Мақолалар

Банда ўз қалбидаги сурат ва ҳулул ғуборини ювиб тозалаши керак

Чоп этилди May 12, 2019 Банда ўз қалбидаги сурат ва ҳулул ғуборини ювиб тозалаши керакda fikr bildirishni o'chirish

Бир киши шундай савол билан мурожаат қилди: “Исломий ҳаёт уйи иморатининг мояси-тамали бўлмиш зикр, афъол, аркон забт этилгандир. Аммо имоний ҳаёт уйи иморатининг мояси­тамали бўлмиш афкор ва қалб кўзи забт этилганми, йўқми?”

Жавоб: Бир жиҳатдан забт этилган, бир жиҳатдан эса забт этилмаган, деб жавоб берамиз. Кашфнинг забт этилган жиҳати шуки, ўй-фикр ҳар қанча сафар қилса ҳам, яратиқлар ва махлуқот атрофида кезади. Ҳазрати пайғамбар (алайҳиссалом) бу ҳақда шундай демишлар:

تفكروا في خلق الله ولا تفكروا في الله.

Яратиқлар ҳақида тафаккур қилинг (чуқур-чуқур ўйланг), лекин Яратувчи тўғрисида тафаккур қилманг!”[1]. Чунки фикр каммийят-қандай, кайфийят-қанақа, ламмийят-қачон, ҳайсийят-шойисталик ва иннийят-қай замон каби башарий ўлчовлар доирасида кезади. Буларнинг барчаси яратиқнинг сифатларидир. Ҳолбуки, ҳазрати Жалол (Ҳақ таоло) бундай башарий хусусият ва дунёвий ўлчовлардан муназзаҳ (пок)дир.

Рубубиятни мушоҳада этишга доир фикри­миз қуйидагича: банда ашёнинг миқдорини тафаккур қилса, Ҳақ таолонинг ягоналиги аёнлашаверади… Ашёнинг васфи (кайфияти)ни ўйлагани сайин Жаббори оламнинг таъриф этиб бўлмас даражада мислсиз ва беназир зот эканига шоҳид бўлади. Ашёнинг сабаби хусусида фикр юритса, Яратувчининг модда, жисм ва жавҳардан йи­роқ эканини англайди. Ашёнинг моҳияти хусу­сида фикрласа, Яратувчининг иннийят-замон ва ҳайсийят-макондан пок-муназзаҳлиги бандага аён бўлади.

Ашёнинг миқдори Ҳақнинг бирлигини кў­риш­га, нарсаларнинг кайфияти-қандайлиги эса Ҳақ­нинг қудсийятини кўришга ойна бўлажак. Ламмийят-келиб чиқиши Ҳақнинг муназзаҳлигига, ҳайсийят-моҳияти Ҳақнинг бехожатлигига ва ай­нийят-ўзлигига, иннийят-ҳар бир нарсанинг замон, яъни вақтга тобелиги эса Ҳақнинг азалий ва абадий эканини мушоҳада этишга кўзгу бўлади.

Бу маъноларнинг воқе бўлиши ижобий ҳолатдир. Бунга доир ғайбий кашфлар эса ижобий, тўғри ва ҳақдир. Чунки бу мартабада солик Ҳақ таолонинг тажаллисига ноил бўлади.

Аммо Ҳақнинг тажаллиси бандада намоён бўлгач, унда тушунча ҳам тафаккур ҳам қолмайди, у йўқлик аро йўқ, фано ичра фано бўлади. Чунончи, пайғамбар (алайҳиссалом) бу ҳакда демишлар: “Аллоҳ таоло бир нарсага тажалли э­са, у нарса Ҳаққа бўйсунади ва парчаланиб-тўзғиб кетади. Худди Тури Синонинг майдаланиб, ҳавода тўзғиб кетгани каби[2]. Бу шундай бир ҳолатки, мурид унга эришмагунича, кўриб, ҳис қилмагунича уни тушуниб етолмайди.

Ашёга қараб Ҳақ таолони тафаккур этиш ва Ҳақ сифатларининг бандада тажалли этиши тарзидаги бу икки мартабадан ташқари яна учинчи мартаба ҳам бор. Бу мартаба пайғамбарлар ва сиддиқларга хос бўлиб, Аллоҳ билан Аллоҳ учун тафаккур қилиш, яъни фано ичра фано (фа­но­филлоҳ) мақомидир. Ҳазрати пайғамбар (алайҳиссалом) Ҳақнинг шундай деганини сўзлайдилар:

إذا أحببته كنت عينه التي يبصر بها وأذنه التي يسمع بها وفؤاده الذي يعقل به.

Бир бандамни севсам, унинг қулоғи, кўзи ва қалбига айланаман. Мен орқали эшитади, мен орқали кўради ва мен орқали фикр юритади[3].

Хос инсонларга бу мартабани тушунтириб беришга ҳожат йўқ. Чунки улар бу ҳолларни зотан шахсан яшайдилар. Авом халққа ҳам бу мартабани тушунтириб бериш фойдасиздир. Чунки улар буни тушунмайдилар ва “ҳулул” васвасасига мубтало бўлишлари мумкин. Ҳолбуки, Ҳақ таоло янг­лиш тасаввурлардан, айбу нуқсонлардан узоқ  ва муназзаҳдир.

Банда ўз қалбидаги сурат ва ҳулул ғуборини ювиб тозалаши керак, яъни Ҳақ таолонинг қандайдир бир шаклда эмаслигини ёки бирон махлуқотнинг суратига кирмаслигини билиши лозим.

[1] Дайламий. ал-Фирдавс би маъсур ил-хитоб. Байрут, 1986, II, 56-6.

[2] Имом Насоий. Кусуф. 16-ҳ; Имом Ибн Можжа. Иқомат. 152-ҳ.

[3] Имом Бухорий. Риқоқ. 38-ҳ.

 

 

 

 

 

 

Юсуф ҲАМАДОНИЙнинг “Ҳаёт мезони” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 13000 сўм