Мақолалар

Рамазон – сабр ойи: Сиз қайси томондасиз?

Чоп этилди May 16, 2019 Рамазон – сабр ойи: Сиз қайси томондасиз?da fikr bildirishni o'chirish

 

Ҳеч нарса қилмасангиз, ҳеч нарса бўлмайди.

Ҳеч нарса экмасдан ҳосил олган одамни кўрганмисиз?..

Ана шундай, азизлар. Рамазонда ҳам белингиз бўкилмаса ҳосил – савоб ололмайсиз.

Имонсизлар ёки имони заифлар рўзадорларнинг ҳолини кўриб: куннинг  иссиғида, узоғида оч-наҳор, жигари куйиб, лаби қақраб  юришининг нимаси байрам экан? деб ҳайрон бўлади.

Рамазонда уларнинг нафсига оғир келадиган нарсаларга эътибор қилинг:

  1. Саҳар вақтида ширин уйқудан кечиб саҳарлик қилиш учун мулойим тўшакни тарк этиш;
  2. Уларнинг наздида, саҳарликдан бомдодгача бўлган вақт бир асрдан узоқдек туйилади;
  3. Уларнинг фикрича, рўза тутиб эрталабдан кечгача иссиқда чидаб юришдан кўра, бирор касалликни баҳона қилиб қўя қолса бўлмасмикан;
  4. Ифторлик вақти яқинлашгани сайин уларнинг рўзанинг нимаси байрам экан? деган саволнинг жавоби яқинлашаверади, рўза тутмаган кишилар кун узоғи еган-ичганининг роҳатини билмаганидек, ифтор вақти келганда хижолат тортиб, боши эгилиб қолади;
  5. Улар ифтор вақтида ноқулай аҳволда қолгани бўлса-да, нафси устунлик қилиб, рўзадорлар шом намозини ўқишга турганларида рўзадорлар учун ёзилган дастурхондаги ноз-неъматларга ташланадилар.
  6. Улар учун таровеҳ намози деганлари азоб-уқубатнинг ўзгинаси, ахир икки соатдан ортиқ намоз ўқиш осон иш бўлибдими, ундан кўра, оёғини осмонга қилиб ётиб сериал томоша қилгани яхши эмасми?

***

1.Имони саломатлар саҳарга туришни бажонудил бажаради ва бундан роҳатланади, уйқудан кечиш машаққатига сабр қилади.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга раҳмат тилаб, дуо қиладилар», деганлар (Имом Табароний ва Ибн Ҳиббон ривояти).

  1. Имонлиларга эса бу вақт жаннат остонасида тургандек фараҳбахш онлардир, сабр билан кутадилар, ибодату зикрлар қиладилар. Зеро, «Аллоҳ сизларга осонликни истайди, қийинчиликни хоҳламайди»  (Бақара сураси, 185-оятидан).
  2. Имонлиларнинг росмана касаллари ҳам Аллоҳдан шифо истаб рўза тутишга шошиладилар, сабр-матонат кўрсатадилар. “Саноқли кунларда. Бас, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик)таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса),ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир” (Бақара сураси, 184-оят).
  3. Бу вақтда рўзадорлар кўкрагини кўтариб, кўзларида севинч нурлари порлай бошлайди, қўлларини дуога очиб Аллоҳ таолодан ҳожатларини сўрайдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рўзадор икки бор хурсанд бўлади: биринчиси – оғиз очганида (ифтор қилганида) ва иккинчиси – рўза тутиб Аллоҳга ёруғ юз билан йўлиққанида», деганлар» (Имом Бухорий ривояти).

  1. Намоздан қайтганида сурув пайҳон қилган далага ўхшаб қолган дастурхонга виқор билан келиб ўтирадилар, олдиларини йиғиштириб қўядилар.

«Аллоҳ айтди: «Рўза оловдан қалқондир, рўза Менинг учундир, унинг мукофотини Мен бераман. Зеро, рўзадор емоғини, ичмоғини, нафсоний истакларини Менинг учун тарк этади. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк ҳидидан ҳам ёқимлироқдир» (Имом Табароний ривояти).

  1. Булар учун эса, таровеҳ шайтону жинлар кишанланган ойда нафсга қарши курашдаги энг кучли қурол, Аллоҳ таолонинг Каломини хатм қилиш учун энг қулай фурсат.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонлар ичида хайр қилишда энг сахийи эдилар. У зотнинг яна ҳам сахий бўлишлари Рамазон ойига тўғри келар эди. Рамазоннинг ҳар кечасида у зотга Жаброил алайҳиссалом келиб учрашар эди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам ундан Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил келган пайтда сахийликда тез эсган шамолдек бўлиб кетар эдилар» (Имом Бухорий ривояти).

Сиз қайси томондасиз, азизим?

Дамин ЖУМАҚУЛ