Мақолалар

Ғазаб шундай иллатки…

Чоп этилди May 13, 2019 Ғазаб шундай иллатки…da fikr bildirishni o'chirish

Фитратига ғазаб олови сачраган киши тўғрисида нима дейсиз?

Бу ғазабнинг таъсири ва ҳокимлиги унинг фитрати устидан ғолиб келади. Ғазаб шундай бир иллатки, на тадбиркор ақл ва на буюрувчи қалб унга бас келолади. Бу иккови ғазаб оловининг таъсирида сўниб, бу ҳолдаги кишидан ақлга мақбул бўлмаган ва кўнгилга ўтирмайдиган баъзи ишлар юзага келади. Бу одам ҳақида бириси “бу инсон қилган ишларини ўз иродаси билан қил­маган” деса, тўғри айтган бўлади. Зеро, бу ҳолат – аҳ­воллари қоришиқ бўлган ва Иблис эгаллаб олган кишилар сифатидир. Баъзан уларда ғазаб оташи кучайиб, улар гўё йиртқич ҳайвонларга дўнадилар. Баъзан шаҳват оташи зўрайиб, уларни ҳай­вон­га айлантириб қўяди. Ғазаби ва шаҳвати ғалаба қозонган бу инсоннинг қалбида нур қол­майди, натижада ақлининг таъсир кучи ҳам йў­қолади.

Шу сабабли ҳазрати пайғамбар (алайҳиссалом) ғазабланиб турган инсонга йўлиққанларида унга

“Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир-ражим” (қувилган, тошбўрон қилинган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тилайман) деб жаҳлини бартараф этишни тавсия қилганлар. Демак, мавзумизга боғлиқ шундай хулоса чиқадики, ғофил ва ақли ҳушидан бегона кимсаларга шайтон ғазаб оловини сочади. Яна шунга ҳам ишора қилмоқдаки, бирон кишини ғазаблангани учун маломат қилмаслик керак. Чунки, ҳазрати пайғамбар (алайҳиссалом) ҳалиги ғазабли одамни маломат қилмадилар. Шуниси аниқки, демак, ғазабни Ҳақдан паноҳ тилаш билан муолажа қилмоқ-бартараф этмоқ вожибдир. Инсон ўз қаҳр-ғазабини шу йўл орқали даф этмаган тақдирдагина шаръий жиҳатдан маломатга лойиқдир.

Ҳазрати пайғамбар (алайҳиссалом) саҳобалар­га ғазабни кетказиш йўлини ҳам ўргатдилар. Дедиларки:.

Агар тик турган бўлсанг, ўтириб ол, ўтирган бўлсанг ёт, ётган бўлсанг таҳорат ё ғусл қил, чунки, ғазаб оташдир, оташни эса сув ўчиради”[1].

Қуръони каримда юқоридаги фикрларни тас­диқловчи оятлар мавжуд:

(У тақводор зотлар) ях­ши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон киладиган, ғазабларини ичла­рига ютадиган, одамлар­нинг (хато-камчилик­ла­рини) афв этадиган киши­лардир. Аллоҳ бун­дай яхшилик қилувчиларни севади” (Оли Им­рон сураси, 134-оят). Бу ерда ғазаб маломат қи­линмади, балки ғазабни йўқотиш ва муолажа қи­лишни тарк этиш маломат қилинади. Чунки бу шайтоннинг ишидир.

Пайғамбарлар ва сиддиқлар ғазаби эса Аллоҳ ризоси учун бўлиб, имоний ва исломий ғайрат­нинг белгисидир. Чунончи, ҳазрати пай­ғамбар (алайҳиссалом):

