Слайдер

“Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжидига имом-хатиб тайинланди

Чоп этилди May 13, 2019 “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжидига имом-хатиб тайинландиda fikr bildirishni o'chirish

 

 

Ўтган ҳафта сўнгида Тошкент шаҳрида ислом оламида машҳур бўлган, улуғ аллома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ номидаги муҳташам жоме масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан бунёд этилган ушбу муаззам мажмуа рамазон ойида халқимизга катта туҳфа бўлди.

Ушбу жоме масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ўғили, у бошлаган маърифий ишларнинг давомчиси, бир неча исломий ташкилотлар аъзоси ва мўмин-мусулмонларга жуда катта хизмат қилаётган Исмоил Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф имом-хатиб этиб тайинланди. Шунингдек, Шайх ҳазратларининг суюкли шогирдлари, ҳофизи Каломуллоҳ Баҳодир қори Раҳматуллев эса имом ноиби вазифасига тайинланди.

Исмоил Муҳаммад Содиқ кучли илмий салоҳият, ҳаётий тажриба ва ноёб истеъдод соҳиби ҳисобланади. 1976 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топди. 1994 йил «Исломий даъват куллияси»га ўқишга кирди. Тўрт йил бакалавр босқичида, сўнг икки йил магистратурада ўқиб, 2001 йили ушбу куллияни тамомлади. Шундан сўнг, элчихоналарда, диний таълим муассасаларида, нашр ишларида, сайт хизматларида ва таълим марказларида фаолият олиб борди.
Ҳозирда Исмоил Муҳаммад Содиқ «Ҳилол нашр» матбаа нашриёти раҳбари ҳисобланади.
11 май куни ушбу масжидда таровеҳ намози адо этилиб, хатми Қуръон бошланади. Таровеҳ намозида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, уламолар, марҳум ва мағфур Шайх ҳазратларининг яқинлари, шогирдлари иштирок этдилар.

Аллоҳ таборака ва таоло Исмоил Муҳаммад Содиқни улуғ устознинг вориси сифатида отасининг ишларини давом эттириб боришини насиб этсин ва янги шарафли мартабани муборак айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати