Мақолалар

«Иддаога қарасанг, аёл ҳар нарсадир, амалда эса, ўйинчоқларнинг энг тубанидир»

Чоп этилди Dekabr 24, 2018 No Comments

“…Узоқ йиллар шу қаноатда бўлиб келдим. Аммо бу қаноатим ичида бир хаёл ҳам бор эди: “Ажабо, ҳақиқатан ҳам буларнинг барига эркаклар сабабчимикан?“ Ўтган кунларда буюк бир олимнинг китобидан ўқиганим ушбу сатрлар қаноатимни янада қувватлантирди: “Эркакларнинг хотинлашиши аёлларнинг эркаклашиши натижасини берди”, дейди олим.

Шулар ҳақида бош қотириб юрган кунларим бир ояти карима маъносининг таржимасига дуч келдим. Нисо сурасининг 117-ояти (таржимаси)да бундай дейилади: “Улар Ундан бошқа фақат аёл санамларга ибодат қилурлар ва фақат бебош шайтонга ибодат қилурлар”. Оятнинг тафсирида Аллоҳга шерик келтирган бир кимсанинг руҳида энг буюк ғоя бўлиб “аёл” жой олгани кўрсатилибди ва бундай дейилибди: “Баъзи эркаклар аёлларга қийматидан ҳам баланд бир мақом берадилар. Натижада инсоннинг дунёга келиш ғоясини “Аллоҳга ибодат қилиш“ эмас, балки (Аллоҳ сақласин) “аёлга сиғиниш” деб гумон қиладилар“. Бунга араб мушриклари санамларига аёл исмларини қўйганларини очиқ далил деса бўлади.

Ва яна, юнон ва шунга ўхшаш бир қанча бутпараст халқларнинг бут-санамлари аёл экани маълумдир. Бу ҳолат аёлга ҳақиқатан ҳам қиймат берганларидан эмас, аксинча, масаланинг ичида Аллоҳ ҳузуридан қочиш, Унга ибодат қилишдан юз ўгириш ётибди. Агар бундай бўлмаганида эди, аёллардан бутлар ясаб, уларга сиғинган ўша қавмлар айни замонда аёл зотига энг буюк зулмларни қилмаган бўлардилар.

Тафсирлардан бирида ёзилган “Иддаога қарасанг, аёл ҳар нарсадир, амалда эса, ўйинчоқларнинг энг тубанидир”, деган жумлалар уларнинг аёлга асл муносабатларини қандай гўзал ифода этибди! Аёлнинг асл мақомидан (даражасидан) тушириб, унга сиғинадиган даражада боғланган инсонлар аслида шайтоннинг найрангига учаётганларини ва бу ҳоллари билан шайтонга сиғинаётганларини ояти карима жуда тўғри ифодалаб қўйган.

Орадан қанча йиллар, қанча асрлар ўтган бўлишига қарамай, шайтон яна ўша шайтондир, нафс яна ўша нафсдир. Ҳамма замонларда бўлганидек, бугун ҳам нафсига асир ва шайтонга ўйинчоқ кўпчилик эркаклар энг қулай ғафлат воситаси қилиб яна аёлни танлашган…“

Алоуддин Башарнинг “Севги нима?“ китобидан

Даврон Қобил таржимаси

Манба: islom.uz

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan