Мақолалар

Абу Жаҳл (унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни босиш учун олдинга ўтиб, қўрққанидан ортига қайтиши

Чоп этилди May 14, 2019 Абу Жаҳл (унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни босиш учун олдинга ўтиб, қўрққанидан ортига қайтишиda fikr bildirishni o'chirish

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоз ўқиётганларида бўйинларидан босиб, юзларини тупроққа белаш учун Абу Жаҳл шаҳд билан у киши томон юрди. Олдинга ўтди-ю, сўнг дарҳол ортига қайтди. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан ўзи ўртасида бир тўсиқни кўрди.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

«Абу Жаҳл Қурайш кофирларига қарата: “Муҳаммад сизларнинг орангизда туриб юзини тупроққа ишқаб ётса[1], сизлар буни қайтармасдан, индамай қараб турибсизларми?” деди. Улар: “Ҳа”, дейишди. “Лот ва Уззога қасам, агар унинг намоз ўқиганини кўрсам, албатта, бўйнини босиб, юзини тупроққа ишқайман”, деди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоз ўқиётганларида айтган ишини қилиш учун келди ва тезлик билан ортига қайтди. Қурайшликлар унинг олдига келганида ҳамон ортга тисарилиб, қўли билан нимадандир ҳимояланарди. “Сенга нима бўлди?” деб сўрашди. “У билан менинг ўртамда оловли хандақ, қўрқинч ва қанотлар бор”, деди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар менга яқинлашганида фаришталар уни бўлак-бўлак қилиб ташлаган бўларди”, дедилар»[2].

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда қуйидаги оятларни нозил қилди:

(Эй инсон!) Кўрдингми, қайтараётан кимсани бандани намоз ўқиганда?! Кўрдингми – агар у (қайтарувчи) ўзи тўғри йўлда бўлса экан, ёки (ўзгаларни) тақвога (Аллоҳдан қўрқишга) буюрса экан! Кўрдингми, агар у (намоздан) тўсувчи кимса (аксинча ҳақни) инкор этса ва (у имон келтиришдан) юз ўгирса, албатта, Аллоҳ (унинг бу қилмишларини) кўриб туришини билмаганмиди?! Йўқ! Қасамки, агар у (бу йўлидан) қайтмаса, албатта, Биз унинг пешона сочидан тутамиз ўша ёлғончи, адашган (кимсанинг) пешона сочидан (тутиб жаҳаннамга отурмиз)! Бас, у ўзининг жамоасини (ёрдамга) чақираверсин! Биз эса азоб фаришталарини чақиражакмиз! Йўқ! (Эй Муҳаммад!) Сиз унга итоат этманг ва (ёлғиз) Аллоҳга сажда (ибодат) қилиб, (Унга) яқин бўлинг!”[3] (Алақ сураси, 9–19-оятлар).

 

[1] Намоздаги саждани айтмоқда.

 

[2] Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насоий ва Имом Ибн Жарир ривояти.

 

[3] Ушбу 19-ояти карима сажда ояти бўлиб, бу оятнинг арабчасини ўқиган ёки эшитган киши бир марта сажда қилиши вожиб бўлади.

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм