Мақолалар

Таровеҳ намозининг фазилати

Чоп этилди May 16, 2019 Таровеҳ намозининг фазилатиda fikr bildirishni o'chirish

Раҳмат ва мағфират ойига ўзгача шукуҳ, сурур бағишлайдиган, бандани ҳам мағфиратга йўллаб, ҳам мўминларни ўртасида иноқлиқ, аҳилликни орттирадиган Рамазон ойига хос бўлган ибодат таровеҳ намозидир.

Рамазон ойи бошланиши билан  юртимизнинг барча масжидларида таровеҳ намози, Қуръон хатмлари бошланади. Қувонарлиси, масжидларнинг ҳовлилари ҳам намозхонлар билан тўлиб-тошиб, мўмин-мусулмонлар Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қолган суннати муаккадани адо этишга киришадилар.

Рамазон кечаларида қоим бўлиш – улуғ ибодат. Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тунда масжидда намоз ўқидилар. У зотга эргашиб бир қанча саҳобалар уч кеча намоз ўқишди. Тўртинчи кеча масжидга одам сиғмай кетди. Шу кеча Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидга чиқмадилар. Тонг отганда у зот: “Сизларнинг йиғилганларингизни кўрдим. Сизларнинг олдингизга чиқишдан мени тўсган нарса шуки, бу намоз сизларга фарз бўлиб қолишидан қўрққаним”, дедилар. Бу Рамазонда бўлган эди» (Имом Бухорий ривояти).

Таровеҳ намозининг жам бўлиб ўқилиши ҳақида Абдурроҳман ибн Қорий (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ билан тарқоқ ҳолларида: кимдир ўзи намоз ўқимоқда, кимдир намоз ўқиса, бир неча киши унга иқтидо қилмоқда. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳга қасам, менимча, анавиларни бир қори(орти)га жамласам яхши бўлади”, деди. Сўнгра уларни Убай ибн Каъбнинг ортидан жамлади. Кейин, бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб намоз ўқишар эди».

– Бу қандай ҳам яхши бидъат? – деди Умар (розияллоҳу анҳу) (Имом Молик ривояти).

Ўша даврлардан бери барча мўмин-мусулмонлар таровеҳ намозини жамоат бўлиб ўқиб келмоқдалар.

Таровеҳ намозининг фазилатлари борасида эса Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бир неча ҳадислар ворид бўлган. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Рамазон (кечалари)да имон билан (Аллоҳ таолонинг унга савоб бериш ваъдасини тасдиқлаган ҳолда) ва савоб умидида (риё ва унга ўхшаш нарса учун эмас, фақат ажрни талаб қилиб намоз ўқиган ҳолда) турса олдинги ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар.

Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Албатта Аллоҳ таоло сизларга Рамазоннинг рўзасини фарз қилди, мен эса сизларга унинг қиёмини суннат қилдим. Бас, кимки имон ва ихлос билан унда рўза тутса ва қоим бўлса, гуноҳларидан онаси уни туғган кундагидек пок ҳолда чиқади”» (Имом Насоий ривояти).

Биз келтирган маълумотлар имон аҳлига жуда яхши таниш. “Такрорлашда фойда бор”, деган қадим араб нақлига кўра, яна бир бор эслатиб ўтишни лозим топдик. Токи Рамазон ойининг ғанимат лаҳзаларида бу фазилатларни биргаликда қўлга киритишни Аллоҳ таоло барчамизга насибу рўз айласин!

 

Абдумухтор МАМАСАИДОВ

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 8-сонидан