Ўзбекистон янгиликлари

15 май – Халқаро оила куни

Чоп этилди May 15, 2019 15 май – Халқаро оила куниda fikr bildirishni o'chirish

Сурхондарё вилоятида 10-15 май кунлари “Оила – муқаддас” акцияси ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан низоли оилаларни яраштиришга эришилаётир.

Ҳудудларда 30-40-50 ва ундан кўпроқ йиллар аҳил, иноқ турмуш кечирган оила вакиллари учрашувлари ташкил этилиб, мазкур тадбирга нотинч ва низоли оилалар таклиф қилинмоқда.

Жумладан, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси ходимлари ажралиш ёқасида турган 337 оилани яраштирди. 19 оила ФҲДЁ бўлимлари ва суддан ажрашиш ҳақидаги аризасини қайтариб олди. 571 бола ярим етим бўлиб қолишидан сақлаб қолинди.

– Таҳлилларимизга кўра, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар сони бўйича Шўрчи тумани 123, Шеробод тумани 85, Денов тумани 54 ҳолат билан юқори кўрсаткич қайд этилди. Шунингдек, воҳада ажрашиш арафасида турган оилалардаги муаммо, ҳолат, вазиятларни ўрганиш учун суҳбатлар, сўровлар, инновацион ёндашувлар ва бошқа таъсир чораларини қўллаб, ажрашишга қарор қилишга олиб келган сабаблар ўрганилмоқда. Бунда энг кўп ҳолат эр-хотиннинг ўзаро келишмовчилиги, кейинги ўринда қайнона ва қайнота ҳамда учинчи шахснинг ноўрин аралашуви билан боғлиқлиги маълум бўлмоқда. Шунингдек, бефарзандлик, ичкиликбозлик ва бошқа зарарли ҳолатлар ҳам ажралиш учун сабаб қилиб кўрсатилаётир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Д.Жўраева.

Вилоятда ўтказилаётган “Оила – муқаддас” акциясида миллий қадриятларимизга хос ана шундай улуғ анаъаналар кенг тараннум этилаётгани аҳамиятлидир.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,

ЎзА