Мақолалар

Эр хотинни ёки хотин эрни йўлга солади…

Чоп этилди May 17, 2019 Эр хотинни ёки хотин эрни йўлга солади…da fikr bildirishni o'chirish

– Бир даврада ноқулай ҳолатга тушиб қолдим, – дея гап бошлади танишим. – Ҳамкасбим ўзи билан бирга келган, сочига оқ оралаган кишини “укам” деб таништирди. У билан ҳол-аҳвол сўрашарканман, беихтиёр: “Фарзандлардан нечта?” дедим. Суҳбатдошим кулиб қўйди. Кейин ўзимиз ёлғиз қолганда ҳамкасбим: “Укам қирқ беш ёшдан ошди, лекин уйланмаган”, деб бунинг сабабини сўзлади. Маълум бўлишича, улар икки фарзанд экан, кичик ўғилни уйлаш тараддудида юрган ота-она касалликка чалиниб, бирин-кетин оламдан ўтишган. Улар хасталик чоғида катта ўғилга: “Энди ўзинг бош бўлиб укангни оилали қиласан-да”, дейишган экан. “Катта ҳовлида менинг оилам ва укам қолдик. Укамга муносиб қиз суриштириш ҳақида гап очгандим, хотиним буни хоҳламай катта жанжал қилди. Воқеадан хабардор бўлган укам Россияга ишлаш учун кетиб, ўн етти йилдан кейин қайтиб келди. Бу пайтда катта ўғлимни уйлантириш ҳаракатида эдик. Мен иккаласини бирга уйлантириш режасини туза бошладим, лекин хотинимнинг феъли яна ўзгарди, у менинг жигаримга лойиқ келин излашгаям, ҳовлида унинг оиласига жой ажратилишигаям қарши эди, уйда тинчлик бўлмай қолди. Буни кўриб турган укам бошқа жойга кўчиб чиқиб кетди. Мана, ҳозир менинг ўғлим икки болали бўлди, лекин укам ҳамон сўққабош… Ота-онамнинг васиятларини бажаролмадим, ака деган номим бор, холос…”, дея танишим хотинидан нолиди, ўшанда қатъиятсизлик қилганидан афсусланди.

Бу воқеа менга раҳматли бувимдан эшитган, қарийб бир аср илгари бўлган тарихни ёдга солди:

– Қайним бироз ноқобилроқ бўлганидан, қариндош-уруғ ва яқин қўшнилар қизларини беришмади. Кекса қайнонам бундан эзилиб, тез-тез касал бўлардилар, – деб ҳикоя қилгандилар бувим. – Қарасам, кунлар ўтяпти. Иш ҳеч олдинга юришмайди. Шундан кейин ўзим чеккароқдаги қишлоқлардан келинликка қиз ахтара бошладим. Ҳам далада кетмон чопиб, ҳам уйига келганда дўппи тикадиган қизнинг хабарини топдим, назаримда, шу қиз қайнимниям йўлга солиб оладигандай эди. Аллоҳ йўл бериб, ўша қизни унаштирдик. Қайним ҳали бир ишнинг бошини тутмаганди, ҳамма харажатлар учун мен билан эрим қўл дастгоҳида бўз тўқиб маблағ топардик. Тўй арафасида ямалиб-тикилаверганидан илма-тешик бўлиб кетган маҳсимнинг чок ушлайдиган жойи ҳам қолмади. Юрсам, бармоқларим маҳсидан чиқиб турарди. Шунинг учун бир куни эримга: “Менгаям битта маҳси олиб берасизми?” дебман-да… Ўша кунлари тўй харажатларини тўлиқ зиммасига олиб ҳаракатда юрган эрим: “Сен ҳали бу уйга тушириб келинмаган овсиннинг малолини оляпсанми? Унга кўйлагу маҳси олганимиз учун, айни шу пайтда сен ҳам янги маҳси кийгинг келиб қолдими?” деб шунақа жаҳл қилдики, важоҳатидан қўрқиб кетдим. Дарров узр сўрадим. Адашганимни айтдим. Йиғлаб оёғига бош қўйдим. Эрим шаҳд билан индамай чиқиб кетди… Худога шукр, янги келин, ўйлаганимиздай, удли-шудли экан, ўзиям тинмади, қайнимниям ширин тили билан йўлга солди. Ўғил-қизли бўлишди, рўзғорларини тиклаб олишди. Қайнонам хотиржам, ҳаммадан рози бўлиб оламдан ўтдилар.

Мулоҳазали, мушоҳадали, зукко газетхонлар бу икки воқеадан хулоса чиқариб оладилар, иншоаллоҳ.

Муҳтарама УЛУҒОВА

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими