа, қарз эгасига тўлаганини ҳисоб қилиб қўяди. Шунинг­дек, 100 тўласа ҳам худди шундай. Бир динор тўласа, ўша қарзидан узиб юборади. Агар жавҳар тўласа ҳам уни тўлади, деб ҳисоблайди. Агар кўчмас мулк ёки бирор мато тўласа ҳам худди шундай. Хуллас, қарз эгасига нима тўласаки, унинг бўйнидаги қарзидан ҳисоблайди.

Худди шунингдек, банда ҳам амал қилгандан сўнг уни ҳисоблайди ва Аллоҳнинг ҳузуридаги қарзидан ўчиради. Унинг қарзи Аллоҳга ибодат қилиш. Агар у ният қилиб, савобни умид қилса, ихлос қилган бўлади ва ушбу ихлосини ниятга, ибодатини савоб умидига боғлаган бўлади. Икки ишни ҳам қилган бўлади. Қуръони каримда шунга амр қилинган: “Унинг учун динда (ширкдан) ихлос қилган ҳолларида ибодат қилишга буюрилдилар”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон ойини зикр қилиб: “Ким имон билан унда рўза тутса”, дедилар. Яъни, Аллоҳ таоло бандага фарз қилган ва унинг рўзадаги нияти, ўша уни шаҳватларини тийиб туришидан хабардор эканига имон келтирган ҳолда фарзларни адо қилади.

Буларнинг барчаси ҳар соатда янгиланиб турадиган банданинг имонидир. Муоз ибн Жабал, Абдуллоҳ ибн Равоҳа сингари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобийлари бир-бирларининг қўлларини тутиб: “Келинг, бир вақт имонлашамиз”, дердилар ва бу билан имонларини янгилашни хоҳлардилар. Аллоҳ ва унинг ноз-у неъматларини гаплашар эдилар. Худди шунингдек, рўзадорнинг қалбида ҳам хоҳишлар айланади ва уни қайтариб юборади. Ҳар сафар қайтарганда у имонини янгилайди. Чунки бу Раббиси ва ўзи ўртасидаги махфий ишдир. Ундан на бир муқарраб фаришта ва на мурсал пайғамбар хабардор. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Рўза мен учундир. Мен уни Ўзим мукофотлайман”, деб марҳамат қилган. Чунки бу Рабб ва банда ўртасидаги ишдир. Ҳар сафар бандага юзланган шаҳватни қайтариш бу Аллоҳнинг хазинасидир. Буни сақловчи ва ёзувчи фаришталар ҳам сезмайдилар.

Пайғамбаримизнинг: “Ким савоб умидида кечани қоим қилса”, деган сўзлари маъноси, албатта, банда фарз қилинмаган ибодат учун туради. Ушбу қиёми орқали яратилишдан асл мақсад бўлган ибодатни адо қилиш савобидан умидвор бўлади. Унга ибодат савоби битилади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Савоб умид қилмаган инсонга ажр йўқ”, дедилар. Кўпчилик инсонлар яхши амалларни одатий тарзда амалга оширадилар, лекин ибодат маъносида эмас. Бу бўйнида лозим бўлган ибодатларни амалга ошириш маъносида бўлмайди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қу­йидаги сўзларига назар солинг: У зот: “Ўз аҳлинг билан қўшилишингда ҳам садақа бор”, дедилар. Саҳобийлар: “Ё Расулуллоҳ, биз шаҳватимизни қондириб ҳам ажр оламизми?”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ: “Айтинг­лар-чи, агар шуни ҳаром йўл билан қилса гуноҳкор бўлармиди?”, деб сўрадилар. Улар: “Ҳа”, дейишди. Расулуллоҳ айтдиларки: “Сизлар ёмонликни ҳисоб­лаб, яхшиликни ҳисобламаяпсизлар”. Ушбу ҳадисда маълум қилинмоқдаки, банда зино қилганда шаҳватини қондиришни мақсад қилади. Ўз нафсига у хоҳлаган нарсани беради ва нафсининг шаҳватини қондиради. Чунки у ўз нафси ва шаҳватига ибодат қилди. Агар у буни ҳалол жойга қўйиб, ҳаромдан сақланишни мақсад қилса, бу билан бўйнида лозим бўлган ибодатни амалга оширишни умид қилса, бунга ажр берилади ва бу унинг аҳлига садақага ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Муоз (розияллоҳу анҳу) Абу Мусо (розияллоҳу анҳу)га дедилар: “Мен кечанинг ярмида ухлайман ва ярмида қоим бўламан. Уйқумни ҳисобини олганимдек (савоб умид қилганимдек), тунги бедорлигимнинг ҳам ҳисобини  оламан”. Муоз (розияллоҳу анҳу) қоим бўлишга тай­ёргарлик учун ухлайдилар. Бу уйқу билан Раббисидан қабул қилган ибодатни амалга оширишни мақсад қилади. Аллоҳ уни ибодат қилиш учун яратган. Ухлагандан сўнг уйқу билан лаззат олади.

Агар аҳли аёли билан ибодатни адо қилиш мақсадини қўймасдан лаззатланиш учун ётадиган бўлса, ажри ботил бўлади, ибодат бўйнида қолади. Аллоҳга ўша вақтда бажариладиган ибодат савобидан маҳрум бўлган ҳолатда йўлиқади. Аллоҳ хоҳласа уни афв қилади, хоҳласа узоқ савол-жавобга тутади. Агар ушбу шаҳват билан ҳаромга юзланадиган бўлса, нафснинг буйруғини қилган бўлади.

Аллоҳ таоло бандани яратди, у Аллоҳга қулликни қабул қилиб, сўнг ўзини ўз нафси ва шаҳватлари қулига айлантирди, Аллоҳнинг ибодатидан нафс томон юрди. Бу банда ҳақида нима деб гумон қиласиз? Шунинг учун ҳам башариятнинг энг раҳмлиси, меҳрибони бўлган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам унга лаънат айтганлар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Динор қулига лаънат бўлсин, дирҳам қулига лаънат бўлсин!”. Ҳадисга яна бошқа лафзлар зиёда қилинган: Хамиса (белгилари бор нафис кийим) эгасига лаънат бўлсин, бахтсиз бўлсин, тикон кирса чиқаролмасин! Аллоҳнинг қули ва бандаси бўлиш қандай ҳам яхши!

Абу Абдуллоҳ Ҳаким Термизий айтди:

Бу нарса Аллоҳнинг қули деб номланиб, сўнг нафсининг қули, шаҳватининг қули, қорнининг қули, фаржининг қули ва ҳою ҳавасининг қулига айланган мўмин учун катта уятдир.

Абу Умома (розияллоҳу анҳу) айтади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шундай деяёт­ганларини эшитдим: “Инсоннинг савоб умид қилган нарсаси унинг фойдасига бўлади, унинг касб қилган нарсаси эса унинг зарарига бўлади. Инсон ўзи яхши кўрган инсон билан бирга бўлади. Ким гуноҳ учун чиққан йўлида вафот этса, унинг аҳлидандир”.

Абу Абдуллоҳ айтади:

Ушбу ҳадис сизга юқорида айтилган инсон савоб умидида, ибодатни адо қилиш маъносида қилган ишлари унинг фойдасига бўлади. Савоб умид қилмаган, лекин одатий тарзда қилган амаллари унинг зарарига айланади.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади: “Унинг касб этгани (яхшилиги) – ўзига ва орттиргани (ёмонлиги) ҳам ўзигадир” (Бақара, 286). Инсоннинг касб қилган нарсаси унинг фойдасига бўлиши сабаби шуки, касбнинг аввали яхшилик бўлади, сўнг у рукнларга айланади ва қалбнинг касбига айланади. Зотдаги касб қилиш эса уни нафс ўз хоҳиши учун қи­лади. Нафси ҳаво хоҳлаган нарсалар дўзах атрофи ўралган шаҳватлар сабабидан бўлади.

[1] «Мухтасарул виқоя» асарида келтирилишича, Рамазон рўзасини куннинг ярмигача ният қилиб олиш дурустлиги баён қилинган.

 

 

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм