Дунё янгиликлари

“Ё Туркияни, ё террор ташкилотини танланг”

Чоп этилди May 14, 2019 “Ё Туркияни, ё террор ташкилотини танланг”da fikr bildirishni o'chirish

Туркиянинг Қирғизистондаги элчихонаси Туркия Республикаси ТИВ матбуот котиби Ҳами Оқсойнинг Қирғизистон муфтияти томонидан “Себат” мактаблар тармоғи собиқ раҳбарининг ифторликка таклиф қилингани муносабати билан берган баёнотини тарқатди.

“Қирғизистон муфтияти томонидан 2019 йил 8 май куни ташкил қилинган ифторликка бу мамлакатдаги ФЕТО (Туркия расмийлари Фатҳуллоҳ Гулен ҳаракатини шундай номлайди) раҳбарининг таклиф қилинганини қабул қилиб бўлмайди. Аммо, мазкур ифторликка таклиф қилинган Туркиянинг Қирғизистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси бу вазиятни сезиб қолди ва ўзининг адолатли муносабатини билдирди”, – дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, “хориждаги ФЕТО тузилмаларига қарши курашиш биринчи даражали устувор вазифалардан биридир”. “Биз ФЕТО бўлган мамлакатлардаги ҳамкорларимизга мазкур террор ташкилотидан келадиган хавфсизликка таҳдидларни қайта-қайта ва кескин равишда тушунтирамиз. Биз нафақат расмий доиралардан, балки биз учун дўст бўлган мамлакатларнинг барча миллий муассасаларидан мазкур масалага чуқур ёндашувларни сўраймиз”, – дейилади Хами Оқсой баёнотида.

Туркия элчиси Женгиз Камил Фират 8 май куни “Себат” мактаблар тармоғи собиқ раҳбари Орхан Инан иштирок этган ифторликка таклиф қилишганига ўз норозилигини билдирган эди. Элчи Қирғизистон муфтийси Мақсатбек Токтомушевга кинояли гапларни айтди ва: “Ё Туркияни, ё террор ташкилотини танланг” дея баёнот берди. У шунингдек, Туркия Қирғизистонда 35 миллион долларга тенг масжид қуриб берганини эслатиб ўтди.

Муфтият ҳодисага изоҳ берди. Жумладан, идора матбуот котиби Мақсат Атабаев: “Ифторликда одам ажратилмайди. Барча таклиф қилинган. Ўзаро тушунмовчилик юз берди, кўп ўтмай бу муаммо бартараф этилди. Ҳозир ҳаммаси жойида”, дея баёнот берди.

“Сапат” турк мактаблар тармоғи Қирғизистонда 1992 йилда “Себат” номи остида ўз фаолиятини бошлаган эди. Унинг асосчиси туркиялик руҳоний Фатҳуллоҳ Гулен ҳисобланади, унинг ташкилотини Анқара террор ташкилоти, дея эълон қилган.

 ЎзА