إМен ҳазил қиламан, лекин ҳақ гапни айтаман”[2] деганлар. Чунки ҳазрати пайғамбарнинг ҳаяжони Аллоҳ учун ва ҳақиқат­нинг ғалабаси учун эди. Умматига бўлган меҳр-шафқати туфайли ҳазил ҳам қилар эдилар. Ҳазрати Ойша (розияллоҳу анҳо) онамизнинг ривоят қилишларича, пайғамбаримиз ҳеч вақт ўзлари учун ғазабланмаган эканлар. Балки ул зотнинг ғазаби фақатгина Аллоҳ таолонинг дини учун эди, шу боис ғазабланганларида ҳеч ким у зотга воситачилик ёки эътироз қилолмасди. Ривоят қилишларича, пайғамбар (алайҳиссалом) ғазабланганларида икки ёноқлари ва кўзлари қизариб кетар, пешонасидаги томирлари бўртиб чиқарди. Бани Махзум қабиласидан бир аёл ўғрилик қилганида ҳазрати пайғамбар унинг қўлини кесишга буюрадилар. Саҳобадан Усома (розияллоҳу анҳу) унинг гуноҳини кечиришларини сўрайди, шунда ул ҳазратнинг шу даража ғазаблари тошганки, бирор киши чурқ этишга юраги бетламаган экан. Ҳазрати пайғамбар (алайҳиссалом)нинг шунда айтган қуйидаги сўзлари муҳим аҳамиятга эгадир: “Аллоҳнинг қонун ва жазоларидан бирига қарши чиқяпсизларми? Аллоҳга қасамки, қизим Фотима ўғрилик қилса ҳам қўлини кесган бўлардим,[3] деган эканлар. Расули акрамнинг бу ғазабланишлари Аллоҳ розилиги йўлида бўл­га­ни учун тўғри ва ҳақ эди. Шу боис бундай ғазабни сўндириш тўғри эмасди.

Ҳазрати Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) бир аёл билан номақбул нарсалар гаплашаётган бир одамнинг олдидан ўтаётганида унинг ҳақорат сўзларини эшитдилар. Шу қадар ғазабландиларки, сабрсизлик қилиб, бу ҳолатни халифа ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу)нинг ҳузурига бориб айтишгача ҳам тоқати чидамасдан, ҳалиги одамнинг сочидан тутиб, юзига бир неча мушт туширдилар. Оғзи-бурни қонга беланган бу одам фарёд кўтариб, халифа Умарнинг ҳузурига бо­ради ва бўлган воқеани айтиб беради. Ҳазрати Али ҳам ўша ерда ҳозир бўладилар. Мўминлар амири ҳазрат Умар ҳазрат Алидан: “Эй Абул Ҳасан, ўзи қандай воқеа рўй берди?” – дея сўради. Ҳазрат Али: “Бу одамдан динга зид бўлган номақбул сўзлар эшитдим ва шундай йўл тутишга мажбур бўлдим”, дедилар. Ҳазрат Умар ҳалиги одамга: “Сенга Аллоҳнинг кузатиб турувчи кўз (назар)ларидан бир кўз рўпара бўлибди. Чунки Али Аллоҳнинг кўзларидандир…” – дебдилар.

Ҳазрат Али ўша ҳолатда ғазабланмаганида, бориб воқеани халифага айтган бўларди. Тўғри, ғазаб инсонни енгиб, ақл билан ҳаракат қилишига йўл қўймайди. Лекин ҳазрат Али ҳақ эди, ҳақдор эса қасосини олади, итоб қилинмайди.

Ғазаб инсонни енгиши ва унга ҳоким бўли­ши­га ҳазрат пайғамбар (алайҳиссалом)нинг ердан тош кўтариб олган бир жамоа билан қилган мулоқотлари ҳам мисол бўла олади: Пайғамбаримиз сўрадилар: – Бу қандай тош? Жамоа: – Қаттиқ ва кучли тош, дейишди. Пайғамбаримиз: – Сизларга бундан ҳам қаттиқроқ нарса нима эканлигини айтайинми? – дедилар. Жамоа: – Айтинг, дейишди. – Ғазабланганда ўзини босиб оладиган кишидир, дедилар.

[1] Имом Абу Довуд. Адаб. 3-ҳ; Аҳмад ибн Ҳанбал. Муснад. IV, 226-6.

[2] Имом Термизий. Бирр. 57-ҳ.

[3] Имом Бухорий. Фазоилу асҳоб ин-набий. 18-ҳ; Имом Муслим. Ҳудуд. 8-ҳ.

 

 

 

 

 

 

Юсуф ҲАМАДОНИЙнинг “Ҳаёт мезони” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 13000 сўм